Жаҳон | 17:55 / 23.11.2024
2964
3 дақиқада ўқилади

WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда

Баллистик ракета дастурининг аксарият тафсилотлари сир сақланмоқда, аммо украиналик расмийлар бу каби қурол тез орада қўшинларга тақдим этилиши мумкинлигини маълум қилди.

Фото: picture-alliance

Ҳозирда Киев ўзининг бир нечта баллистик ракетасиини яратмоқда. Бу ҳақда Украина стратегик саноат вазири ўринбосари Анна Гвоздярга таяниб The Wall Street Journal хабар берди.

Нашр манбаларига кўра, Украина душман ҳудуди ичкарисига зарба беришга қодир ракеталарни яратиш устида фаол иш олиб бормоқда. Дастурнинг аксарият тафсилотлари сир сақланяпти, аммо украиналик расмийлар бу каби қурол тез орада қўшинларга тақдим этилиши мумкинлигини маълум қилди. Август ойида Украина бу турдаги ракеталарнинг илк синовини ўтказган эди.

«Сиз кейинги йилда ёки жорий йил охирида кенг кўламли ракета дастури ҳақида хабар топасиз», — дейди Украина мудофаа вазири Рустем Умеров.

Украина президенти маслаҳатчиси Александр Камишиннинг сўзларига кўра, дастурни амалга оширишдаги тўсиқлардан бири молиялаштиришдир. Унинг таъкидлашича, Киевда етарлича маблағ мавжуд эмас. Хусусан, Украина уруш давомида ўзининг «Нептун» ракетасидан чекланган миқдорда фойдаланган, расмийларнинг айтишича, молиялаштиришнинг етишмаслиги ишлаб чиқаришни тўхтатиб турибди.

Ҳарбий авиация бўйича мутахассис Дуглас Баррининг тушунтиришича, баллистик ракеталарни ишлаб чиқариш жуда қимматга тушади, чунки улар тайёрланадиган материаллар Ер атмосферасига қайтаётганда ўта юқори ҳароратга туриб бериши керак.

Яна бир муаммо — қуролларни оммавий ишлаб чиқариш жараёнидир. Зеленский Украина 2024 йилда 100 та ракета ишлаб чиқарганини маълум қилганди. Бутун дунё бўйлаб ракета ишлаб чиқарувчилар эҳтиёт қисмлар, жумладан, двигателларнинг барқарор етказиб берилишида муаммоларга дуч келмоқда. Украинада эса ишчиларнинг етишмаслиги ва Россиянинг инфратузилмага мунтазам ҳужумлари ҳам қўшимча қийинчилик туғдирмоқда.

НАТО Парламент Ассамблеясидаги Украина делегацияси раҳбари Егор Черневнинг қайд этишича, баллистик ракеталар дастури эҳтиёт қисмларни етказиб беришдаги муаммоларга қарамай, якунланиш арафасида. «Ишонинг, тез кунда нафақат Украина, балки Россия Федерацияси ҳам кўрадиган аниқ натижалар бўлади», — дейди у украин телевидениесига берган интервюсида.

АҚШ бўлса Украина ўз эътиборини узоқ масофага учишга қодир дронларга қаратиши керак деб ҳисобламоқда. Мудофаа вазири Ллойд Остин украин дронлари дастури молиявий нуқтаи назардан баллистик ракеталардан кўра ўзини анча оқлаганини айтган

Манбаларнинг маълум қилишича, яқинда АҚШ 2,4 миллиард доллар миқдорида ёрдам кўрсатишга оид пакетни маъқуллаган, у узоқ масофага учувчи дронлар ва бошқа шу турдаги қуролларга маблағ йўналтиришни ўз ичига олади.

Мавзуга оид