Жамият | 23:03 / 08.11.2024
12917
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда уйда тайёрланган консерва маҳсулотларидан еган бир оиланинг 4 аъзоси заҳарланди

Улар орасида бўлган оиланинг кенжа фарзанди вафот этган. Унинг вафоти мутахассислар томонидан турлича талқин қилинмоқда.

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида яшовчи бир оиланинг тўрт нафар аъзоси ботулизмдан заҳарланган. “Замон” информацион дастурида берилган лавҳада айтилишича, ҳодиса 2024 йил 1 ноябр куни содир бўлган.

Паст Дарғом тумани Манғитобод маҳалласида яшовчи оиланинг тўрт нафар аъзоси – эр-хотин ва икки бола уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилган ва уларнинг соғлиги ёмонлашган.

Шундан сўнг улар шифохонага ётқизилган ва текширувларда ботулизмдан заҳарланишгани аниқланган. Шифохонада оиланинг кенжа фарзанди вафот этган.

Лавҳада Паст Дарғом тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар шифохонаси шифокори бола бошқа касалликдан вафот этганини айтган.

Боланинг онаси ҳам у ўша куни консерва маҳсулоти емаганини, унда судурги касаллиги бўлганини маълум қилган.

Туман СЭС ходими эса бола ҳам заҳарланишдан вафот этгани ва юқумли касалликлар шифохонаси шифокорлари унга ташхис қўйишда адашганини таъкидламоқда.

Мавзуга оид