Жаҳон | 17:39 / 23.11.2024
1607
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда гуманитар ёрдам ходимлари ўлими бўйича рекорд ўрнатилди – БМТ

Гуманитар ёрдам ходимлари орасида ўлим ҳолатларининг кўпайгани биринчи навбатда Ғазо секторидаги уруш билан боғлиқ экани таъкидланмоқда.

Фото: AFP

2024 йил гуманитар ёрдам ходимлари учун рекорд даражадаги ҳалокатли йил бўлди, улардан 281 нафари ҳалок бўлди. Бу ҳақда БМТ Фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш бўйича янги координатори Том Флетчер маълум қилди.

Қайд қилинишича, бу 2023 йилга нисбатан бир ўлимга кўп. Гуманитар ёрдам ходимлари орасида ўлим ҳолатларининг кўплиги биринчи навбатда Ғазо секторидаги уруш билан боғлиқ. Кўплаб ходимлар ўз хизмат вазифаcини бажариш ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш чоғида ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти БМТ Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги (UNRWA) ходимлари эди.

Гуманитар ёрдам ходимлари Афғонистон, Конго Демократик Республикаси, Жанубий Судан, Судан, Украина ва Яман ва бошқа мамлакатларда таҳдидларга дуч келмоқда.

Ҳалок бўлганларнинг аксарияти нодавлат ташкилотлар, БМТ агентликлари ва Халқаро Қизил Хоч/Қизил Ярим Ой ҳаракатида ишлаётган маҳаллий аҳолидир.

Қайд қилинишича, ўтган йили 14 та қуролли тўқнашувда 33 мингдан ортиқ тинч аҳоли ўлими қайд этилган. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 72 фоизга ошган.

Хавфларга қарамай, гуманитар ташкилотлар ўтган йили деярли 144 миллион кишига ёрдам кўрсатиб, аҳолига ёрдам беришда давом этган. 2024 йил ноябр ойи ҳолатига кўра, дунё бўйлаб 116 миллиондан ортиқ одам гуманитар ёрдам олган.

2024 йил 24 майда инсонпарварлик ёрдами ходимларига нисбатан зўравонликнинг кучайишига жавобан БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2730-резолюцияни қабул қилди. Ушбу ҳужжатга кўра, бош котибга бундай ҳодисаларнинг олдини олиш, инсонпарварлик ходимлари ва активларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни тавсия этиш ваколати берилган. БМТ раҳбарининг тавсиялари 26 ноябр куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишида тақдим этилади.

Мавзуга оид