Жаҳон | 11:58 / 27.11.2024
4186
3 дақиқада ўқилади

РФнинг Днипрога зарбаси НАТОни Украинани қўллаб-қувватлашдан қайтара олмайди

Россия «Орешник» баллистик ракетасини учиргач, НАТО иттифоқчилари Россиянинг тинч аҳолига қарши ҳужумини қоралаб, Украинага ёрдам бериш давом этишини эълон қилди.

Фото: AP

НАТО-Украина кенгаши элчилар даражасида Россия ўтган ҳафта Днипро бўйлаб ўрта масофага мўлжалланган экспериментал баллистик ракетани учиргач, мамлакатдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди. 26 ноябр, сешанба куни Брюсселда ўтказилган музокаралар якунлари бўйича алянс матбуот хизмати «учрашув чоғида НАТО иттифоқчилари Украинани қўллаб-қувватлашларини тасдиқлагани»ни билдирди.

Киев илтимосига кўра чақирилган Украина-НАТО кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Украина ҳарбий қўмондонлиги вакиллари видео-алоқа орқали сўзлади. «Днипрога қаратилган ҳужум Россиянинг Украина тинч аҳолисини қўрқитиш ва Украинани Россиянинг ноқонуний ва асоссиз тажовузидан ҳимоя қилаётганларни қўрқитишга қаратилган навбатдаги уриниши сифатида кўрилмоқда», — дейилади НАТО матбуот баёнотида.

Шимолий Атлантика алянси Россиянинг экспериментал баллистик ракетадан фойдаланиши «можаронинг боришини ўзгартирмаслигини ва НАТО иттифоқчиларини Украинани қўллаб-қувватлашдан тўхтатиб қўймаслигини» тасдиқлади.

РФнинг Днипрога ракета зарбаси

Россия президенти Владимир Путин 21 ноябр куни Россия армияси Днипро шаҳрига «ядровий бўлмаган гипертовушли ускунадаги баллистик ракета» билан «Россиянинг энг янги ўрта масофали «Орешник» тизими» ёрдамида ҳужум қилганини айтди. Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармасининг (ГУР) маълум қилишича, зарба «Кедр» ракетаси томонидан берилган бўлиши мумкин.

Россиянинг Днипрога ракета ҳужуми ортидан НАТО бош котиби Марк Рютте элчилар даражасида НАТО-Украина кенгаши йиғилишини ўтказди.

Байден ҳозирча Украинани НАТОга таклиф этишга чақирмасликка қарор қилди

Оқ уй Украинани НАТОга аъзо бўлиш учун расмий таклиф қилишга ошкор чақириқ билан чиқмоқчи эди, аммо бундай қилмасликка қарор қилди. Бу ҳақда Bloomberg 23 ноябр куни ёзган. Унга кўра, амалдаги президент Жо Байден маъмурияти «қисқа муддатда муваффақият қозониш эҳтимоли пастлигини ҳисобга олиб,» бундай рамзий чақириқ ғоясидан воз кечган. Бунинг ўрнига, деб ёзади Bloomberg, Украинага шундай кафолатлар берадиган икки томонлама хавфсизлик келишувларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Агентлик қайд этишича, «Байден Украина президенти Володимир Зеленскийга Доналд Трампнинг 2025 йил 20 январга режалаштирилган инаугурацияси олдидан имкон қадар кучли ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқда». Оқ уй томонидан қабул қилинган энг муҳим қарорлардан бири Украинага Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга узоқ масофали Ғарб қуроллари билан зарба йўллаш учун берилган рухсатдир. Бундан ташқари, Бразилияда ўтказилган G20 саммитида Байден Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Мавзуга оид