Жаҳон | 17:37 / 21.11.2024
22796
3 дақиқада ўқилади

Халқаро жиноят суди Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берди

Ҳаагадаги суд Исроил бош вазири Бинямин Нетаяҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни Ғазо секторидаги ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларда гумонламоқда.

Бинямин Нетаяҳу ва Йоав Галант / Фото: Pool

Халқаро жиноий суд (ХЖС) Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва 5 ноябр куни истеъфога чиқарилган мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда суд пресс-релизида сўз боради.

Суд Нетаҳяҳу ва Галантни 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майга қадар Ғазо секторидаги ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларда айбламоқда.

Халқаро жиноий судга кўра, одатда ҳибсга олиш ордерлари «махфий» тамғаси остида таснифланади, аммо бу ҳолатда ушбу маълумотни эълон қилишга қарор қилинган, чунки ордерда кўрсатилган ҳолатлар ҳамон давом этмоқда.

Эндиликда, Рим статути (Халқаро жиноий суднинг асос ҳужжати)ни ратификация қилган мамлакатлар Нетаняҳу ва Галантни ҳибсга олиш мажбуриятига эга.

ХЖС, шунингдек, ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти раҳбари бўлган Муҳаммад Дейфни ҳам ҳибсга олишга ордер берган. Аммо Исроил ҳарбийлари Дейф июл ойида Ғазога қилинган ҳужум оқибатида ўлдирилганини билдирган.

Бу уч нафар шахсни ҳибсга олишга ордер берилишини 2024 йил май ойида ХЖС прокурори Карим Хон сўраган эди. Шунингдек, у ҲАМАСнинг яна икки етакчиси — Яҳё Синвар ва Исмоил Ҳаниянинг ҳибсга олинишига ҳам ордер берилишини сўраганди. Ўтган вақт давомида Синвар Ғазо секторида, Ҳания эса Теҳронда ўлдирилди.

Нетаняҳу ХЖС прокурорининг сўровини «можароли» деб атаб, бу на уни ва на Исроилни тўхтата олишини таъкидлаганди. Июн ойида Халқаро жиноий суд Нетаняҳу ва Галантнинг ҳибсга олинишига ордерлар берилиши бўйича қарорни кечиктиргани маълум бўлди. Бунга Буюк Британия 10 июн куни ХЖСнинг Исроил борасидаги юрисдикциясига нисбатан танбеҳ бериш юзасидан ариза киритгани сабаб бўлган. Аммо Британияда ҳукумат алмашганидан кейин ушбу ариза қайтариб олинган.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро жиноят суди 2023 йил март ойида Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ҳам ордер берганди. Путин Украинанинг босиб олинган ҳудудларида болаларни Россияга ноқонуний депортация қилганликда гумонланмоқда.

  • Айни пайтда, БМТнинг Халқаро адолат судида (ХЖСдан алоҳида юрисдикция) Жанубий Африка Республикасининг Ғазода Исроил томонидан геноцид амалга оширилаётгани ҳақида киритган даъвоси бўйича суд жараёнлари ҳам давом этмоқда.

Мавзуга оид