Жаҳон | 13:59 / 21.12.2024
4008
8 дақиқада ўқилади

Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил армияси Ғазо шимолидан мажбурий кўчирилган фаластинликларнинг ўз ерларига қайтишини бутунлай тақиқлашни режалаштирмоқда.

Исроил оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, аввал 70 минг фаластинлик яшаган ҳудуддан 65 минг одам чиқариб юборилган, қолганлар эса аҳоли зич тўпланган вақтинчалик бошпаналарда яшашга мажбур бўлган.

Сиёсий кўрсатмаларга кўра, Исроил ҳарбийлари Ғазо шимолининг учдан бир қисмини одамларсиз ҳудудга айлантиришни кўзламоқда. Жабалия, Байт Ҳанун ва Байт-Лаҳия шаҳарлари вайрон бўлиб, аҳолисиз қолиши режалаштирилган.

Бу орада Ғазода сув олиш учун навбатда турган камида 10 нафар фаластинлик Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлгани маълум қилинмоқда. Human Rights Watch ташкилоти Исроилни фаластинликларга нисбатан геноцид амалга оширишда айблади.

HRW маълумотига кўра, Исроил фаластинликларни ичимлик сувидан махсус маҳрум қилиб келмоқда.

Халқаро кузатув ташкилоти ҳисоботида Исроил Ғазо аҳолиси учун яшаш шароитларини махсус ёмонлаштириб, фаластинликларнинг қисман ёки тўлиқ жисмонан йўқ қилинишига йўл очгани таъкидланган.

Исроил армияси Сурия аҳолисига ўт очди

Суриядаги Дараъа вилоятида Исроил армияси ҳудудий оккупацияга қарши норозилик билдирган маҳаллий аҳолига ўт очди. Бир киши яраланди, деб хабар беради маҳаллий ОАВ.

Ёрмук дарёси ҳавзасида жойлашган Маария қишлоғи яқинидаги ташландиқ армия постида йиғилган сурияликлар Исроилнинг ҳудудий оккупациясини тўхтатишни талаб қилишди. Улар янги Сурия маъмуриятини оккупацияга қарши чора кўришга чақирди ва Исроил ҳарбийларининг қишлоқ хўжалиги ишларига тўсқинлик қилаётганидан шикоят қилишди.

Исроил армияси эса аҳолининг ҳаракатини тўхтатиш мақсадида ўт очганини маълум қилди. Бир суриялик аниқ ўқ еб яраланган.

Нетаняҳу Полшага боришдан қўрқмоқда

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Освенцим концлагери озод қилинганининг 80 йиллигига бағишланган маросимда иштирок этмайди. Полшада унинг ҳибсга олиниши эҳтимолидан қўрқяпти, деб ёзади Rzeczpospolita газетаси.

Полша ҳукумати халқаро ордерга амал қилишини таъкидлаган. Варшавадаги расмийлар Исроил ҳукумати бу масалада мулоқот қилмаганини билдирди.

Освенцим маросими 27 январ куни, Ҳолокост қурбонларини хотирлаш халқаро кунида ўтказилади. Маросимга ўнлаб давлат раҳбарлари, жумладан, Британия қироли Чарлз III иштирок этиши кутилмоқда.

Украинага ёрдам

Европа Иттифоқи 2025 йилда Украинага 30 млрд евро молиявий ёрдам тақдим этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ саммитида маълум қилди.

Ёрдам Россиянинг музлатилган активларидан 18 млрд евро ва Европа Тинчлик Жамғармасидан 12,5 млрд евро қўшимчани ўз ичига олади.

Украинага ушбу маблағ Россия босқини бошланганидан буён тақдим этилган 130 млрд еврога қўшимча бўлади. Европа Иттифоқи Украинага ҳар ой 1,5 миллиард евро кўринишида мунтазам ёрдам беришни режалаштирган.

АҚШ бошчилигидаги Рамштайн формати доирасида тузилган «дронлар коалицияси» 2025 йилнинг январидан Украинага ўн минглаб учувчисиз учоқларни етказиб беришни бошлайди.

Коалиция таркибига 20 дан ортиқ давлат кириб, улар Украина қуролли кучларини қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда.

Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари Люк Полларднинг айтишича, бу ташаббус Украина ҳарбийларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш ва Россияга қарши туриш жараёнида уларни янгиликлар билан таъминлашга қаратилган.

Буюк Британия шунингдек, Украинага янги 286 миллион долларлик ҳарбий ёрдам тақдим этган. Бу маблағ ҳаво мудофааси тизимлари ва денгиз кучларини ривожлантиришга сарфланади.

Рилск шаҳрига ракета ҳужуми

Курск областидаги Рилск шаҳрига қилинган Украинанинг ракета ҳужуми натижасида олти киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлди. Ҳодиса натижасида 10 киши, жумладан, 13 ёшли бола жароҳатланди. Бу ҳақда Курск областининг вақтинчалик губернатори Александр Хинштейн ўз Telegram-канали орқали маълум қилди.

Хабарларга кўра, ҳужум натижасида шаҳарнинг маданият уйи, 1-умумтаълим мактаб биноси, ОМК номи билан танилган ишлаб чиқариш корхонаси, Рилск авиация коллежи ва бир қатор хусусий уйлар, офис бинолари, шунингдек, 15 та автомобилга зарар етган. Шунингдек, ФҲДЁ биноси ва кўп қаватли уйлардаги ойналар шикастланган.

Ҳозирда фавқулодда хизматлар ҳодиса жойида иш олиб боряпти. Жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва зарар кўламини баҳолаш ишлари давом этмоқда. Ҳужум оқибатлари юзасидан текширув ишлари бошланган.

Гуржистон ЕИ талабларига қулоқ тутмоқда

Гуржистон ҳукумати Европа Кенгаши билан «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда бош вазир Ираклий Кобахидзе билдириб ўтди.

Кобахидзе қонунчиликни қайта кўриб чиқиш зарур бўлса, асосланган далиллар келтирилиши кераклигини таъкидлади.

Европа Кенгаши Бош котиби Ален Берсега кўра, Гуржистон ҳукумати мазкур қонунга ўзгартиришлар киритишга ва Европанинг Венеция комиссияси билан ҳамкорликда иш олиб боришга ваъда берган.

Бу қонун асосан мамлакатда хорижий манбалардан молияланадиган ташкилотларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган, аммо унга нисбатан танқидлар ҳам мавжуд.

Европа Кенгаши ва Гуржистон ўртасидаги ушбу ҳамкорлик жараёни ҳукуматнинг Европа Иттифоқи талабларига мослашувида муҳим қадам саналади.

Ғарбий Африканинг ягона валютаси

Ғарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Ҳамжамияти (ECOWAS) ягона валюта — ЭКОни жорий қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирди. Пандемия туфайли 2020 йилда кечиктирилган лойиҳа учун янги старт санаси 2027 йил этиб белгиланди.

ЭКО валютаси Нигерия, Сенегал ва яна 10 та ECOWAS аъзоси учун иқтисодий ўсиш ва фаровонликни рағбатлантириш мақсадида жорий қилинади.

Янги валюта савдо харажатларини камайтириб, турли миллий валюталардан фойдаланиш туфайли юзага келаётган муаммоларни енгиллаштиради.

Бошланғич босқичда миллий валюталар ва ЭКО бир вақтнинг ўзида муомалада бўлиши режалаштирилган.

Йўқолган Boeing-777 изидан

Малайзия MH370 рейси бўйича учиб ғойиб бўлган самолётининг қолдиқларини қидиришни қайта бошлайди. Бу ҳақда транспорт вазири Энтони Лок жума куни матбуот анжуманида маълум қилди.

2014 йил 8 март куни йўқолган Boeing 777 самолёти Куала-Лумпурдан Пекинга учаётган пайтида радарлардан ғойиб бўлган эди. 227 йўловчи ва 12 экипаж аъзосини ташиган самолёт сўнгги марта Ветнам диспетчерлари билан алоқага чиққан. Самолёт Андаман денгизига қараб йўналишини ўзгартириб, радарлардан йўқолган.

2018 йилда Ocean Infinity компанияси қидирув ишларини олиб борган, аммо асосий корпус топилмаган. Янги зона Ҳинд океанида 15 минг км кв ҳудудни қамраб олади.

Вазир Лок халқаро экспертлар маълумотлари асосида янги қидирувларни бошлашни қонуний деб баҳолади. Йўловчиларнинг яқинлари бу қарорни қўллаб-қувватламоқда, аммо қидирувлар тезкорлик билан амалга оширилишини талаб қилмоқда.

Амазонкада кашф қилинган янги 27 тур

Перунинг Амазонка ҳудудида ўтказилган илмий экспедиция давомида капалак, балиқ ва сув муҳитига мослашган пардали тўпиқли қуён каби 27 янги тур аниқланди.

АҚШнинг Conservation International нотижорат ташкилоти маълумотига кўра, экспедиция шу йилнинг июн–июл ойларида Амазонканинг Алто-Майо қўриқхонасида 38 кун давом этди.

Кашф қилинган турлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • 4 та сут эмизувчи;
  • 8 та балиқ;
  • 3 та амфибия;
  • 10 та капалак.

Тадқиқотнинг диққатга сазоворлиги пардали тўпиқли қуённинг кашф қилиниши бўлди. Шунингдек, узоқ вақт қуруқликда тирик қоладиган ботқоқ илонбалиғи ва ўзига хос тузилишга эга лаққа балиғи аниқланди.

Илмий ишлар чоғида Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг (IUCN) қизил рўйхатига киритилган, йўқолиш хавфи остидаги 49 тур қайд этилди. Тадқиқот давомида 2000 дан ортиқ турдаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳам ҳужжатлаштирилди.

Бу ҳали ҳаммасимас, кузатувларда ҳужжатлаштирилган яна 48 турнинг янги экани аниқлаштирилмоқда. Ер куррасининг инсонга номаълум жонзотлари ҳануз бор экан.

Мавзуга оид