Киев ва Москва ўртасидаги тинчлик музокаралари: у қандай кўринишда бўлиши мумкин?
Ушбу мақолада Россия, Украина, АҚШ ва дунёнинг бошқа давлатларининг Украинадаги уруш тугаши бўйича сценарийлари жамлаб чиқилди.
Россиянинг Украинага қарши уруши яна бир жиддий нуқтага етиб келди. АҚШ Киевга Россия ҳудуди ичкарисига узоқ масофали қуроллар билан зарба йўллашга рухсат берганидан сўнг, Москва Украинада янги баллистик ракетани ишлатди ва Европага зарба бериш таҳдиди билан чиқди.
Шунингдек, Россия армияси Донбасс ва Курск областларида ҳужумларни давом эттирмоқда, бунда Шимолий Корея ҳарбийлари кўмагидан фойдаланмоқда.
Бу вазият Доналд Трампнинг АҚШ президентлигига қайтишидан олдин содир бўлаётган бир пайтда, Киев ва Москва ўртасидаги тинчлик музокаралари эҳтимоли ҳақидаги муҳокамалар янада фаоллашди.
BBC ушбу низо иштирокчилари ва уларнинг асосий иттифоқчилари томонидан уруш тугаши бўйича қандай сценарийлар кўрилаётгани ва уларнинг позициялари қандай ўзгаргани ҳақида маълумот тақдим қилди.
Россия: Путин аннексия қилинган ҳудудларни тан олишни ва Киевни НАТОга қўшмасликни талаб қилмоқда
Россия президенти Владимир Путин 2024 йил ёзида тинчлик музокараларини бошлаш учун ўз шартларини эълон қилганди. Ушбу шартлар қуйидагилардан иборат:
- Украина Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областларидан ўз қўшинларини уларнинг маъмурий чегараларигача тўлиқ олиб чиқиши керак. Бу нафақат Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни, балки ҳозир Киев назоратидаги бўлган Херсон ва Запорижжя шаҳарларини ҳам қамраб олади.
- Киев НАТОга қўшилиш режаларидан расман воз кечиб, нейтрал мақомга эга бўлиши лозим.
- Қрим, Севастопол ва Украина шарқида аннексия қилинган ҳудудлар Россияга тегишлилигини халқаро шартномаларда тан олиш талаб қилинади.
- Россияга қарши қўйилган санкциялар бекор қилиниши керак.
Путин бу шартлар бажарилса, Москва музокараларга «эртагаёқ» тайёр эканини таъкидлади. У Киев ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлаши биланоқ «дарҳол отишмаларни тўхтатиш» буйруғини беришга ваъда берди. Аммо Украина президенти Володимир Зеленский бу талабларни ултиматум деб атади.
Россиянинг бугунги позицияси Кремлнинг уруш бошида қўйган талабларидан айрим жиҳатлари билан фарқ қилади. Россия расмийлари дастлаб уруш мақсадларини «махсус ҳарбий операция» сифатида талқин қилиб, «денацификация», «демилитаризация» ва Донбасс аҳолисини ҳимоя қилиш каби ноаниқ мақсадларни кўрсатган эди.
Журналистик тадқиқотлар билан шуғулланувчи «Система» нашри яқинда уруш бошида Россия Киевга таклиф этган тинчлик шартномасининг дастлабки кўринишларини топиб, эълон қилди. Унда қуйидаги талаблар бор эди: Украина армиясини 50 минг аскаргача қисқартириш (2022 йилгача бу кўрсаткич 250 минг эди); қуролланишни Беларус даражасидан ҳам пастроқ даражага тушириш; барча декоммунизация қонунларини бекор қилиш ҳамда рус тилини давлат тили сифатида тан олиш. Ўшанда Россия бу талаблари билан Украинанинг тўлиқ таслим бўлиши, эҳтимол, ҳукуматнинг ўзгаришини кўзлаган.
Ҳозирда Россия бу каби талабларни ошкора қўймаяпти, лекин музокаралар бошланса, армияни қисқартириш талабини истисно этиб бўлмайди. Шунингдек, Россия аннексия қилинган ҳудудлар Россияга тегишлилигини тан олишни қатъий талаб қилмоқда. Уруш бошида ва Истанбул музокаралари пайтида Россия ҳали Украина ҳудудларини расман аннексия қилмаганди ва ҳудудлар мақоми бўйича муҳокамани кечиктиришга тайёр эди.
Путин мудом тинчлик музокараларига тайёрлигини таъкидлаб келаётганига қарамай, амалдаги вазият бошқача. Россия армияси Донбасс ва Курск областларида ҳужумларини давом эттирмоқда (Telegraph нашри Путин Доналд Трампнинг инаугурациясигача ушбу ҳудудларни эгаллаб олишга интилаётганини ёзган эди).
2024 йил 21 ноябр куни Россия Украинада «Орешник» ўрта масофали янги баллистик ракетасини қўллади. Путин бу ракета НАТО мамлакатларига зарба бериш учун ҳам ишлатилиши мумкинлигини айтди. Бу вазият Россия ҳар қандай баҳо эвазига тинчлик музокараларига тайёр эмаслигини кўрсатмоқда ва урушни давом эттиришга қаратилган ҳаракатлар устувор бўлиб қолаётганини англатади.
Украина: Зеленский Киевнинг позициясини мустаҳкамлаш учун «ғалаба режаси»ни қўллашни сўрамоқда
Украина тинчлик музокаралари бўйича ўз позициясини бир неча марта ўзгартирди. Уруш бошида Киев Россия делегацияси билан мулоқотга рози бўлди. Аммо 2022 йил ўрталарига келиб, бу алоқалар узилди. Володимир Зеленский кейинчалик Путин билан музокаралар олиб бориш имкониятини инкор этувчи қарорни имзолади. Сўнгги ойларда Украина президенти урушни дипломатик йўл билан тугатиш мумкинлиги ҳақида бот-бот гапирмоқда. Бироқ бунинг учун иттифоқчилар Киевни музокаралар учун қулайроқ позицияга олиб келиши кераклигини таъкидлайди.
Бу таклифлар «Володимир Зеленскийнинг ғалаба режаси» сифатида маълум. Ушбу режа 2024 йил кузида эълон қилинди ва беш асосий банддан иборат:
- Украина НАТОга қўшилиш учун расмий таклиф олиши керак.
- Украина мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаши зарур. Ғарбдаги иттифоқчилар Россия ҳудудларига узоқ масофали қуроллар билан зарба бериш бўйича чекловларни олиб ташлаши, Украинага реал вақтда разведка маълумотларини тақдим этиши ва ҳаво ҳимоясини кучайтириши лозим.
- Украина ҳудудида Россия таҳдидини тўхтатиш учун «ядровий бўлмаган стратегик тийиб турувчи пакет» жойлаштирилиши керак.
- Ғарб давлатлари билан биргаликдаги иқтисодий ресурслардан (масалан, фойдали қазилма бойликлардан) фойдаланиш ҳамда Россияга қарши санкцияларни кучайтириш.
- Урушдан сўнг Европадаги АҚШ қўшинлари ўрнига Украина ҳарбийларидан алмаштирувчи куч сифатида фойдаланиш.
Зеленскийнинг режасига кўра, ушбу шартлар бажарилиши Россияни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилади. Ушбу шартлардан бири қисман амалга оширилди — АҚШ Украинага Россия ҳудуди ичкарисига узоқ масофали қуроллар билан зарба йўллашга рухсат берди. Бундай зарбалар амалга оширила бошлади ва Россия буни низонинг авж олиши, дея баҳолади ҳамда ядровий доктринасини қайта кўриб чиқди. Аммо режанинг бошқа бандлари бўйича иттифоқчилар томонидан ҳали келишувга эришилмади.
Financial Times маълумотига кўра, Зеленскийнинг режасидаги сўнгги икки банд республикачилар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Бандларда Доналд Трампнинг Европага кўрсатилаётган ҳарбий ёрдамни қисқартиришга бўлган қизиқиши инобатга олинган.
«Ғалаба режаси»га кўра, Украина ҳукумати НАТОга қўшилишдан ёки ҳудудларни қайтаришдан расман воз кечишга рози эмас. Аммо FT хабар беришича, Украина раҳбарияти НАТОга қўшилиш ва кафолатлар эвазига ҳудудларни ҳарбий йўл билан қайтаришдан юридик эмас, формал тарзда воз кечишни муҳокама қилган.
Кейинги ҳафталарда анчайин ўзгарган Киевнинг риторикаси 1991 йил чегараларидаги ҳудудларнинг барчасини қайтариш ҳарбий йўл билан амалга ошмаслигини тан олади.
Fox News билан суҳбатда Зеленский шундай деди:
«Юридик жиҳатдан биз ҳудудларнинг йўқотилишини тан олмаймиз. Лекин биламизки, ҳозирда Путинни 1991 йил чегарасига қайтариш учун етарли кучга эга эмасмиз. Қримни қайтариш учун ўн минглаб одамлар қурбон бўладиган урушга киришишимиз мумкин эмас… Биз Қрим дипломатик йўл билан қайтарилиши мумкинлигини тушунамиз».
Россияни музокаралар столига ўтқазиши мумкин бўлган дипломатик йўлни Киев қандай тасаввур этмоқда? Украина режаларида бу камида Москвага «Тинчлик саммити»да иштирок этиш таклифини ўз ичига олганди. Ушбу саммитнинг илк қисми Швейцарияда бўлиб ўтди, иккинчиси эса 2024 йил ноябрига режалаштирилганди. «Саммитда албатта Россия вакили иштирок этиши керак. Бусиз урушни дипломатик йўл билан тугатиш жуда қийин бўлади», деганди Зеленский сентябр ойида.
Тинчлик саммити кун тартиби эса 10 та банддан иборат Зеленскийнинг тинчлик формуласи бўлиши керак ва у 2022 йилда жаҳонга тақдим этилган: ядровий, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизликни таъминлаш, асирларни (жумладан, депортация қилинган болаларни) озод қилиш, Россия қўшинларини олиб чиқиш ва уруш зарарлари учун репарация тўлаш.
Аммо Россия ҳали саммитда иштирок этишга қизиқиш билдирмади. Украина ҳам иккинчи саммитни номаълум муддатга қолдирди.
Бироқ режанинг алоҳида пунктлари бўйича музокаралар ўтказилаётган бўлиши мумкин. 2024 йил октябрида Financial Times Украина ва Россия энергетика объектларига зарба бермаслик бўйича музокараларни қайта тиклашни муҳокама қилганини хабар қилди. Ушбу музокараларда Қатар воситачилик қилган. Бироқ, музокаралар Украинанинг Курск областига бостириб кериши фонида тўхтаб қолган.
Томонлар расман музокаралар ўтказилаётгани фактига изоҳ беришмаган. Бироқ Зеленский энергетика объектларига зарбаларни тўхтатиш – урушни тугатиш йўлидаги биринчи қадам бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Бу қишнинг совуқ кунлари арафасида Киев учун жуда таъсирли мавзу.
Бу музокаралар бугун қай босқичда экани номаълум, кўриниб турибдики катта натижалар ҳам олиб келмаган. Россиянинг ноябр ойи ўрталарида Украина энергетика объектларига берган кенг кўламли зарбалари натижасида электр энергияси бир неча соатга узилган ҳолатлар юз берди.
АҚШ: Доналд Трамп режасини кутишмоқда
АҚШнинг позицияси уруш якунларига оид ҳар қандай сценарийда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу сабабли, президентлик сайлови натижаларига ҳам Киев, ҳам Москва томонидан катта эътибор қаратилди.
2024 йил январида Доналд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришади. Сайловолди кампанияси давомида у низони инаугурациягача якунлаш ва ҳатто бир сутка ичида урушни тўхтатиш қобилиятига эга эканини бир неча бор таъкидлади. Сайловда ғалаба қозонганидан кейин ҳам у, ҳам унинг атрофидагилар ҳали аниқ режаларни ошкор қилмаган. Бироқ режанинг умумий кўринишини оммавий ахборот воситаларидаги маълумотлар ва Оқ уй ҳамда бошқа идораларда Трамп жамоасига кирган номзодлар орқали билиш мумкин.
Reuters агентлиги 2024 йил ёзида собиқ генерал Кит Келлог ва Фред Флейтц томонидан ишлаб чиқилган режа ҳақида хабар берган эди. Улар Трампнинг маслаҳатчилари бўлиб, унинг аввалги президентлиги даврида Миллий хавфсизлик кенгаши аъзолари эди. Режа Украинага қўллаб-қувватловни чеклаш, Киевни Россия билан музокаралар ўтказишга мажбурлашни кўзда тутади. Агар Россия музокаралардан бош тортса, Киевга ёрдамни кучайтириш билан таҳдид қилишни кўзлашган. Шунингдек, фронтни мавжуд чегараларда музлатиш ҳам таклиф этилган.
Флейтцнинг таъкидлашича, гарчи унинг ҳар бир бандини маъқулламаган бўлса-да, умуман режа Трампга ёққан. Республикачи президентнинг расмий вакиллари эса бу режадан ўзларини олиб қочган.
Трамп сайловда ғалаба қозонгандан кейин Wall Street Journal нашри унинг жамоасидаги муҳокамалар ҳақида кўпроқ маълумотлар чоп этди. Газетага кўра, янги президент жамоаси бир неча сценарийни кўриб чиқмоқда, аммо уларнинг асосий мақсади Байден маъмуриятининг «қанча зарур бўлса, шунча қўллаб-қувватлаш» принципидан воз кечишга қаратилган. Трампнинг ўғли сайловдан сўнг ижтимоий тармоқларда Зеленский тез орада «кўмакдан маҳрум бўлиши»ни ҳазиломуз тилга олган.
Формал нуқтайи назардан, Байден маъмурияти ҳам Украинанинг шимолий алянсга аъзо бўлиш аризасини маъқуллаш учун розилик бермаган. Украина президентининг Вашингтонга сафаридан сўнг АҚШ нашрлари Оқ уйдагилар Зеленскийнинг «ғалаба режаси»га скептик муносабатда бўлишганини ёзди.
Трампнинг сайланиши Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш эҳтимолини камайтиради. WSJ маълумотига кўра, Трамп жамоаси бош қотираётган режалар фронтни мавжуд позицияларда музлатишни ва Украина НАТОга яқин 20 йил давомида аъзо бўлмаслигини назарда тутади.
Шу режага кўра, демилитаризация қилинган ҳудуд яратиш ва у ерда европалик тинчликпарвар кучлар жойлаштирилиши мумкин.
Трампнинг ташқи сиёсатдаги мақсадларини амалга ошириш учун танлаган номзодлари ҳам унинг урушни тезроқ тугатишга интилишини кўрсатади.
Сенатор Марко Рубиога Давлат департаменти раҳбарлиги таклиф қилинган. Гарчи Рубио илгари Путинни «гангстер» деб атаган бўлса-да, кейинги ойларда Украинадаги уруш боши берк кўчага кириб қолгани ва у тезроқ тугатилиши кераклигини айтмоқда.
Миллий разведка раҳбарлигига Тулси Габбард тайинланиши кутилмоқда. У Россиянинг Украина НАТОга қўшилишига бўлган хавотирларини «асоссиз эмас» деб атаган ва Байденнинг Киевга ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатишини танқид қилган.
Трампнинг булажак маъмуриятида Миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчи лавозимига Майк Уолтц тайинланиши мумкин. У Россия босқинини танқид қилган, аммо баҳорда Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам беришга қарши овоз берган республикачилардан бири эди.
АҚШнинг Украинадаги уруш бўйича махсус вакили лавозимига ким тайинланиши ҳам кўп нарсани белгилаб беради. Бу лавозим ҳозирча мавжуд эмас, аммо Reuters маълумотига кўра, Трамп уни яратиш ҳақида ўйламоқда. Бўлажак номзодлар орасида АҚШнинг Германиядаги собиқ элчиси Ричард Греннел ҳам бор. У урушни тўхтатишни қўллаб-қувватлаган ва Украина НАТОга қабул қилинишига кескин қарши чиққан.
Владимир Путин Трампнинг урушни тугатишга интилишини «диққатга сазовор» деб атаган.
Украина эса АҚШнинг янги маъмурият билан мулоқотни бошлаб юборган, шу билан бирга, Байден маъмуриятидан максимал кўмак олишга интилаётгани маълум қилинган.
Европа: Украинага қўллов ваъда қилинмоқда, аммо урушни якунлаш борасида қарашлар турлича
Европанинг Украина билан иттифоқчи давлатлари ўз тинчлик режаларини таклиф қилмаган. Европанинг расмий позицияси шундан иборатки, Москва билан музокараларни қандай ва қачон ўтказишни фақат Киев ҳал қилади, Европа эса Украинага молиявий ёрдам, қурол-яроғ ва Россияга нисбатан санкциялар орқали босим ўтказишни давом эттиради.
Бироқ урушни тугатиш бўйича аниқ сценарийлар ҳақидаги фикрлар Европа мамлакатлари орасида сезиларли даражада фарқ қилади. Киевнинг иттифоқчилари орасида энг консерватив позиция Германияда — Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринда турган давлатда кузатилмоқда. Германия канцлери Олаф Шолц Украина НАТОга аъзо бўлишига қарши. У НАТО билан Россия ўртасида тўғридан тўғри можаронинг олдини олиш учун ушбу позицияда қатъий қолмоқда. Россия Украинада «Орешник» ракетасини ишлатиб, Европага зарбалар билан таҳдид қилганидан кейин ҳам Шолц ўз позициясини ўзгартирмади. Аксинча, у Европа урушдаги кескинликни оширишдан қочиш учун барча чораларни кўриши кераклигини яна бир бор таъкидлади.
Ноябр ойи ўрталарида Шолц икки йил ичида биринчи марта Владимир Путин билан телефон орқали гаплашди. Берлиннинг маълум қилишича, канцлер Путинни Киев билан музокараларга чорлаган, мақсад «адолатли ва мустаҳкам тинчлик» ўрнатиш эди. Кремл эса ўз баёнотида музокаралар «янги ҳудудий воқеликлар»дан келиб чиқиб олиб борилиши лозимлигини таъкидлади.
Володимир Зеленский Шолц ва Путин ўртасидаги мулоқотни «Пандора қутиси» очилиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия тинчликка интилмаяпти, балки урушни қайта давом эттириш учун вақтинчалик танаффусни таъминлашга ҳаракат қилмоқда.
Шолцнинг позицияси муҳим, аммо у коалиция тарқалиб кетганидан сўнг феврал ойида Германияда бўладиган навбатдан ташқари сайловлар олдидан яна бир бор кўриб чиқилиши мумкин. Европа пойтахтларида Киевга ёрдам бериш ва урушни якунлаш бўйича қарашлар турлича.
Париж расман «ғалаба режаси»ни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Венгрия эса Москва ва Киев ўртасидаги музокараларни дарҳол бошлашни талаб қилмоқда. Британия, ўз навбатида, АҚШ ёрдам ҳажмини камайтирган тақдирда ҳам Украинага ёрдам кўрсатишга ваъда бермоқда ва Киевнинг ўз ҳудудларидан воз кечиш бўйича музокараларни рад этишини очиқ қўллаб-қувватламоқда. Лондон расман узоқ масофага мўлжалланган Storm Shadow ракеталаридан Россия ҳудуди ичкарисидаги нишонларга зарба беришга рухсат берганини эълон қилмаган, аммо амалиётда бу аллақачон содир бўлмоқда.
Европада Украинага энг кўп кўмак берган давлатлардан бири Чехиянинг президенти Петр Павел охирги ойларда бир неча бор Украина учун «100 фоиз адолатли тинчлик» (барча ҳудудларни қайтариш ва репарацияларни тўлаш)га эришиш эҳтимоли жуда паст эканини айтди. НАТОнинг собиқ генерали фикрича, Украина уруш тугаганидан сўнг айрим ҳудудларининг камида «вақтинча» Россия назорати остида қолишига кўникиши лозим.
WSJ маълумотига кўра, Украинадаги зарбалар кучайгани ва Россия армиясининг Донбассда илгарилаши фонида Европада Москва ва Киев ўртасида музокаралар ўтказишни тезлаштиришга чақирувчи давлатлар сони ортяпти. Улар орасида Трампнинг режасини қўллаб-қувватловчи мамлакатлар ҳам бор.
Қолган дунё: Пекин ва «Глобал Жануб» Украинадаги урушни тинчлик йўли билан ҳал қилишни қўллаб-қувватламоқда
Украинадаги урушга бошқа давлатлар ҳам диққат билан назар ташламоқда. Баъзилари можарони ҳал қилишда фаол иштирок этишга ва Россия ҳамда Украинага ўз режаларини таклиф қилишга ҳаракат қилмоқда.
Bloomberg агентлиги маълумотига кўра, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ўзига хос режаси бор. Туркия НАТО аъзоси бўлиб, Москва билан яқин алоқаларни сақлаб қолган кам сонли давлатлардан бири ҳисобланади. Эрдўғаннинг воситачилигида Москва ва Киев ўртасида уруш бошланганидан бери амалга ошган кам сонли келишувлардан бири — ғалла битими имзолангани бўлди.
Эрдўған режасига кўра Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини 10 йилга музлатиб қўйиш, эвазига Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Шунингдек, Донбасснинг шарқий қисмларида демилитаризация қилинган ҳудуд ташкил этиш ва у ерда тинчликпарвар кучларни жойлаштириш ҳам таклиф қилинган. Аннексия қилинган ҳудудлар масаласи эса кейинга қолдирилиб, асосий эътибор ўт очишни тўхтатишга қаратилиши таклиф қилинган.
Анқара бу режани Россия ёки Украинага тақдим этгани номаълум.
Хитой ва Бразилия ўз тинчлик режаларини таклиф қилган, улар режа атрофида ҳаттоки кенг коалиция йиғишга муваффақ бўлган. 2024 йил сентябр ойида ушбу давлатлар «Глобал Жануб» давлатлари билан ҳамкорликда «Тинчлик дўстлари» платформасини ташкил қилди. Ушбу гуруҳ йиғилиши БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ўтказилди. Хитой ва Бразилиядан ташқари унга Миср, Индонезия, Жанубий Африка, Мексика ва Замбия каби 17 та давлат қўшилди.
Европанинг учта давлати – Швейцария, Франция ва Венгрия ҳам мазкур учрашувни кузатган.
«Тинчлик дўстлари» платформаси режаси олти асосий пунктдан иборат: жанговар ҳаракатларни тўхтатиш; можарони ҳал қилиш учун конференция ўтказиш; инсонпарварлик ёрдами ва асирлар алмашинувини амалга ошириш; оммавий қирғин қуроллари ва ядровий объектларга зарбалардан воз кечиш; глобал етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш.
Йиғилиш якунида қабул қилинган коммюникеда давлатлар БМТ хартиясига ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига риоя қилишни талаб қилган. Шу билан бирга, «давлатларнинг легитим хавотирлари»га ҳурмат билдириш лозимлиги қайд этилган. Владимир Путин худди шу «легитим хавотирлар»ни Украинага бостириб кириш ва унинг ҳудудларини аннексия қилиш учун асос сифатида кўрсатгани инобатга олинса, бундай режа икки томонни қандай қилиб яраштириши мумкинлиги тушунарсиз.
Россия томони Хитой ва Бразилиянинг ташаббусини ижобий баҳолади. Владимир Путиннинг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков BRICS’нинг Қозондаги саммитида давлат раҳбарлари ушбу режани муҳокама қилганини айтган (яъни, Киев иштирокисиз).
Володимир Зеленский эса мазкур режани «деструктив» деб атади. «Қандай қилиб биз билан маслаҳатлашмасдан, ўз ташаббусларини таклиф қилиш мумкин? Россия эса муҳокамага қўшилиб, «биз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз», дейди? Биз аҳмоқ эмасмиз! Бу театр нима учун?» – дея эътироз билдирган Зеленский.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
16:18
“Канални савол-жавобсиз қайтариб оламиз” – Трамп Панамага таҳдид қилди
09:53