Жаҳон | 14:49 / 07.11.2024
3042
2 дақиқада ўқилади

Исроил армияси Ғазо шимолидаги учта касалхонага зарба берди

Ҳужумларда "Камол Адван" касалхонасидаги болалар яраланди.

Фото: Anadolu Agency

Исроил армияси Ғазо сектори шимолидаги учта касалхонага ҳужум қилди, бир неча бола жароҳат олди.

Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош директори Мунир Абдулла ал-Буршнинг "Анадўлу" нашрига айтишича, Исроил кучлари "Камол Адван", "Ал-Ауда" ва Индонезия касалхоналарини ўққа тутган.

Унинг сўзларига кўра, ҳужум натижасида "Камол Адван" касалхонасидаги электр генераторлари ва сув идишлари зарар кўрган ва неонатал бўлимдаги баъзи болалар жароҳатланган.

Ал-Бурш, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси делегацияси ташрифи чоғида шифохоналар ўққа тутилганини таъкидлаб, Исроилнинг минтақа соғлиқни сақлаш тизимига путур етказишга уринишларига эътибор қаратди.

"Камол Адван" касалхонаси бош шифокори Ҳуссам Абу Сафие яраланган болалардан бирининг аҳволи оғир эканини айтди. Унинг қўшимча қилишича, шифохонада 120 нафар бемор ва ярадор бор, улардан 19 нафари бола ва 4 нафари янги туғилган чақалоқ.

Ўз навбатида, "Ал-Ауда" касалхонаси раҳбарияти ўз баёнотида ЖССТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасини тиббий материаллар ва ёқилғи етказиб беришда ёрдам беришга чақирди.

Баёнотда 5 октябрдан бери шифохонага ёқилғи келмаётгани, таъминот камайиб бораётгани, тиббий хизмат кўрсатишни давом эттириш учун зудлик билан дори-дармон, тиббий буюмлар, қон, озиқ-овқат ва сув зарурлиги таъкидланган.

Мавзуга оид