Жаҳон | 17:32 / 08.11.2024
7513
9 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу мудофаа вазирини бўшатди: бу ғалаёнларга сабаб бўлмоқда

Сиёсатчилар Ғазодаги урушнинг бориши борасида, шунингдек, ултраортодоксларни армияга чақириш масаласида зиддиятга бориб қолишган эди.

Celal Gunes / Anadolu / Getty Images

5 ноябр куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат мудофаа вазири Йоав Галлантни истеъфога чиқарди. Бу қарор норозиликлар тўлқинини келтириб чиқарди: Галлант ҳукмрон коалициянинг ултраўнг миллатчиларга қарши тура оладиган мўътадил қаноти етакчиси ҳисобланарди. Нетаняҳу мудофаа вазири билан анчадан буён зиддиятга бориб юрганди, уни ишдан бўшатиш билан Биби ўз ҳокимиятини мустаҳкамлади, камида энг яқин истиқбол учун. Исроил тарихидаги энг ўнг бўлган ҳукумат эса янада ўнгроқ бўлди.

Нетаняҳу аввал ҳам Галлантни бўшатиб кўрган эди. Бу юз берганига кўп бўлгани йўқ, 2023 йил бошида содир бўлганди. Лекин унда давр бошқа эди, Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумигача анча бор эди. Ўшанда Галлант Нетаняҳу ҳукумати томонидан бошлаб берилган суд ислоҳотига қарши чиққанди. Юз минглаб одамлар ҳар ҳафта Исроил шаҳарларида бу ислоҳотга қарши намойишлар ўтказиб турган, Галлант эса гарчи Нетаняҳунинг «Ликуд» партияси аъзоси бўлса ҳам, кўпчилик учун қаҳрамон тимсолида намоён бўлганди. Бош вазир кўп ўтмай ўз қарорини бекор қилди ва Галлант вазир лавозимида қолди.

Энди бу воқеа такрорланмаса керак. Галлантни бўшатиш тўғрисидаги баёнотида Нетаняҳу шундай деган: «Ҳарбий ҳолатда бош вазир ва мудофаа вазири ўртасида тўлиқ ишонч ҳар қачонгидан ҳам зарурроқ. Агар кампаниянинг дастлабки ойлари бизда бундай ишонч бўлган ва биргалик кўп нарсаларга эришган бўлсак, сўнгги ойларда, афсуски, мен ва мудофаа вазири ўртасидаги ишончга путур етди».

Галлантнинг ўзи ишдан бўшаганидан сўнг Нетаняҳу билан келишмовчилигининг учта асосий сабабини санади. У Ҳамаснинг 7 октябрдаги ҳужумини суриштирувчи давлат комиссияси тузишни талаб қилган. Тўғрироғи, армия, махсус хизматлар ва мамлакат сиёсий раҳбариятининг 1200 га яқин исроиллик ўлимига ва 250 дан зиёд фуқаролар гаровга олинишига сабаб бўлган хатоларини. Нетаняҳу эса бундай комиссия айни дамда мамлакат ҳукумати ҳамда ҳарбий раҳбарияти ишига халал бермаслиги учун урушдан сўнг тузилиши керак, деб туриб олган.

Иккинчи келишмовчилик урушнинг ўзи билан боғлиқ. Галлант Ҳамас томонидан Ғазо секторида гаровда ушлаб турилганларнинг озод этилиши эвазига сулҳ тузишга тайёр эди. Нетаняҳу эса воситачилар (Қатар, Миср ва АҚШ) музокараларда таклиф этган шартларни бирин-кетин рад эта бошлади — бу гаровдагиларни озод қилиш билан биргаликда, уруш олиб боришнинг бош мақсадларидан бири эди. Галлант ва исроиллик бошқа сиёсатчилар бу мақсадлар бир-бирига зид эканини кўп такрорлаб келишган.

Учинчиси эса, афтидан, Нетаняҳу ва Галлант ўртасидаги ҳал қилувчи келишмовчилик харедим (ултраортодоксал яҳудийлар)ни армияга чақириш масаласи бўлди. Турли баҳолашларга кўра, бундай чақирув Исроил аҳолисининг 10-15 фоизини қамраб олади ва улар шу пайтгача армияда хизмат қилишдан озод этилган. Бу озодлик ҳеч қандай қонун билан мустаҳкамланмаган, шунчаки харедимларга анъанавий енгиллик ҳисобланади.

Ғазода уруш бошлангач, Галлант бошқа кўплаб исроиллик сиёсатчилар каби бу енгилликка нуқта қўйиш керак, деган баёнотлар билан чиқиш қилди. Жанговар қисмлардаги мунтазам ротацияни таъминлаш, давлатни ҳимоя қилиш юкини унинг фуқаролари орасида тенг тақсимлаш учун чақирилувчилар ва захирадагиларнинг сони оширилиши муҳим, деди у.

Бу ерда вазиятнинг мураккаблиги шундаки, харедимни биринчи навбатда ШАС ва «Яҳудут ҳат Тора» каби махсус партиялар ҳимоя қилади. Улар у қадар йирик партиялар эмас, Кнессетдаги 120 та ўриндан 18 тасини эгаллашган. Бироқ улар 64 та ўринга эгалик қилувчи ҳукмрон коалицияга аъзо. Харедимларнинг кетиши коалиция парчаланишини билдиради, бинобарин, Нетаняҳу ҳукумати ҳам таназзулга юз тутади.

Нетаняҳу ва унинг «Ликуд» партиясининг машҳурлиги ҳукумат бошлаб берган ва якунлай олмаган суд ислоҳоти туфайли тушиб кетди, айниқса 7 октябрдан сўнг. Бош вазир ва унинг девонидаги айрим аъзоларга нисбатан коррупцион ишлар бўйича жиноий ишлар юритилмоқда, агар коалиция парчаланиб, муддатдан аввал сайловлар ўтказиладиган бўлса, Нетаняҳу нафақат ҳокимиятдан, озодликдан ҳам маҳрум бўлади.

Бу ҳолат кичик партияларга Нетаняҳуни шантаж қилиш имкониятини яратади: агар у харедимларни армияга чақириш бўйича қонун лойиҳасини ишга туширса — улар коалицияни бузишади.

Етмаганига, октябрда диний партияларга мансуб депутатлар ота ишламайдиган ва армияда хизмат қилмайдиган оилаларга болалар боғчасига субсидия ажратиш бўйича қонун лойиҳасини Кнессетга киритган. Харедимларнинг кўпчилиги айнан шу вазиятда: эркаклар ишламайди, Таврот ўрганиш билан банд ва армиядан озод.

Ҳукмрон коалицияга кирувчи дунёвий партиялар (биринчи навбатда «Ликуд»)нинг кўпчилик депутатлари коалицион интизомга терс ўлароқ, уруш чоғида армияда хизмат қилишдан бош тортган одамларга қўшимча субсидиялар тақдим этувчи қонун лойиҳасига овоз бериш нияти йўқлигини маълум қилишган. Қонун лойиҳаси кўриб чиқишдан олиб ташланган.

Галлант коалициянинг мўътадил қанотининг энг кўзга кўринган вакили саналарди. У қайта-қайта харедимларни хизматга жалб қилиш тўғрисида қонунни қабул қилишни талаб қилган. Бундан ташқари, у Нетаняҳу бот-бот такрорлаб келаётган «Ҳамас устидан тўлиқ ғалаба» — бемаънилик эканини айтган. Ғазо секторида аллақачон Ҳамас ҳокимияти йиқитилган, барча маҳаллий раҳбарият ва ҳаракатнинг минглаб аъзолари ўлдирилган, Ғазо вайрон қилинган — бош вазир яна қандай «тўлиқ ғалаба»ни хоҳламоқда? Бу гапларни Галлант асосан ёпиқ эшик ортида айтган бўлса ҳам, улар дам-бадам матбуотга сизиб чиқарди.

Баъзан Галлант Нетаняҳуни ошкор бўлмаган танқид қилиш билан машғул бўлди. Айниқса, бош вазир ҳарбий операциядан сўнг Ғазодаги сиёсий вазиятни тартибга солиш бўйича бирор режа тақдим этмагани борасида. Бундай режасиз Исроил номаълум вақт мобайнида Ғазони оккупация қилиш ва унинг аҳолиси учун масъулиятни зиммасига олиши керак бўлади. Бу эса нафақат янги йўқотишлар, шунингдек, катта харажатларга ҳам олиб келади ва келгусида Исроилнинг халқаро нуфузига ҳам зиён етказади.

Галлантнинг истеъфоси Исроил ҳукуматидаги сўнгги мўътадил ва таъсир кучига эга овоз йўқ қилинганини англатади. Нетаняҳу коалиция устидан назоратини бир муштга жамлади — фақат ўнг томон катта силжиш эвазига.

Исроилнинг янги мудофаа вазири лавозимига шу вақтгача ташқи ишлар вазири бўлиб келган Исраэл Кац тайинланди. Галлант эса сиёсат билан шуғулланишдан аввал ҳарбий карьера қилган: у Ғазо секторида 2008-2009 йилларда ўтказилган «Қуйма қўрғошин» операция даврида Жанубий ҳарбий округни бошқарган. Кацга тўхталадиган бўлсак, унинг ҳарбий тажрибаси 1970-йилларда армияда хизмат қилиши билан боғлиқ. Лекин у Нетаняҳунинг узоқ йиллик дўсти ва «Ликуд»нинг содиқ аъзоси.

Нетаняҳу Галлантни истеъфога чиқарган куннинг эртасига Кнессетда ҳукмрон коалиция раҳбарияти «Ликуд»нинг икки депутати Юлий Эделштейн ва Дан Илузга нисбатан санкциялар эълон қилди. Улар колициянинг қонун лойиҳаларига қарши чиқишган (жумладан, харедимларнинг болаларига боғча учун субсидия ажратишга ҳам). Уларга қонун лойиҳалари киритиш ва партия номидан чиқиш қилиш тақиқланди. Бундан ташқари, Илуз Кнессетнинг икки — иқтисодий масалалар ҳамда ташқи ишлар ва мудофаа қўмиталаридан бўшатилди. Эделштейнни эса ташқи ишлар ва мудофаа қўмитаси раислигидан бўшатмоқчи бўлишаётгани ҳақида тахминлар бор.

Бундан ташқари, Нетаняҳу ўз коалициясини кенгайтаришга ҳам муваффақ бўлган: сентябрда унга Кнессетда тўрт ўринга эга «Янги умид — ўнг давлатчилар» партияси қўшилган. Шундай қилиб, коалиция 68 депутатгача каттарган. Кац ташқи ишлар вазиридан мудофаа вазирига айлангач, унинг ўрнини «Ўнг давлатчилар» етакчиси Гидеон Саар эгаллади.

Мавзуга оид