Жаҳон | 13:50 / 22.11.2024
9971
10 дақиқада ўқилади

Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазодаги зулм миқёси инсонни ҳайратга солади: исроиллик снайперлар ҳаттоки болаларни ҳам аяшмаяпти. Бу британиялик жарроҳнинг сўзлари.

Ғазода бир ой ишлаган британиялик жарроҳнинг хабар беришича, у бошидан ўқ еб жароҳатланган бир неча болани даволаган ва уларнинг барчаси исроиллик снайперлар томонидан «мақсадли нишонга олинган».

«Биз снайпер ўқидан жароҳатланган — фақат бошига бир марта ўқ узилган кўплаб болаларни кўрдик. Уларга исроиллик снайперлар мақсадли ўқ узгани кўриниб турганди, бунақа воқеалар ҳар куни бўлиб турганди», — деган Низом Мамуде Буюк Британия жамоат палатасининг халқаро ривожланиш бўйича қўмитасида Ғазодаги ҳуманитар вазият бўйича чиқиш қила туриб.

Мамуде, шунингдек, Ғазодаги «Носир» шифохонасида даволанган беморларнинг 60-70 фоизи аёллар ва ёш болалар бўлгани, фаолияти давомида ҳали бунақасига дуч келмаганини ҳам таъкидлаган.

«Мен жаҳоннинг кўплаб қайноқ нуқталарида, жумладан Руандадаги геноцид чоғида ҳам ишлаганман. Лекин бунақасига дуч келмаган эдим», — деган у.

Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер

Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантни ҳибсга олиш учун ордер берди. Шунингдек, Ҳамас раҳбарияти вакилларига ҳам ордер берилган.

Суд Нетаняҳу ва Галлантни ҳарбий жиноятларга қўл урганлик, чунончи очарчиликдан уруш воситаси сифатида фойдаланганлик, тинч аҳолига қасддан ҳужум қилганликда айблаган.

Нетаняҳу ва Галлант 1998 йилда қабул қилинган Рим статутини имзолаган ҳар қандай давлатга борса ҳибсга олиниш таҳдиди остида қолди.

Туркия Нетаянҳуни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерни олқишлади. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги вакили Умир Челик ҳар икки яҳудий сиёсатчиси «эртами-кечми геноцид учун жавоб бериши»ни таъкидлади.

«Бу қарорни антисемитизм деб аташ – геноцидни яширишга уринишдир. Бу қарор инсоният қадриятларини ҳимоя қилишга йўналтирилган», — деган Челик.

Европа иттифоқининг ташқи сиёсат масалалари бўйича олий вакили Жозеп Боррел Халқаро жиноят судининг Нетаняҳу ва Галлантни ҳибсга олиш бўйича берган ордери Исроил томони таъкидланаётганидек «сиёсий» масала эмаслигини айтган.

Боррелга кўра, Ҳаага суди қарорлари ҳурмат қилиниши ва бажарилиши лозим.

«Яқин Шарқда бўлаётган воқеаларни тасвирлашга тил ожиз. Ғазодаги қурбонларнинг 70 фоизи аёллар ва ёш болалар, мен яҳудий манзилгоҳларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни импорт қилмасликка чақираман», деган эди Боррел аввалроқ.

Франция ҳам Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди қарорини қўллаб-қувватлади. Бироқ Нетаняҳу Францияга келса ҳибсга олиниши ҳақида аниқ жавоб бермади.

Франция ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Кристоф Лемуан матбуот анжуманида «бу юридик жиҳатдан мураккаб савол, шу сабаб бугун мен бу саволга шарҳ бермоқчи эмасман», деб жавоб берган.

Швейцария агар Нетаняҳу бу мамлакатга келса, албатта ҳибсга олиниб, Ҳаага судига топширилишини маълум қилди.

Украинага зарба берган ракета

Россия илк марта Украинага энг қудратли ракета билан зарба берди. Аввалига «Рубеж» қитъалараро баллистик ракетаси дейилган, кейинроқ Владимир Путин томонидан ўрта масофали янги «Орешник» ракетаси деб аталган қурол билан Днипро шаҳрига зарба берилган.

Бу ракета билан бир қаторда «Кинжал» гипертовушли ракетаси ва еттита Х-101Б қанотли ракеталари учирилган. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бу ракеталарнинг олтитасини уриб туширган.

«Рубеж» — Россиянинг 2006 йилдан буён ўрта ва яқин масофадаги ракеталар тўғрисидаги шартномани бузган ҳолда олиб борган махфий ишланмаси маҳсули. Ракета ядровий каллак ҳам ташиши мумкин, унинг аниқ характеристикалари номаълум.

Зарба натижасида икки киши жабрланган. Саноат корхонаси, имконияти чекланган инсонлар реабилитация маркази, турар жойлар ва гаражлар талафот кўрган.

Украина президенти Володимир Зеленский бу қитъалараро баллистик ракета бўлганини тасдиқлаган.

«Бугун Россия янги ракетаси зарба берди. Тезлиги, учиш баландлигига кўра у қитъалараро баллистик ракета. Ҳозир экспертиза давом этмоқда. Путин Украинадан полигон сифатида фойдаланаётгани кўриниб турибди», — деган Зеленский.

Украина қуролли кучлари ҳам 21 ноябр куни Днипрога қитъалараро баллистик ракета билан зарба берганини хабар берди. Бу уруш шароитида бундай қудратли қурол ишга солинган илк ҳолат. Қитъалараро баллистик ракета 5 минг км масофага ядровий каллакни элтиши ҳам мумкин.

Аввалроқ Украина қуролли кучлари Британиянинг Storm Shadow қанотли ракеталари билан Россиянинг Курск областидаги қўмондонлик пунктига зарба берган эди. Камида 18 киши ҳалок бўлгани ва 33 киши яралангани хабар қилинмоқда.

Яраланганлар орасида КХДРнинг уч нафар ҳарбийси бор. Жабрланганларнинг аксарияти Жанубий ва Шарқий ҳарбий округ офицерлари. Зарба чоғида қўмондонлик пунктида Ленинград ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари генерал-лейтенант Солодчук ҳам бўлган. Унинг аҳволи ҳақида маълумот йўқ.

Вайроналар тозаланаётганда яна бир ўқ-дори портлаган ва 13 киши жароҳатланган. Жабрланганлар орасида полк штаби бошлиғи ўринбосари бор.

Путиннинг таҳдидли чиқиши

Курстдаги қўмондонлик пунктига зарбага жавобан Украинада қитъалараро баллистик ракета ишлатилганидан сўнг Россия президенти шошилинч мурожаат билан чиқиш қилди.

19 ноябр куни Украина 6 та ATACMS ракеталари, 21 ноябр куни эса Storm Shadow ракеталари билан Брянск ва Курск областларига ҳужум қилди, деб ўз гапини бошлаган Путин.

«Бу зарбалардан сўнг Украинадаги қарама-қаршилик глобал характер элементларига эга бўлди. Бунга жавобан Россия кучлари Днепрдаги Южмаш заводига ядровий каллаксиз гипертовушли «Орешник» баллистик ракетаси, Украина мудофаа саноати комплексига қарата комбинациялашган зарбаларни берди», — деди Путин ўз чиқишида.

«Биз объектларимизга қарши ўз қуролларидан фойдаланишга рухсат бераётган давлатларнинг ҳарбий объектларига қарши ўз қуролларимизни ишга туширишга ўзимизни ҳақли деб ҳисоблаймиз», — деди Россия президенти.

«Зарурият туғилганда жавоб чораси сифатида Украина ҳудудида «Орешник» каби тизимлардан фойдаланар эканмиз, биз аввалдан тинч аҳоли ва у ерда ишлаётган дўстона давлатлар фуқароларни хавфли зоналарни тарк этишдан огоҳлантирамиз», — деди Путин.

Владимир Путин Россия эмас, айнан АҚШ халқаро хавфсизлик тизимини бузганини таъкидлади.

«Биз ҳар қандай воқеалар ривожига тайёрмиз. Кимдир бунга шубҳа қилса, бекор қилади. Жавоб ҳар доим бўлади», — деб ўз сўзини ниҳоялаган Путин.

Янги деб аталаётган «Орешник» қитъалараро баллистик ракетаси ҳақида. Бу ракета ҳақида бирорта очиқ маълумот йўқ. На харакатеристикаси, на синовлар, на унинг яратилиш тарихи ҳақида. «Орешник» ракетаси РС-26 «Рубеж» ракетасининг ишчи ҳужжатлардаги янги номи ҳам бўлиши мумкин. Россия кўпинча иккиланган номлардан фойдаланади. Масалан, Х-101 ракетасини «504-буюм» деб ҳам аташади.

Янги ва ҳеч кимга номаълум «Орешник» ракетаси тўғрисидаги баёнотлар Ғарбга босим ўтказиш ва Украинани қўрқитиш учун психологик трюк бўлиши ҳам мумкин.

Россия, бундай ракеталарнинг бир нечта тажриба нусхасига эга бўлиши эҳтимолли ва улардан бири Днипро шаҳрига нисбатан қўлланган. АҚШ бу ракеталардан фойдаланиш имкониятини аввалдан билган ҳамда Украина ва бошқа давлатларни огоҳлантирган.

АҚШ Украина шу пайтгача Россиянинг жанговар каллаги Днепрга учирилган қитъалараро баллистик ракетасиникидан «каррасига катта бўлган» ва «сон-саноқсиз» ракета ҳужумларига дош берганини таъкидлаган.

Учинчи жаҳон уруши бошландими?

Украина қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони, айни пайтда мамлакатнинг Буюк Британиядаги элчиси Валерий Залужний 2024 йилнинг кузида учинчи «жаҳон уруши» бошланганини маълум қилди.

«Менимча, 2024 йилга келиб биз учинчи жаҳон уруши бошланди, деб аниқ айта оламиз. Чунки 2024 йилга келиб Украина қаршиси битта Россия тургани йўқ. Аскарларимиз қаршисида шимолий кореялик аскарлар ҳам турибди», – деган Залужний.

«Келинг, очиқчасига айтайлик. Украинада ҳозир Эронда ишлаб чиқарилган «Shohid» дронлари ҳеч кимдан ҳайиқмасдан, очиқчасига тинч аҳоли вакилларини ўлдирмоқда. Украинага Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракеталар учмоқда, уларнинг ўзи буни очиқча тан олмоқда. Украинада Хитойда ишлаб чиқарилган снарядлар ёрилмоқда, шаҳарларимиз томон учаётган Россия ракеталарида Хитой деталларидан фойдаланилмоқда», — дея қўшимча қилган собиқ ҳарбий қўмондон.

Унинг айтишича, жаҳон ҳамон Украина ҳудудидаги урушни тўхтата олиши мумкин, бироқ Киевнинг ҳамкорлари зарур чораларни қўллашга шошилмаяпти. «Худонинг ўзи бутун дунёга тўғри хулоса чиқариш учун имконият бермоқда. Лекин буни негадир тушунишни исташмаяпти», – деган дипломат.

Мавзуга оид