Жаҳон | 13:17 / 25.11.2024
2407
4 дақиқада ўқилади

Байден ҳозирча Украинани НАТОга таклиф этишга чақирмасликка қарор қилди

Оқ уй Украинани НАТОга аъзо бўлишга очиқ чақирмоқчи бўлди, бироқ фикрини ўзгартирди, деб ёзади Bloomberg. Шу билан бирга, Оқ уйнинг амалдаги раҳбари Трамп ҳокимиятга келишидан олдин Киевни кучайтиришга шошилмоқда.

Фото: Chip Somodevilla / Getty Images

Оқ уй Украинани НАТОга аъзо бўлиш учун расмий таклиф қилишга ошкор чақириқ билан чиқмоқчи эди, аммо бундай қилмасликка қарор қилди. Бу ҳақда Bloomberg 23 ноябр, шанба куни ёзган. Унга кўра, амалдаги президент Жо Байден маъмурияти «қисқа муддатда муваффақият қозониш эҳтимоли пастлигини ҳисобга олиб,» бундай рамзий чақириқ ғоясидан воз кечган. Бунинг ўрнига, деб ёзади Bloomberg, Украинага шундай кафолатлар берадиган икки томонлама хавфсизлик келишувларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Агентлик қайд этишича, «Байден Украина президенти Володимир Зеленскийга Доналд Трампнинг 2025 йил 20 январга режалаштирилган инаугурацияси олдидан имкон қадар кучли ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқда». Оқ уй томонидан қабул қилинган энг муҳим қарорлардан бири Украинага Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга узоқ масофали Ғарб қуроллари билан зарба йўллаш учун берилган рухсатдир. Бундан ташқари, Бразилияда ўтказилган G20 саммитида Байден Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга чақирди.

АҚШ аллақачон Украинага 64 млрд доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам берган

Оқ уй ва Пентагон АҚШ Конгресси томонидан Украина мудофааси учун ажратилган сўнгги тахминан 9 миллиард долларни (8,3 миллиард евро) сарфлашга шошилмоқда, деб ёзади Bloomberg. Давлат департаментига кўра, Қўшма Штатлар аллақачон Украинага 64 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам берган.

«Президент Байден ҳозирдан 20 январгача бизда мавжуд бўлган ҳар бир доллар эшикдан ташқарига чиқиб кетишини таъминлашга интилади», деди давлат котиби Энтони Блинкен ноябр ойи бошида НАТО штаб-квартирасида журналистларга Трампнинг инаугурация санасига ишора қилиб. Блинкеннинг қўшимча қилишича, Оқ уйнинг амалдаги маъмурияти Украинага «унинг учун зарур бўлган ҳаво мудофааси, артиллерия ва зирҳли техника» берилишини кафолатлайди.

Бироқ, агентликнинг таъкидлашича, Байденнинг Украинага қурол-яроғ етказиб беришни кўпайтириш имкониятида чегаралар бор, чунки қолган пулнинг катта қисми фақат Пентагон захирасида мавжуд бўлган қуроллар учун ишлатилиши мумкин ва уларни ҳаддан ташқари қисқартириш АҚШнинг ўз мудофаа қобилиятини хавф остига қўйиши мумкин.

АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам ажратилишини эълон қилди

Қўшма Штатлар Россия агрессиясидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинага 275 миллион долларлик қурол ва ҳарбий техникадан иборат қўшимча ёрдам пакетини тақдим этмоқда. Бу ҳақда 20 ноябр куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен баёнот берди. Аввалроқ AP агентлиги манбаларга таяниб, Вашингтоннинг Киевга яна 275 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этиш режалари ҳақида қўшимча маълумот бермасдан ёзган эди.

Аниқлик киритилишича, Украинага навбатдаги ёрдам пакетининг ажратилиши АҚШ президенти Жо Байден 26 сентябр куни – Украина президенти Володимир Зеленский билан Оқ уйда учрашуви арафасида эълон қилган ушбу мамлакатга ёрдамни кенгайтириш доирасида амалга оширилмоқда. 

Ўшанда Байден АҚШ Мудофаа вазирлигига Конгресс томонидан маъқулланган маблағлар ҳисобидан Украинага 5,5 миллиард доллар миқдорида ёрдам йўналтиришни буюрди, шунда унинг маъмурияти президентлик муддати тугагунга қадар «Конгресс томонидан ажратилган маблағлардан тўлиқ фойдаланиши мумкин».

Шу куни, 26 сентябрда Оқ уй Пентагон Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси доирасида Киевга 2,4 миллиард доллар ажратишини маълум қилди.

Мавзуга оид