Жаҳон | 14:54 / 22.11.2024
7587
3 дақиқада ўқилади

Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди

Ҳамас етакчиси Дейф билан бирга Нетаняҳу ва Галантни ҳибсга олиш учун ордер берган Халқаро жиноий суднинг адолатлилиги масаласида дунё давлатлари ҳукуматлари аъзоларининг фикрлари турлича.

Фото: AP

Халқаро жиноий суд Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер бергани «ғазабланарли». Бу ҳақда 21 ноябр, пайшанба куни АҚШ президенти Жо Байден баёнот берди.

«Халқаро жиноий суднинг Исроил раҳбарларига нисбатан ҳибсга олиш учун ордер бергани ғоят ғайритабиийдир. Яна бир бор аниқ айтиб ўтаман: ХЖС нима демасин, Исроил ва Ҳамас ўртасида тенглик йўқ. Биз таҳдидларга қарши доимо Исроил билан бирга бўламиз, унинг хавфсизлиги учун ишлаймиз», дейилади Оқ уй матбуот хизмати томонидан эълон қилинган ҳужжатда.

Аввалроқ АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши АҚШ «(ХЖС) прокурорининг ҳибсга олишга ордер беришдаги шошқалоқлиги ва бу қарорга олиб келган муаммоли процессуал хатолардан қаттиқ хавотирда экани» ҳақида баёнот тарқатган эди.

Исроил ҳам, АҚШ ҳам ХЖС юрисдикциясини тан олмайди. Суднинг ўз «полицияси» бўлмагани учун Рим статутига аъзо бўлган 124 давлат унинг қарорлари ижроси учун масъулдир, дея эслатади AFP.

Айни пайтда, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Бинямин Нетаняҳу ва Йоав Галантнинг ХЖС ордерларига мувофиқ ҳибсга олиниши мажбурий қарор эканини айтди. «Бу сиёсий қарор эмас ва суд қарори ҳурмат қилиниши ва амалга оширилиши керак», деди Боррел 21 ноябр куни Иорданиядаги матбуот анжуманида журналистларнинг изоҳ бериш сўровига жавобан. 

АҚШ Сенати Исроилга қурол етказиб беришни блоклашни рад этди

20 ноябр куни АҚШ Сенати кўпчилик овоз билан АҚШнинг айрим қурол-яроғ тизимларини Исроилга етказиб беришга тўсқинлик қилувчи учта резолюцияни рад этди. Бу ҳақда dpa агентлиги ва The Hill интернет нашри хабар берди.

Аниқлик киритилишича, резолюциялар танк қуроллари ва гранатомётлар учун баъзи ўқ-дорилар, шунингдек, бомбаларни бошқариш мосламаларига тегишли. Ҳужжатлар муаллифлари АҚШ президенти Жо Байденнинг Исроилга нисбатан сиёсатини маъқулламайдиган демократлар гуруҳи ва уларнинг иттифоқчиси, мустақил сенатор Берни Сандерс эди.

The Hill таъкидлаганидек, Сандерс резолюциялар «Ғазо сектори ва Ливанда тинч аҳолига нисбатан ҳалокатли оқибатларга олиб келган ҳужумкор қуролларга» қарши қаратилганлигини таъкидлади. Сенаторнинг айтишича, чекловлар Исроилнинг ҳужумлардан ўзини ҳимоя қилиш қобилиятига таъсир қилмайди, бироқ унинг таклифларига қарши чиққан қонун чиқарувчилар бунга рози эмас.

Мавзуга оид