Ғазода ўлдирилган жарроҳ, Ғарб билан алоқаларни тиклаётган Сурия ва Курскда позицияларни бой бераётган Украина — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Туркия ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Ғазо секторидаги фаластинликларга қарши очлик ва юқумли касалликларни қурол сифатида қўллаётганини кескин қоралади. Баёнотда Ғазода инсонпарварлик ёрдамининг тўхтатилиши халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолмаслиги кераклиги таъкидланган.
«Исроилнинг фаластинликларга қарши очликни қурол сифатида ишлатиши ва инфратузилмаларни йўқ қилишга қаратилган ҳужумлари геноцидни кучайтирмоқда», — дейилади Туркия ТИВ хабарида. Анқара Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдамини етказишни таъминлаш зарурлигини билдирди.
Бу орада Исроил авиацияси Ғазо шаҳридаги бир уйни бомбардимон қилди. Ҳужумда 10 фаластинлик, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди.
Исроил Ғазода тиббиёт ходимларига қарши ҳужумларни давом эттирмоқда. Охирги бомбалашлардан бирида Ғазодаги сўнгги ортопед жарроҳ Саид Жуда қутқарув ишлари вақтида ҳалок бўлди.
Исроилнинг зулми Фаластиннинг Ғарбий Соҳилдаги қисмида ҳам давом этмоқда. Исроил армияси Ал-Халил шаҳри яқинида 40 та ишхона ва бир уйни йўқ қилди. Расмий маълумотларга кўра, 7 октябрдан бери Ғарб қирғоқда 500 дан ортиқ бино бузиб ташланган.
ҲАМАС ва Исроил ўртасида музокара
ҲАМАСнинг баёнотига кўра, Қатар пойтахти Доҳада Исроил билан сулҳ тузиш борасида жиддий ва ижобий музокаралар бўлиб ўтди. Агар Исроил янги шартлар қўйишдан воз кечса, келишувга эришиш мумкин.
Музокараларга Қатар ва Миср воситачилик қилган. Баёнотда айтилишича: «босқинчи Исроил томонидан янги шартлар қўйилмаса, ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алишиш бўйича келишувга эришиш мумкин».
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябр ойида ҲАМАС ва Исроил ўртасида вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш ва асирлар алмашуви амалга оширилган эди. Бир ҳафталик танаффусдан сўнг Исроил Ғазо секторига ҳужумларини қайта бошлаган.
Айни пайтда ҲАМАС қарийб 100 нафар исроиллик асирларни гаровда ушлаб тургани ҳақида хабарлар тарқалган.
Ғарб билан алоқаларни тиклаётган Сурия
Сурияда янги ҳукумат Ғарб билан мулоқот ўрнатишни бошлади. «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» етакчиси, Муҳаммад ал-Жўлоний тахаллуси билан танилган Аҳмад аш-Шаръа халқаро жамоатчиликни Сурияга жорий қилинган санкцияларни бекор қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, энди мамлакатда барча қонунга бўйсуниши лозим.
Британия ва БМТ вакиллари билан ўтказилган учрашувларда у сурияликларнинг ўз уйларига қайтиши учун чекловлар олиб ташланиши кераклигини таъкидлади. Яқин кунларда Франция ва Германия вакиллари билан ҳам музокаралар режалаштирилган.
Ғарб давлатлари янги раҳбариятнинг озчиликларга муносабатини кузатиб, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда. Франция ва Германия делегациялари Дамашққа ташриф буюриб, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда. Италия бош вазири эса эҳтиёткорликка чақириб, «илк аломатлар умидбахш» эканини таъкидлади.
Туркия ва Қатар эса Дамашқдаги элчихоналарини қайта очган. БМТ расмийси Том Флетчер гуманитар ёрдамни кенгайтириш имконияти борлигини билдирган.
Европа Иттифоқи Дамашқда ўз ваколатхонасини қайта очишини эълон қилди. ЕИнинг ташқи ишлар бўйича вакили Кая Каллас маълум қилишича, ЕИ делегацияси илгари Суриядаги фуқаролик уруши сабаб Ливан пойтахти Байрутга кўчирилган эди.
Эрон ҳам Дамашқдаги элчихонасини қайта очиши мумкин. Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоийнинг сўзларига кўра, элчихона фаолиятининг тикланиши хавфсизлик ва сиёсий шароитлар билан боғлиқ.
Суриядаги оммавий қабристон
Суриянинг Дамашқ шаҳридаги Бағдод кўприги яқинида оммавий қабристон топилди. Қутқарув ишлари билан шуғулланувчи «Оқ каскалилар» гуруҳи мазкур ҳудудда иш бошлаганини маълум қилди.
Туркиянинг «Анадолу» агентлиги томонидан тасвирга олинган қабристондан фуқаролик аҳолисига тегишли бўлган жасад қолдиқлари аниқланган. Ушбу шахслар яқинда ағдарилган Башар Асад режими кучлари томонидан ўлдирилгани тахмин қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, 2011 йилдан буён Сурия қамоқхоналарида 157 мингдан ортиқ одам бедарак йўқолган. Улар орасида камида 5 минг бола ва 10 минг аёл бор. Кам сонли инсонлар оилаларига қайтиб келган бўлса, кўпчилигининг тақдири ҳануз номаълум бўлиб қолмоқда.
Сурияни ишғол этаётган Исроил
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурияда баасчилар режими қулаганидан кейин Исроил армияси томонидан эгалланган ҳудуд — аш-Шайх тоғида бўлди.
Нетаняҳу 7 декабрдан сўнг эгалланган аш-Шайх тоғидаги вазиятни «баҳолаш» учун ташриф буюрган.
Нетаняҳуга сафарда мудофаа вазири Йисраэл Кац ва Генштаб бошлиғи Ҳерци Ҳалеви ҳамроҳлик қилган. Бош вазир ушбу ҳудудларда Исроил армиясининг жойлаштирилишини шахсан ўрганган.
Исроил мудофаа вазири Кац армияси аш-Шайх тоғидаги босиб олинган ҳудудларда қиш ойлари давомида қолиши бўйича топшириқ берган.
Исроил қўшинлари Сурия жанубидаги яна учта қишлоқни оккупация қилди. Танкеталар ва ҳарбий техника Риф-Димашқ вилоятида жойлашган Ал-Ҳамидия қишлоғига киргани кузатилди. Бу ерда Исроил йўлларни мустаҳкамлаш ишларини олиб бормоқда.
Оккупация қилинган ҳудудлар қаторига Даръа вилоятидаги Жамла ҳамда жанубий Қатана минтақасидаги Мезра Бетҳелсин ва Мўғр Ал-Мир қишлоқлари кирди.
Башар Асад режими қулагани ортидан Исроил бутун Сурия бўйлаб ҳарбий объектларга ҳаво ҳужумларини кучайтирди. Экспертлар бу ҳолатни Сурия суверенитетини очиқдан-очиқ бузиш сифатида баҳоламоқда.
Суриянинг янги ҳукумати бу ҳолат юзасидан БМТ Хавфсизлик кенгашига расмий шикоят киритди. Ҳукумат Исроилнинг суверенитетни бузиши ҳамда 1974 йилда имзоланган Кучларни ажратиш тўғрисидаги келишувни ҳурмат қилмаслигини кескин қоралади.
«Қатар – Туркия» газ қувури лойиҳаси
Сурияда Башар Асад режими қулаганидан кейин ушбу мамлакат орқали ўтказилиши режалаштирилган «Қатар – Туркия» газ қувури лойиҳаси яна муҳокамалар марказига кўчди. Ушбу лойиҳа илк бор 2009 йилда тўхтатилган эди.
Экспертлар минтақа барқарорлиги ва халқаро газ бозоридаги талабни лойиҳа учун ҳал қилувчи омил сифатида баҳоламоқда. Қатар дунёда учинчи энг катта газ захираларига эга ва Россиядан кейин иккинчи йирик газ экспортчиси ҳисобланади.
Туркия эса йирик газ истеъмолчиси бўлиб, ҳозир Россия, Эрон ва Озарбойжон билан узоқ муддатли газ шартномаларига эга. Шунингдек, Европа 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришиш мақсадида газга бўлган талабини чеклаши кутилмоқда.
Экспертлар ҳозирги геосиёсий беқарорлик, Суриядаги вазият ва АҚШ суюлтирилган газининг рақобати туфайли лойиҳа 2030 йилгача амалга ошмаслиги мумкинлигини таъкидламоқда.
Украина Курск областида ютқазмоқда
The Economist нашри маълумотларига кўра, Украина Қуролли кучлари август ойида Россиянинг Курск областида қўлга киритган ҳудудларининг ярмини йўқотди. Бунга Россия армиясининг ҳужумлар шиддатини ошириши сабаб бўлган.
82-десантчи штурм бригадаси командири Иван Бакревнинг таъкидлашича, Россия кучлари одамлар, артиллерия ва техникада катта устунликка эга. Россия армияси навбати билан механизациялашган ва пиёда ҳужумларни амалга оширмоқда. Жумладан шимолий кореялик аскарлар урушга жалб қилинган. Сентябрда Киев элита бўлинмаларни тажрибасиз аскарлар билан алмаштирган, бу эса позицияларни йўқотишга олиб келган.
The Economist таҳлилида Россия ҳужумларининг кучайиши АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп инаугурацияси билан боғлиқ бўлиши айтилган. Украина президенти Володимир Зеленский эса Россия ҳудудларидаги позицияларни сақлаб қолиш бўйича топшириқ берган.
Украина разведкаси маълумотларига кўра, Шимолий Корея армияси Курск областида камида 30 нафар аскар йўқотган, уч нафар ҳарбий хизматчи бедарак йўқолган. Россиядаги шифохоналардан бирида 100 дан ортиқ шимолий кореялик ярадорлар даволанаётгани тасвирлари тарқалди.
TikTok устидан тергов бошланди
Европа Комиссияси TikTok’ка нисбатан Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунни бузганликда расмий тергов очди. Бунга платформа орқали Руминия президентлик сайловига хорижий кучлар аралашгани ҳақидаги кучли далиллар сабаб бўлди.
Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен масалага бундай изоҳ берди:
«Хорижий кучлар Руминия сайловига TikTok орқали аралашгани ҳақида кучли далиллар бор. Бу платформа бундай хавфларга қарши чора кўрганми ёки йўқ, чуқур ўрганамиз. Барча онлайн платформалар жавобгарликка тортилиши керак».
TikTok тавсия алгоритмлари ва сиёсий реклама воситалари манипуляция учун ишлатилган бўлиши мумкин. Еврокомиссия ҳодисани мониторинг қилиш, аудит ўтказиш ва платформанинг алгоритмларига киришни режалаштирмоқда.
Руминия разведкаси Россия ўта ўнгчи номзод Калин Георгескуни қўллаб-қувватлаш учун TikTokʼда сиёсий реклама ёрлиғисиз контент тарқатилганини маълум қилган. TikTok эгаси ByteDance бундай аккаунтлар ўчирилганини билдирди. Реклама орқали 381 минг доллардан ортиқ маблағ жалб қилинган, аммо Георгеску ҳеч қандай пул сарфламаганини айтган.
Мавзуга оид
13:18
Оташкесимга яқин келган Ғазо, пулини ўзгартираётган Эрон ва немис журналистларига босимлар — кун дайжести
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:16 / 19.12.2024