Жаҳон | 17:41 / 26.11.2024
20487
13 дақиқада ўқилади

«Путин доим ҳужумга тайёр, Трамп – табиатан девелопер». Меркелнинг мемуаридан парчалар

Германия собиқ канцлери ўз мемуарида Путин ва Трамп билан суҳбатларини эслаган, Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини маъқуллашдан бош тортганини изоҳлаган.

Guido Bergmann / Bundesregierung-Pool / Getty Images

Ангела Меркел Россиянинг жавоб ҳаракатларидан хавфсирагани учун Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши жараёнини қасддан секинлаштирган, Владимир Путин эса совуқ урушда АҚШ ғалаба қозонганини ҳеч қанақасига ҳазм қилолмаган. Бу ҳақда Германия собиқ канцлери ёзган мемуарнинг Die Zeit нашрида эълон қилинган парчаларида ёзилган.

«Озодлик: 1954-2021 йиллардаги хотиралар» номли китоб 26 ноябр куни нашрдан чиқиши кутилмоқда.

Ангела Меркел Германияни 2005 йил ноябридан 2021 йил декабрига қадар 16 йил мобайнида бошқарган ва дунёдаги энг қудратли ва нуфузли сиёсатчилардан бири саналган.

Аммо сўнгги вақтларда унинг сиёсий мероси шубҳа остига олинди. Кўпчилик Меркелнинг Россия билан муносабатлардаги қатъиятсиз позицияси кўп жиҳатдан Европадаги ҳозирги аҳволга, жумладан, Украинадаги урушга олиб келган, деб ҳисоблайди.

Матбуот Меркелнинг ўз бошқаруви давридаги воқеалар тасвирланган мемуарлари замондошлари ҳамда авлодлар олдида ўзини оқлашга ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида ёзган. Бошқаларнинг фикрича эса, унинг иқрорлари мутлақо тескари эффект келтириб чиқариши мумкин.

Меркел Украина ҳақида нималар ёзган? Путин ҳақида-чи?

У ўз хотираларининг муҳим қисмини Украинага ва ушбу мамлакатнинг НАТОга кириши борасидаги иккиланишларига бағишлаган.

НАТОнинг 2008 йил Бухарестда ўтказилган саммитида ғарб мамлакатлари етакчилари АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Жорж Бушнинг Украина ва Гуржистонга алянсга «Аъзолик бўйича ҳаракатлар режаси»ни тақдим этиш бўйича таклифини муҳокама қилишганди — икки давлат қўшилишни сўраган дастур номи шундай аталган. Аммо Меркел Франция президенти Никол Саркози билан биргаликда бунга қарши чиқишади. Унинг сўзларига кўра, Аъзолик бўйича ҳаракатлар режаси якуний қарорни англатмаса ҳам, барибир «икки мамлакат учун ҳам НАТО аъзолик амалда ортга қайтмас мажбурият»га айланган бўларди.

Мен Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларининг НАТОга иложи борича тезроқ аъзо бўлиш истагини тушунардим, ахир совуқ уруш якунланганидан кейин улар ғарб ҳамжамиятига аъзо бўлишга интиларди. Россия улар орзу қилган нарсаларни: эркинлик, ўз тақдирини ўзи белгилаш ва фаровонликни таклиф қила олмасди.

Шу билан бирга, НАТО ва унга аъзо давлатлар кенгайишнинг ҳар бир босқичида алянс, унинг хавфсизлиги, барқарорлиги ва фаолияти учун эҳтимолий оқибатларни ҳисобга олиши лозим эди. Янги аъзо қабул қилиниши нафақат унинг, балки НАТОнинг хавфсизлигини ҳам кучайтириши керак. Айнан шунинг учун мамлакатларни қабул қилиш мезонлари мавжуд, улар ҳарбий салоҳиятдан ташқари аъзоликка номзоднинг ички тузилишини ҳам инобатга олади. Бу Украина ва Гуржистонга ҳам таллуқли эди.

Меркелнинг сўзларига кўра, ушбу мамлакатлардаги вазият аллақачон НАТОга аъзо бўлган мамлакатлардагидан «сезиларли даражада фарқ қилган»: Украинада «чуқур бўлиниш» рўй берган ва алянсга аъзо бўлишни қўллаб-қувватловчилар аҳолининг озчилик қисмини ташкил этарди, Гуржистонда эса Жанубий Осетия ва Абхазия билан ҳудудий муаммолар бор эди. Россияда вето ҳуқуқи бўлмаса-да, канцлер Владимир Путиннинг фикрини инобатга олиш зарур деб ҳисоблаган.

Путиннинг нуқтайи назарини таҳлил қилиб чиқмасдан, Украина ва Гуржистонга номзодлик мақоми берилишини мен эҳтиётсизлик деб ҳисоблардим. Путин 2000 йилда ўз мамлакатига президент бўлган вақтдан буён у Россияга халқаро майдондаги ўйинчи мақомини қайтариш учун қўлидан келган барча ишни қилди, буни ҳеч ким, айниқса АҚШ эътиборсиз қолдира олмасди. Унинг мақсади Россияда ҳам, бошқа жойларда ҳам демократик тузилмаларни қуриш ёки самарали иқтисодиёт орқали барча учун фаровонлик яратишдан иборат эмасди. Аксинча, у АҚШ совуқ урушдан ғолиб чиққани фактига ниманидир қарши қўйишга интилди. У совуқ уруш тугаганидан кейин ҳам кўп қутбли дунёда Россия кучнинг ажралмас маркази бўлиб қолишини истарди. Бу мақсадга эришиш учун у биринчи навбатда хавфсизлик хизматидаги ўз тажрибасига таянди.

Меркел 2007 йил 10 февралда ўтказилган Мюнхен хавфсизлик конференциясини эслаган — бу НАТО саммитидан бир йил олдинроқ бўлганди, — унда Путин бир қутбли дунёга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида нутқ сўзлаганди. Унинг ҳикоя қилишича, ўшанда биринчи қаторда ўтирган ва Россия президентини нутқ вақтида яқиндан кўриб турганди.

У тез гапирди, қисман импровизация қилди ва катта эҳтимол билан нутқининг ҳар бир сўзини бўлмаса ҳам, катта қисмини ўзи ёзганди. Мени айниқса унинг манманлиги ғазаблантирарди: ўз атрофида — Тоғли Қорабоғда, Молдовада ва Гуржистондаги ҳал қилинмаган можаролар ҳақида бирор сўз йўқ; НАТОнинг Сербиядаги амалиётларини танқид қилган — аммо серблар собиқ Югославия парчаланганда амалга оширган ваҳшийликлар ҳақида гап йўқ, Россиянинг ўзидаги вазият ҳақида лом-мим демаган.

Аммо мен мутлақо асоссиз деб ҳисобламайдиган жумлалар ҳам бор эди. Ироқдаги урушни танқид қилиши адолатдан эди: Ироқда кимёвий қурол мавжудлиги ҳақида ҳеч қандай далил келтирилмаганди. Мени Европада одатий қуролли кучлар ҳақидаги шартнома (ДОВСЕ)ни мослаштириб бўлмагани ҳам хавотирга соларди. <…> Россия ва хусусан, АҚШ ўртасидаги Мослаштирилган шартнома (ДОВСЕ-А) ратификацияси бўйича келишмовчиликлар Гуржистонда россиялик ҳарбий кузатувчилар мавжудлиги туфайли ҳам юзага келганди.

Меркел НАТО аъзолигига номзод мамлакат мақоми Украина ва Гуржистонни Владимир Путинни (ўз китобида уни «доимо жазолашга тайёр» одам деб атаган) тийиб турувчи механизм бўлиши ва ундан ҳимоя қилиши ҳақидаги фаразни «хомхаёл» деб ҳисоблаган. Унинг таъкидлашича, ўша вақтда шартноманинг бешинчи моддаси Украина ёки Гуржистонга нисбатан бузилиши ҳолатлари НАТО томонидан жавоб бўлишига олиб келолмасди. «НАТОга аъзо давлатлар ҳарбий йўл билан — моддий воситалар билан ҳам, қўшинлар билан ҳам жавоб беришлари — ва аралашишлари ақлга сиғармиди? Федерал канцлер сифатида, қуролли кучларимиз бунда иштирок этиши учун Бундестагимизга мурожаат қилишим ва кўпчиликнинг қўллаб-қувватловига эришишим мумкинмиди?» — дея хотирлайди Меркел ўша вақтдаги мулоҳазаларини.

Якунда, унинг сўзларига кўра, муроса йўли топилган: Украина ва Гуржистон номзодлик мақомини олмаган, аммо Ироқда уруш бўлиб турган маҳалда алянсда парчаланиш ҳам рўй бермаган.

Гуржистон ва Украина учун номзодлик мақоми йўқлиги уларнинг умидларидан воз кечишини англатарди. Путин учун эса НАТОнинг ушбу мамлакатларнинг аъзолиги бўйича умумий ваъдаси улар келажакда аъзо бўлишининг тасдиғи, ўзига хос чақириққа айланди. Кейинроқ, мен деталларини эслолмайдиган бошқа контекстда у менга шундай деганди: «Сиз абадий канцлер бўлмайсиз. Ва шунда улар [катта эҳтимол билан украинлар назарда тутилган – таҳр.] НАТО аъзоси бўлади, мен эса бунинг олдини олишни хоҳлайман». Мен шунда ўйлаганман: «Сен ҳам абадий президент бўлмайсан». Шунга қарамай, Бухарестда Россия билан муносабатлар келажагидаги кескинлик бўйича хавотирларим камаймади.

Меркел Бухарестдан уйга «аралаш туйғулар» билан қайтганини эслайди. «Чинакамига катта можарога йўл қўйилмади, аммо шу билан бир вақтда, НАТОда Россия билан ҳамкорлик бўйича умумий стратегияга эга эмаслигимиз маълум бўлди», — дея ёзади у.

Марказий ва Шарқий Европада яшовчиларнинг кўпчилигида Россия билан муносабатларни ривожлантиришга умуман иштиёқ йўқ эди. Гўёки, улар бу мамлакат ҳеч қачон мавжуд бўлмагандек, шунчаки йўқ бўлиб кетишини хоҳлашган. Мен уларни бунинг учун айблай олмайман, чунки улар узоқ вақт давомида советлар ҳукмронлиги остида эзилишган ва ГДРдагидан фарқли ўлароқ, 1990 йилдан кейин уларга Германия Федератив Республикаси билан тинчлик ва эркинликда қайта бирлашиш насиб этмаган.

Аммо Россия ўз ядровий қуроллари билан мавжуд эди. У мавжуд ва геосиёсатнинг ажралмас қисми сифатида мавжуд бўлиб қолмоқда, АҚШ, Франция, Буюк Британия ва Хитой билан бир қаторда БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето ҳуқуқига эга доимий аъзоларидан бири бўлгани учун ҳам.

Меркелнинг сўзларига кўра, Украина НАТОга аъзо бўлган тақдирда, Путин шунчаки янги ҳолатни қабул қилиши ва ҳеч қандай чора кўрмаслигини кутиш соддалик бўларди.

«Ғафлатда қолмаслик учун доимо ҳушёр, доимо ҳужум қилишга тайёр турадиган, уйида ким хўжайинлигини ити орқали ёки бошқаларни куттириш билан намойиш этадиган одам. Бунинг барини болаликка йўйиш ва маъқулламай бош чайқаш мумкин. Аммо Россия бу билан дунё харитасидан йўқолиб қолмайди», — дейди Меркел.

Путин меҳмони итлардан қўрқишини билган, лекин музокаралар хонасига итини чақирган (Сочидаги учрашув, 2007 йил)

Ит билан боғлиқ эпизодда Меркел Путин билан 2007 йил Сочидаги учрашувини назарда тутган, Россия президенти ўшанда меҳмони итлардан қўрқишини билатуриб музокаралар хонасига ўз итини чақирганди.

Трамп ҳақида

Меркел 2016 йилда АҚШдаги президентлик кампаниясини диққат билан кузатгани ва Ҳиллари Клинтоннинг ғалабасини кутгани, аммо бир неча марта Германияни ҳамда Меркелнинг ўзини ҳам танқид қилган Доналд Трамп ғалаба қозонганини эслайди. Шунга қарамай, у ҳамкасбини сайлангани билан табриклайди, тўрт ой ўтиб учрашиш учун Вашингтонга боради.

Оқ уйда Трамп уни эшик олдида матбуот вакиллари даврасида қарши олади ва унинг қўлини сиқиб қўяди. Овал кабинетдаги юзма-юз суҳбатдан олдин улар яна бир марта журналистлар қаршисига чиқишади, улар эса сиёсатчилардан яна бир бор кўл бериб кўришишни сўрашади, аммо Трамп бу илтимосни эътиборсиз қолдиради.

Фото: AFP

Яккама-якка суҳбат асосан инглиз тилида кечганди, деб хотирлайди Меркел. Трамп унга қатор саволлар берган — жумладан, у келиб чиқишига кўра шарқий германиялик экани ва Путин билан муносабатлари ҳақида ҳам. «Афтидан, у Россия президентига мафтун эди. Кейинги йилларда менда шундай таассурот пайдо бўлдики, авторитар ва диктаторликка мойил сиёсатчилар унинг учун ўзига хос жозибардорликка эга бўлган», — дея ёзади Меркел.

Унинг сўзларига кўра, суҳбат вақтида Трамп Германияга қатор эътирозларини билдирган (жумладан, мудофаа учун НАТОнинг 2 фоизлик кўрсаткичидан паст харажат) ва «қайта ва қайта Германия у ва Америкадан қарздорлиги»ни уқтирган. Меркел қайд этишича, улар «турли даражада» гаплашган: Трамп — ҳиссиётга берилиб, унинг ўзи эса — фактлар ва аргументлар келтирган ҳолда.

Суҳбатлардан бир хулосага келгандим: Трамп билан ўзаро тушунган ҳамкорлик бўлмайди. У барча нарсага қурувчи, девелопер позициясидан қарайди, қайсики сиёсатга кириб келишидан олдин шуғулланган ишидагидек. Унинг наздида, ҳар бир ер участкасини фақат бир марта сотиш мумкин, агар у буни ололмаса, унда бошқа кимдир олади. У дунёни айнан шундай кўрарди: унинг учун барча мамлакатлар рақобатлашади, бирининг муваффақияти бошқасининг муваффақиятсизлигини англатади. У ҳамкорлик барчанинг фаровонлигини оширишига ишонмасди.

Шарқий Германиядаги болалик ҳақида

Ўз мемуарларида Меркел Германия демократик республикасида ўтказилган болалик ва ёшлик чоғларини ҳам ёдга олган.

«ГДРда яшаб, сиз мунтазам равишда чегарада бўласиз. Ҳатто агар кун мутлақо сокин бошланган бўлса ҳам, агар бирдан сиёсий чегараларни бузсангиз, барчаси бир неча сонияда ўзгариб кетиши мумкин. Давлат жуда бешафқат эди», — дея ёзган у.

«Ҳаёт аслида бу чегаралар қаердан ўтишини қанчалик муваффақиятли тушуна олишингизга боғлиқ эди. Менга бунда бироз келишувчан характерим ва прагматик ёндашувим ёрдам берган», — дея тан олади Меркел хоним.

У ўзининг бошқаларга ўхшамаслигини ҳис қилган, «чунки, нима бўлганда ҳам, бу давлат уни яшашга, ҳис қилишга ва сезишга мажбур қилувчи нарсадан: маълум даражадаги беғамликдан маҳрум қилмаган».

Мавзуга оид