Жаҳон | 16:05 / 30.11.2024
16527
2 дақиқада ўқилади

АҚШда оила эски қутидан XVIII асрга оид доллар топиб олди. Танга 100 минг долларга баҳоланмоқда

Нодир топилма 15 декабр куни кимошди савдосига қўйилади.

Фото: West Alabama Watchman

АҚШнинг Род-Айленд штатида яшовчи оила ўз уйидан 1795 йилга тегишли кумуш доллар топиб олди. У узоқ вақт эски пойабзал қутисида турган. West Alabama Watchman сайти хабар беришича, ҳозирги қиймати 100 минг долларга баҳоланаётган танга 15 декабр куни GreatCollections кимошди савдосига қўйилади.

Топилма АҚШ зарбхонаси томонидан зарб этилган дастлабки кумуш тангалардан бири бўлиб, мазкур зарбхона президент Жорж Вашингтон даврида ўз фаолиятини бошлаган. Танга АҚШнинг миллий валюта яратиш бўйича дастлабки уринишларини акс эттиради. Бундан ташқари, айнан шу долларда ноёб кумуш қўшимча мавжуд — у танганинг оғирлигини стандартларга мослаштириш учун қўшилган. Бу турдаги тангалардан атиги 100 га яқин нусха сақланиб қолган.

Таъкидланишича, артефактни топган оила яқин вақтгача унинг тарихий қийматидан бехабар бўлган. Танга минимал даражада ейланганига қараб, мутахассислар унинг 1790 йиллар охири ёки 1800 йиллар бошида муомаладан олиб ташланганини тахмин қилмоқда. Долларга нуфузли PCGS AU58 ва CAC сертификатлари берилди. Улар танганинг юқори сифатини тасдиқлаб, коллекционерлар орасида унинг қийматини оширади.

Аввалроқ Австрияда сантехник 30 килограмм оғирликдаги тилла тангалар яширилган хазинани топиб олганди, уларнинг қиймати 2,5 миллион долларга баҳоланган.

Мавзуга оид