Ўзбекистон | 22:12 / 22.11.2024
4708
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабарти билан учрашди

Учрашувда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасидаги кейинги қадамлар муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев 22 ноябр куни иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи Сума Чакрабарти билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини жорий йилги давлат дастури доирасида амалга оширишнинг ҳолати ҳамда келгуси йилда ислоҳотларни янада илгари суриш истиқболлари кўриб чиқилган.

Шунингдек, давлат бошқарувида кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

«Учрашувда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасидаги кейинги қадамлар муҳокама қилинди. Миллий қонунчиликни ЖСТ қоидалари ва талаблари билан уйғунлаштиришни жадаллаштириш, шунингдек, мамлакатнинг глобал рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича ишларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Президент режалаштирилган барча лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, стратегик ислоҳотлар кун тартибини янги ташаббуслар билан, айниқса, мамлакатимизда эълон қилинган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» иқтисодиёт йилидаги вазифаларни ҳисобга олиб янада бойитиш муҳимлигини таъкидлади», – дейилади хабарда.

Сума Чакрабарти 2020 йил ёзида Ўзбекистон президенти фармонига кўра «Ўзбекистон Республикаси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги стратегик шерикликни йўлга қўйиш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги улкан хизматлари» учун «Дўстлик» ордени билан мукофотланганди. У 2020 йил кузида Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси этиб тайинланган.

Маълумот учун, Сума Чакрабарти 2012 йил июлидан 2020 йил июлигача Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти бўлиб ишлаган. ЕТТБга раҳбарлик қилишдан аввал у Халқаро тараққиёт департаментининг доимий котиби (2002-2007) бўлган ва Бирлашган Қиролликнинг Адлия вазирлигида (2007-2012) ишлаган.

Мавзуга оид