Жаҳон | 21:05 / 10.11.2024
17973
10 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда

Путиннинг версиясига кўра, Россия қўшини Харкив областида Украина қуролли кучларининг 15 минг кишилик икки қўшинини «блоклаган». Аслида бундай эмас — гарчи украин армиясининг вазияти чиндан ҳам ёмонлашаётган бўлса ҳам.

Сергей Бобилев / Спутник / РИА Новости / Profimedia

7 ноябр куни Владимир Путин Харкив областидаги Купянск шаҳри яқинида Украина қуролли кучларининг икки гуруҳи — 10 минг ва беш минг кишилик қўшинлар «блокланиб қолгани» ҳақида айтганди. Амалда украин кучлари муҳим транспорт тугуни ҳисобланадиган Купянск шаҳрини иккига ажратиб турувчи Оскол дарёси бўйидаги икки плацдармни ушлаб туришдадавом этмоқда. Қуршов ёки блокланиш ҳолати ҳақида гап йўқ, лекин Украина қуролли кучларининг дарёнинг шарқий соҳилидаги бўлинмалари таъминоти анчадан буён қийинлашган.

Путин аввал ҳам Курск областида икки мингга яқин украин ҳарбийси қуршовга тушиб қолгани ҳақида гапирганди, аммо Россия қуролли кучлари Суджа шаҳридан ғарбдаги Олговка ўрмонида яширинган украин бўлинмасига таъминот етказиб бериш йўлларини тўлиқ тўсиб қўя олмагани маълум бўлди.

Украин қўшини Донбасснинг марказий қисмида ҳам бир неча бор деярли қуршов ҳолатидан чиқиб кетишга муваффақ бўлди. Айни вақтда Украина қуролли кучлари қўмондонлиги минтақа жанубидаги асосий транспорт тугуни — Курахово шаҳридаги гарнизонни эвакуация қилиш зарурати қаршисида турибди, ушбу шаҳар ҳам қуршов хавфи остида қолмоқда.

Курахово ва Селидове

Селидове шаҳрини эгаллаган Россия қўшини ундан шимоли-ғарбдаги Покровск ҳамда жанубдаги Курахово сув омбори томон ҳаракатланмоқда. Олдинроқ Горнякни эгаллаган яна бир гуруҳ эса сув омборининг шарқий соҳилидан ғарбдаги ҳудудларга юриш бошлаган. Катта эҳтимол билан, РФ қуролли кучлари қўмондонлиги икки гуруҳ сув омборининг ғарбий чеккасида бирлашиши ва Покровскка олиб кетувчи йўлларни тўсиб, украинларнинг сув омборининг нариги томонида жойлашган гарнизонини қуршовга олишини режалаштирган.

Бу вақтда Кураховога жанубдан яна икки гуруҳ яқинлашмоқда, ушбу бўлинмалар яқинда Вуҳледар штурмида қатнашганди. Украина бу йўналишда мудофаани ушлаб туриш учун етарли кучга эга эмас ва Вуҳледар ҳамда Курахово оралиғидаги ҳудудда жойлашган қишлоқларни бирин-кетин топширмоқда. Россия юришининг жанубий қаноти мақсади — Курахово ва ундан ғарброқдаги Константинопол қишлоғига етиб келиб, Курахово — Запорижжя йўлини тўсиб қўйишдир.

Катта эҳтимол билан, Россия юришининг бу мақсадларига эришиш яқинланганида, Курахово гарнизони шаҳарни тарк этишга мажбур бўлади.

Шунингдек, Россия қўшини Покровск ва унга қўшни жойлашган посёлкаларга ҳам ҳужум қилишга тайёрланмоқда. Сўнгги ҳужумларга кўра, режа — шаҳарга шарқ ва жанубдан (Селидове томондан) бир вақтда етиб келиш. Ундан кейин, сўнгги ойларда кўп бор кузатилгани каби — қуршов хавфи юзага келтирилади ва штурм бошланади. Аммо Покровскдаги амалиётни Россия қўшини Кураховони эгаллашдан олдин бошлаш қийин: РФ қуролли кучлари мазкур ҳудудда бир вақтда иккита йирик юриш ўтказиш учун етарли эмас.

Торецк ва Часив Яр

РФ қуролли кучларида куч етишмовчилиги Россия қўмондонлигининг айрим режалари амалга оширилмай қолишига ва қўшинлар қонли жангларда жиддий ютуқларга эриша олмаслигига олиб келади.

Хусусан, февралда Авдийивкани эгаллаган қўшинларнинг бир қисми асосий кучлар билан Покровск томонга эмас, балки Авдийивкадан шимоли-шарқдаги Торецк агломерациясини штурм қилишга йўл олганди. Дастлабки муваффақиятлардан кейин бу қўшин Украина қуролли кучларининг захира кучлари билан тўқнашди ва кўча жангларида ўралашиб қолди. Сўнгги икки ҳафта давомида РФ қуролли кучлари мазкур ҳудудда айтарли ютуқларга эриша олмаган.

Торецкдан шимолроқда РФ қуролли кучлари Часив Ярнинг жанубий чеккаларига ёриб кирган. Часив Яр — Константиновка йўли бўйида жанглар давом этмоқда. Кўп ойлардан буён Часив Ярни мудофаа қилиб келаётган гарнизон таъминот йўлидан айрилиши, бу эса шаҳарни тарк этишга мажбур қилиши мумкин.

Купянск

Путиннинг украин қўшини Купянск атрофида «блокланиб қолгани» ҳақидаги баёноти, биринчи навбатда Кремл Харкив области шимоли-шарқидаги амалиётга катта аҳамият қаратаётганидан далолат беради.

Купянскка ҳужумлар 2023 йил қишида бошланганди. Шундан буён ҳатто биринчи мақсад ҳам бажарилмади — РФ қуролли кучлари барибир Украина қуролли кучларини Оскол дарёси ортига суриб ташлай олмади.

Россия қўшини бир неча ҳафта олдин Купянскдан жануброқда Оскол бўйига етиб келганди, аммо ҳозирча шаҳарга ёриб киришнинг уддасидан чиққани йўқ — уни Украина қуролли кучларининг бир неча бригадаси мудофаа қилмоқда, Оскол устидан ўтган кўприклар анча олдинроқ Россия авиацияси томонидан бомбардимон қилинганига қарамай, гарнизон ғарбий соҳил билан барқарор алоқага эга.

Россия қўшини дарё соҳилига етиб келган нуқтадан жануброқда Украинанинг бошқа бир гуруҳи мудофааланмоқда, бу бўлинмалар ҳам дарё бўйлаб жанубга кетувчи йўл ҳамда дарё устидан ўтган бир неча кечув йўллари орқали фронт орти билан ишончли алоқага эга — украинлар бу кечувларни бомбардимонлардан кейин тезда тикламоқда.

Россиянинг бу юришининг якуний мақсадини аниқлаш қийин: Оскол дарёсини кечиб ўтиш ва ғарбий соҳилда барқарор плацдарм ташкил этиш осон бўлмайди. Шундай экан, Купянскнинг шарқий қисмини эгаллаш юриш қилиш учун янги имкониятларга олиб келмайди. Фақат Оскол бўйлаб жанубга юриш ва Лиманга етиб бориш варианти қолмоқда. Назарий жиҳатдан, шундан кейин (агар Украина қуролли кучларида у вақтга бориб қаршилик кўрсатиш учун куч қолган бўлса) Осколнинг янада йирикроқ дарё — Шимолий Донга қуйилиш жойигача етиб бориш учун юриш қилиш мумкин бўлади.

Курск области

Украина қуролли кучлари Россия юришини Суджадан ғарбда тўхтатишга эришган. Сўнгги ҳафталарда Новоивановка посёлкаси ва Зелений Шлях хуторида жанглар давом этди. Украин қўшини бу йўналишга захира кучлар олиб келиб ташлаган ва қарши ҳужумларни давом эттирмоқда, жумладан, танклардан фойдаланган ҳолда.

Новоивановкадан шимоли-ғарбда украин қўшини (бир ҳафта олдин Путин «қуршаб олингани»ни айтган гуруҳ) Олговка атрофидаги ўрмонда қолмоқда — қишлоқнинг ўзи РФ қуролли кучлари томонидан қайтариб олинган.

Украина қуролли кучлари Курск области Глушково районидаги қўшинини Украинага қайтариб олиб кетган. Бу ерда украин қўшини барибир Веселое қишлоғини эгаллаб, Глушково райони марказига яқинлашиш вазифасини уддалай олмади. Шу билан биргаликда, ушбу гуруҳ бир неча ҳафта олдин Россиянинг каттагина кучларини ўзига жалб этишга муваффақ бўлганди. Ҳозирча олиб кетилган қўшиндан қаерда фойдаланилиши маълум эмас — Курск областида ёки Украинанинг бошқа жойида. Россиянинг Глушково атрофида бўшаган бўлинмалари катта эҳтимол билан Суджага юриш қилаётган гуруҳни кучайтириш учун олиб ўтилади.

The New York Times хабарига кўра, РФ қуролли кучлари қўмондонлиги Курск областидаги янги қарши ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплаган бўлиб, унинг таркибида КХДР ҳарбийлари ҳам бор. Манбаларга кўра, ҳудудга 10 мингдан ортиқ шимолий кореялик ҳарбийлар етиб келган.

Россиянинг бу юришидаги асосий мақсад — «Суджа» чегара ўтказиш пункти ҳамда Суджа ва Сумини боғлаб турувчи, Украина қуролли кучларининг Курск областидаги гуруҳига таъминот етказиб беришда фойдаланилаётган трассани тўсиб қўйиш ҳисобланади. Россиянинг мазкур ҳудуддаги юриши сентябр бошидан буён аста-секинлик билан кечмоқда: РФ қуролли кучлари ҳар сафар беш-етти километр масофани босиб ўтгач, артиллерия, фронт ортидаги базалар ва захира кучларни тортиб келиш учун танаффус қилади. Бунинг эвазига Украина қуролли кучлари ҳам Суджа атрофидаги мудофаани мустаҳкамлашга муваффақ бўлмоқда.

РИА Новости давлат ахборот агентлиги россиялик ҳарбийлар Курск областидаги жангларга қандай тайёрланаётгани акс этган репортажни тақдим этди.

«Арбат» алоҳида махсус топшириқли отряди (арман баталёни) жангчилари гаубицани позицияга тайёрламоқда, 2024 йил 5 ноябр. Келиб чиқишига кўра арман ҳарбийлардан тузилган кўнгиллилар баталёни Украинада 2022 йил сентябрида пайдо бўлганди. 2023 йил июлида баталён, унинг асосчиси, ДХРдаги бокс федерацияси раҳбари Армен Саркисяннинг сўзларига кўра, «шартнома имзолаб, Россия мудофаа вазирлиги таркибига кирган». Ҳозирда «Арбат» 2014 йилда ташкил этилган «Пятнашка» интернационал бригадаси таркибида ҳаракат қилади. Ўшанда Донбассда жанг қилган бу қуролли тузилма абхазияликлардан иборат эди.
Сергей Бобилев / Спутник / РИА Новости / Profimedia
«Клуни» отряди ҳарбийлари жанговар навбатчиликда. 2024 йил 6 ноябр
Сергей Бобилев / Спутник / РИА Новости / Profimedia
«Пресс» гуруҳи ҳарбийлари техникани таъмирламоқда. 2024 йил 8 ноябр
Сергей Бобылев / Спутник / РИА Новости / Profimedia
«Ахмат» махсус бўлинмасининг «Пресс» таъмирлаш-эвакуация гуруҳи ҳарбийлари Курск областидаги позицияда,  2024 йил 8 ноябр. «Ахмат» — Росгвардия бўлинмаси бўлиб, амалда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга бўйсунади.
Сергей Бобилев / Спутник / РИА Новости / Profimedia

 

«Клуни» отряди жангчилари гаубицадан ўт очишга тайёрланмоқда. 2024 йил 6 ноябр
Сергей Бобилев / Спутник / РИА Новости / Profimedia

Мавзуга оид