Ўзбекистон | 11:41 / 11.11.2024
40629
3 дақиқада ўқилади

Рамзан Қодиров Алламжоновга уюштирилган суиқасд юзасидан муносабат билдирди

Чеченистон раҳбари Ўзбекистондаги суиқасд ишида «чечен изи» борлиги ҳақида тарқатилган хабарларни сиёсий ўйин ва ўзбеклар ва чеченлар ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилган ҳаракат деб баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, бундай маълумотни тарқатганлар қидирилмоқда.

Фото: РИА Новости

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров хорижий нашрларда Ўзбекистондаги отишмага алоқадорлиги ҳақида тарқалган хабарларга изоҳ берди. У ўзининг Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга алоқадорлиги тўғрисидаги хабарларни «сиёсий ўйин» ҳамда «ўзбеклар ва чеченлар ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилган ҳаракат», дея баҳолаган.

«Ўзбекистонда бир неча ҳафта олдин ичида Президент администрациясининг собиқ ходими бўлган машинага қарата ўқ узилган эди. Ҳеч ким жабрланмади. Гумонланувчилардан бири аллақачон ҳибсга олинган, тергов барча иштирокчиларни ва суиқасд сабабларини аниқлаши керак. Бироқ, натижаларни кутмасдан, ғарбпараст ва баъзи мухолифат нашрлар «чечен изи» ҳақидаги версияни ўртага ташлади, кейин бу изни бутунлай менга боғлашди», — деб ёзган Қодиров ўзининг телеграм каналида.

Чеченистон етакчиси бу «провокация»га жавоб бермаслигини таъкидлаган:

«Мен бу провокацион нарсаларга жавоб бермайман. Қолаверса, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли барча соҳалар, жумладан, ахборот ва ҳуқуқ-тартибот тизимидаги ишлар аъло даражада. Қўшимча қиламанки, агар мен ҳақиқатан ҳам бирор нарсани режалаштирадиган бўлсам, бу ишни 100 фоиз натижа билан охирига етказаман».

Шунингдек, Рамзан Қодиров бу хабарларни сиёсий ўйин ва ўзбеклар билан чеченлар ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолаган.

«Чеченлар ва ўзбеклар тарихий ўтмиши умумий бўлган қардош халқлардир. Бизнинг умумий жиҳатларимиз жуда кўп. Шахсан мен учун Ўзбекистон – ўзбек халқини, унинг одоб-ахлоқини севган азиз отам Аҳмад Ҳожи ҳаётининг алоҳида ва муҳим қисмидир. Ва мен бу маълумотларни учинчи томонларнинг сиёсий ўйин қуроли ва мамлакатларимиз ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилган очиқ уриниш сифатида баҳолайман. Ишончим комилки, Ғарбнинг сохта услубига бошқа нашрлар ҳам эргашади. Қандай бўлмасин, мен ва Ўзбекистондаги азиз биродарларим бу провокацион маълумотлар ортида ким турганини билиб оламиз. Бу борада ишлар аллақачон бошланган», — дейди Рамзан Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура жорий йил 26 октябр куни соат 1:40 атрофида Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Ифор кўчасида икки номаълум шахс Президент администрацияси собиқ ходими Комил Алламжоновнинг автомобилига ўқотар қуролдан бир неча марта ўқ узганини хабар берган эди. Улар воқеа жойидан қочиб кетган, ҳайдовчи ва Алламжонов жабрланмаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Қибрайдаги қотилликка суиқасд ҳолати билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноятни содир этишда гумонланувчиларнинг 4 нафари ушланган. 

Мавзуга оид