Жаҳон | 09:53 / 06.12.2024
13172
4 дақиқада ўқилади

Қодиров Бастрикин, Колоколцев ва миграция сиёсатига қарши чиқди

Чеченистон раҳбари Тергов қўмитаси раҳбари ва ички ишлар вазири «ўз лавозимларига номуносиб» эканини айтди. У шунингдек, миграция масаласига тўхталиб, Ўзбекистон ва Россия президентларининг бу масалада умумий ечим топиш учун ўтказган мулоқотига гувоҳ бўлганини эслаган. 

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин ҳамда ИИВ раҳбари Владимир Колоколцевни танқид қилиб, улар «ўз жойида эмаслиги»ни айтган.

«Тепада ўтирган одамлар, Бастрикин ва Колоколцев раҳбарлигидаги тергов органлари — ўз жойида эмас», — деган Қодиров ўз жонли мулоқоти вақтида чеченистонлик ўсмир Муслим Мурдиевга қарши иш юзасидан изоҳ бераркан (иқтибос «Грозний-информ»дан).

14 ёшли Муслим Мурдиев Москвадаги «Ходынское поле» паркидаги муштлашув туфайли жамоат тартибини қўпол равишда бузиш ва зўравонлик қилишда айбланмоқда. Ўзининг версиясига кўра, у жанжал бошлаганнинг ҳужумига учраган дўстини ҳимоя қилган. Ҳодиса атрофдагилар томонидан телефонга олинган. Видео Мурдиевга нисбатан жиноий иш қўзғатиш учун асос бўлган. Бу иш бўйича яна тўрт фигурант тергов қилинмоқда, ўсмирнинг ўзи 2023 йил декабридан буён уй қамоғида ўтирибди.

Қодиров жонли мулоқот чоғида Мурдиевнинг иши билан ҳуқуқ фаоллари, депутатлар, сенаторлар ва шахсан ўзи шуғулланаётгани, ҳуқуқ-тартибот органлари эса «президент томонидан олдига қўйилган вазифаларни сифатли бажармаётгани»ни таъкидлаган. 18 декабр куни Муслим Мурдиев устидан навбатдаги суд жараёни ўтказилади. «Уни қамашмайди, у билан ҳеч нарса қилишмайди. Мен ҳамма билан шахсан гаплашдим. У тез орада қўйиб юборилади», — деган Қодиров.

Бундан ташқари, Қодиров Россиянинг ҳозирги миграция сиёсатини танқид қилган, Ўзбекистон ва Россия президентларининг бу масалада умумий ечим топиш учун ўтказган мулоқотига гувоҳ бўлганини эслаган. 

Ички ишлар вазири Колоколцев полициячиларнинг мигрантларга муносабати учун танқидга учраган.

«Колоколцев буйруқ беради: ҳозир келувчилар калтакланмоқда, олиб кетилмоқда, ҳайдаб чиқарилмоқда — бизга зарур бўлган биродарларимиз. Тағин биз билан ҳеч ким дўст бўлишни истамаслигини айтишади. Биз Украинани, Грузияни нега йўқотдик? Нима учун бошқа давлатлар билан муносабатлар кескинлашган? Чунки одамлар давлатда нималар бўлаётганини билмайди. Улар регионларга чиқишмайди ва одамлар билан гаплашмайди. Улар қонунсиз, креслоларда ўтириб, деразадан ташқарида нима бўлаётганига қарамайди. Худо уларни албатта жазолайди», — деган Қодиров.

Қодиров олдин ҳам Бастрикинни танқид қилганди. Доғистондаги теракт ва Ростовдаги тергов изоляторида маҳбуслар ходимларни гаровга олишидан кейин Тергов қўмитаси раҳбари бунда «мусулмон террорчилар»ни айблаб, ниқоб тақиқланишини ёқлаганди. Чеченистон раҳбари эса бунга жавобан мусулмонлар теракт қилмаслигини айтганди.

2024 йил октябр ойида РФ миграция сиёсати қатъийлаштирилишини «инквизиция»га қиёслаб, уни қайта кўриб чиқишга чақирганди.

  • 4 декабр куни Қодиров Чеченистон аҳолиси учун жонли мулоқот ўтказди, у бу тадбирга Украинадаги урушда ўлжа қилиб олинган зирҳли транспортёрда (БТР) — 12 нафар украиналик ҳарбий асир билан бирга ташриф буюрди. Трансляцияда унинг асирлар билан мулоқотидан парча намойиш этилган, унда Чеченистон раҳбари «қаҳрамонлардек ҳалок бўлиши» учун асирлардан бирига ўзини отиб ташлашни таклиф қилади.

Мавзуга оид