Жаҳон | 12:51 / 07.11.2024
3390
3 дақиқада ўқилади

РФда АҚШнинг сайланган президенти Трампга нисбатан «ҳеч қандай иллюзиялар йўқ» — ТИВ

Россия Федерацияси янги маъмурият билан ҳамкорлик қилади, Россия миллий манфаатларини қатъий ҳимоя этади ва «махсус ҳарбий операция»нинг барча мақсадларига эришишга эътибор қаратади», дейилади хабарда.

Фото: Anadolu Agency

Россияда Американинг сайланган президенти Доналд Трамп ва АҚШ Конгрессининг янги таркиби ҳақида «ҳеч қандай иллюзиялар йўқ». Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлигининг АҚШдаги сайловлар муносабати билан 6 ноябр куни идора сайтида чоп этилган баёнотида айтилади.

«Тўрт йиллик танаффусдан сўнг Оқ уйга қайтаётган Доналд Трампнинг АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозониши, шубҳасиз, америкаликларнинг Жо Байден маъмурияти натижаларидан ҳам, Демократик партиянинг шошилинч равишда амалдаги давлат раҳбари ўрнига вице-президент Камала Ҳаррис тимсолида илгари сурилган сайловолди дастуридан ҳам норозилигини акс эттиради», — дея таъкидлади Россия ТИВ.

Идора таъкидлаганидек, «демократлар томонидан либерал оммавий ахборот воситалари кўмагида маъмурий ресурслардан фойдаланган ҳолда Доналд Трампга қарши бошланган кучли ташвиқот кампаниясига қарамай, республикачи номзод ўзининг биринчи президентлик тажрибасига эга бўлиб, Оқ уйнинг глобалистик курсидан фарқли ўлароқ, сайловчиларни ҳақиқатан ҳам ташвишга соладиган иқтисодиёт ва ноқонуний миграция масалаларга таянган».

«Аммо бу сайловчилар деярли тенг бўлинган Қўшма Штатлардаги чуқур фуқаролик бўлинишини ўзгартирмайди. Аслида, гап демократлар ва республикачилар штатлари, шунингдек, «прогрессив» ва анъанавий қадриятлар тарафдорлари ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақида бормоқда. Кутиш мумкинки, Доналд Трампнинг қайтиши ички кескинлик ва қарама-қарши лагерларнинг кураши қатъийлашишига туртки беради», — деб ҳисоблайди Россия ТИВ.

Шу билан бирга, Россия идораси таъкидлашича, партияга мансублигидан қатъи назар, Қўшма Штатлардаги ҳукмрон сиёсий элита Россияга қарши муносабат ва «Москвани тийиб туриш» чизиғига амал қилади.

«Россияда яхши танилган сайланган Америка президенти ва дастлабки маълумотларга кўра, республикачилар устунлик қилаётган Конгресснинг янги таркиби ҳақида бизда ҳеч қандай иллюзия йўқ», — дея маълум қилди ТИВ.

«Россия Оқ уйда «рўйхатдан ўтадиган» янги маъмурият билан ҳамкорликда ишлайди, Россия миллий манфаатларини қатъий ҳимоя қилади ва барча эътиборни махсус ҳарбий операциянинг барча мақсадларига эришишга қаратади. Бизнинг шартларимиз ўзгармаган ва Вашингтонга яхши маълум», — дея хулоса қилди идора.

Мавзуга оид