Спорт | 16:38 / 12.11.2024
5641
5 дақиқада ўқилади

Амстердамдаги можаро: аслида нималар бўлди?

Исроиллик мухлислар Фаластин байроғини ёқишган ва кўчаларда «Йўқолсин Фаластин!» дея ҳайқиришган.

Фото: Global Look Press

Европа Лигаси доирасида Амстердамнинг «Аякс» ҳамда Тел-Авивнинг «Маккаби» жамоалари ўртасидаги учрашувда спорт нуқтайи назардан айтарли интрига йўқ эди. Шундай бўлди ҳам.

Нидерландия бош жамоаси Исроил бош жамоасини 5:0 ҳисобида енгди. Аммо ўйин атрофидаги воқеалар шунчалик жиддий тус олдики, у ҳақда Америка президентигача муносабат билдирди.

Қуйидаги видеода воқеалар ривожи келтирилади.

Ким бошлади?

Аввал нималар бўлгани ҳақида икки оғиз. Тармоқда ёппасига нидерландиялик маҳаллий фуқаролар Маккаби билан Амстердамга борган исроиллик мухлисларни ушлаб ураётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Жанжал шу қадар катталашиб кетдики, бир эмас иккита давлатга урушаётган Исроил мудофаа армияси мамлакат фуқароларини Нидерландиядан олиб келиш учун махсус кучлар ва иккита самолёт юборишга тайёр эканини маълум қилди. Нидерландияда чинакам дипломатик низо авж олди.

Бу ҳолатни ҳар ким хоҳлаганича талқин қилди. Исроил нашрлари табиийки, «Маккаби» мухлислари яҳудий бўлгани учунгина таъқиб қилингани ҳақида хабар берди. Араб нашрларида эса исроиллик мухлислар Амстердамда Фаластин байроғини ёқиб провокация қилишгани айтилади.

Бу икки хил ёритишни кўрган одамлар ҳам табиийки иккита бўлинди. Лекин на у томондагилар, на бу томондагилар гап аслида нимада эканини билгиси келмади.

Тўқнашувлар тинчиганидан сўнг нидерландиялик полициячилар воқеалар мотиви билан боғлиқ илк расмий версияларни билдира бошлашди. Амстердам полицияси тартибсизликларни бартараф этиш бўлими раҳбари Петер Ҳолл исроиллик ва маҳаллий мухлислар ўртасидаги можаро бошланишига сабаб бўлган омилларга тўхталди. Унинг сўзларига кўра, жанжал бошланишига олиб келган ҳолатлардан бири - исроиллик мухлислар маҳаллий уйлардан бирининг балконида осиғлиқ турган Фаластин байроғини йиртиб олиб, бу ҳолатни интернетга тарақатгани бўлган. Бундай видео чиндан тармоқда тарқалганди. Унда исроиллик мухлислар Фаластин байроғини йиртиб олиб «Йўқолсин Фаластин!» деб бақириб байроқни ёқишади.

Шундан кейин ғазаб отига минган маҳаллий мухлислар «Маккаби» мухлисларини калтаклашга тушишади. Маҳаллий таксичилар ҳам исроилликларни қувиб боришади. Меҳмон мухлисларнинг кўпчилиги қўриқчилар томонидан жиддий қўриқланадиган казинога яширинган. Нидерландияликми ёки муҳожирларми, ким экани номаълум бўлган бир гуруҳ одамлар исроиллик мухлисларни тўхтатиб, уларнинг паспортини кўздан кечириб Исроил фуқароси эканига ишонч ҳосил қилгач, калтаклаб, видеога олишгани акс этган видеолар ҳам тарқалди. Исроилнинг бир неча фуқаросининг паспорти йўқолган.

Исроилдан келган мухлислар эса провокацион ҳаракатларини тўхтатишмаган. Улар Амстердам кўчалари бўйлаб Фаластинни инглиз тилида ҳақоратлаб бақиришган. Бу эса жанжал катталашишига олиб келади.

«Аякс» клуби ҳамда Амстердам шаҳри мэри Фемке Халсема маҳаллий мухлисларнинг исроилликларга «ов бошлагани»ни қоралади. Дунёдаги кўплаб сиёсатчилар, хусусан, АҚШ президенти Жо Байден ҳам Амстердамдаги воқеаларни антисемитизм деб баҳолади.

Бироқ мусулмон олами Нидерландиядаги воқеаларда исроиллик мухлисларни айблашди. Кўпчилик мусулмонлар Исроил клуби мухлислари Фаластин байроғини таҳқирлаш орқали катта провакация қилган деб ҳисобламоқда. «Аякс»нинг собиқ футболчиси, марокашлик Ҳаким Зиёш «Улар олдида аёллар ва болалар бўлмаса, қочиб қолишади» деб ёзди. Бу билан Исроил армияси Ғазода минглаб аёллар ва болаларни ўлдирганига ишора қилди.

Нидерландия учун муаммо

Европа Лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташланган вақтдаёқ Нидерландия ҳукумати «Аякс» «Маккаби» билан ўйнашидан ҳафсаласи пир бўлгани тайин. Чунки Амстердам Европанинг мусулмон муҳожирлар энг кўп яшайдиган шаҳарларидан бири. Ғазода бир йилдан буён уруш давом этаётган бир вақтда исроиллик мухлислар шаҳарга келиши тартибсизлик келтириб чиқаришини тахмин қилиш қийин эмас.

Шу боис, шаҳар полицияси «Аякс»нинг бу галги ўйинига одатдагидан кучлироқ тайёргарлик кўрди. Ўйиндан олдин бир гуруҳ нидерландияликлар исроиллик мухлислар статионга кириб келаётган вақтда Ғазодаги урушни қоралаб тинч намойиш ўтказиш бўйича ариза берган. Полиция намойишга розилик берган, лекин хавфсизлик нуқтайи назаридан уни стадион олдида эмас, Антон де Комплейн майдонида ўтказишни сўраган.

Мавзуга оид