Ўзбекистон | 23:15 / 30.11.2024
23332
11 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқ органларида “тозалаш”, газдан узилаётган бизнес ва шифокорлар ойлиги масаласи — ҳафта дайжести

Комил Алламжоновга суиқасддан бир ой ўтиб куч тузилмаларида истеъфолар серияси кузатилди. Ҳукумат тиббиёт ходимларининг ойлиги масаласида нимани ўйлаётганини очиқлади. Қиш остонасида яна тадбиркорларни газдан узиш бошланди. Доллар курси 13 минг сўмга яқинлашмоқда. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

ЖСТга аъзолик жараёнида Хитой билан ҳам музокалар якунланди

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида икки муҳим ҳамкор – АҚШ ва Хитой билан музокараларни якунлади. Бош музокарачи Азизбек Урунов шу ой бошида Вашингтонда, жорий ҳафтада эса Пекинда бўлиб, икки томонлама музокаралар якунланганини эълон қилди. Тегишли протоколлар энди имзоланиши кутилмоқда.

Шу тариқа, Ўзбекистон фаол музокара ўтказиш истагини билдирган ЖСТнинг 31 та аъзосидан 22 таси билан бозорга кириш шартларини келишиб олди. Келаси ҳафта бўлиб ўтадиган ишчи гуруҳнинг 9-йиғилиши доирасида ҳам янги келишувлар бўлиши мумкин. Бу келишувларнинг тафсилотлари ва олинган мажбуриятлар аъзолик жараёни якунига етганидан кейин эълон қилинади.

ЖСТга кириш тайёргарлиги доирасида, 1 январдан бошлаб экспорт тушумидан фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ имтиёзлари бекор қилинади, транспорт харажатларини қисман қоплаб бериш тўхтатилади. Шунинг ҳисобига давлат бюджетининг юки 1,6 триллион сўмдан ортиққа енгиллашади. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, бу чоралардан кимлардир зарар кўриши мумкин, лекин адолатли савдо шуни тақозо қилади. “Ўзбекистоннинг ҳар бир тадбиркори мана шу очиқ рақобат шароитида тадбиркорлик юритишга ўрганиши керак”, деди Қўчқоров сешанба куни парламентдаги чиқишида.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат ташкилотга аъзо бўлиб киришни 2026 йилга режалаштирган. Йирик саноат тармоқлари шундан кейин ҳам бир неча йиллик ўтиш даври енгилликларидан фойдаланади.

Қўчқоров – шифокорларнинг ойлиги ҳақида

Ўзбекистон ҳукумати педагогларнинг ойлик маошига нисбатан татбиқ этилган ёндашувни тиббиёт соҳасида ҳам қўлламоқчи. Бу ёндашувга кўра, ходимлар орасидан юқори малакалилари ажратиб олинади ва уларга юқорироқ маош тўланади. Шу принцип асосида, бир неча ой олдин 1000 доллар маош олаётган ўқитувчилар сони 6 мингга етгани эълон қилинганди. Лекин муаммо шундаки, бу 6 минг нафар ўқитувчи – халқ таълими тизимидаги жами устозларнинг атиги 1 фоизини ташкил этади. Улар бошқа педагоглардан олий тоифали экани, сертификатга эгалиги ва вазир жамғармасидан устама олиши билан ажралиб туради.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, педагогларнинг маошига нисбатан жорий этилган бундай ёндашувни шифокорларга нисбатан ҳам қўллаш бўйича топшириқ берилган. Лекин энг илғор шифокорларни қандай қилиб саралаб олиш мумкин деган саволга ҳозирча жавоб топилмаган.

“Масаланинг энг мураккаб томони шундаки, ҳаммага 15 фоизга, ё 50 фоизга, балки 40 фоизга кўпайтириш биз кутаётган натижани берадими-йўқми деган савол бор. Шунинг учун топшириқ шундай бўлганки, олдинда юраётган, малакаси юқори бўлган, ўзининг ишини сидқидилдан бажараётган тиббиёт ходимларининг ойлигини кўпайтириш бўйича, тўғриси, ҳозир ечимларимиз йўқ. Бўлганида айтиб берардик. Бу бўйича ишлаяпмиз. Мен фикримни аниқ тушунтириш учун яна бир бор такрорламоқчиман: асосий масала – кимга ва нима учун юқори ойлик тўлаш. Шу масаланинг ечими бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бирга ишлаяпмиз”, – деди Қўчқоров.

Соғлиқни сақлаш соҳаси узоқ йиллардан бери ўртача маошларнинг соҳалар кесимидаги тақсимотида энг охирги ўринни эгаллаб келяпти. Статистика агентлигининг охирги ҳисоботига кўра, 1 октябр ҳолатига тиббиёт соҳасидаги ўртача маошлар 3 млн 300 минг сўмни ташкил этган. Бу – Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақидан 36 фоизга кам.

Доллар курси 12 925 сўмгача кўтарилди

Ўзбекистонда 1 АҚШ долларининг қиймати 12 900 сўмдан ошди. Жума куни тижорат банкларининг айирбошлаш шохобчаларида Америка валютасини сотиш операциялари 12 870 сўмдан 12 925 сўмгача бўлган курсларда амалга оширилди. Шу куни Марказий банк 2 декабрдан бошлаб долларнинг сўмга нисбатан расмий курсини 12 852 сўм деб белгилади. Йил бошидаги курс билан таққослаганда, 11 ой давомида сўм долларга нисбатан 4,2 фоизга қадрсизланди.

Ўзбекистоннинг энг асосий савдо ҳамкорларидан бўлган бири бўлган Россияда рублнинг қадрсизланаётгани бироз вақт ўтиб сўм курсига нисбатан ҳам босим яратиши мумкинлиги айтилмоқда. Жорий ҳафта ўрталарида 1 доллар 108 рублгача, 1 евро 113 рублгача кўтарилди, кўп ўтмай, регуляторнинг муайян чоралари ортидан Россия валютаси бироз мустаҳкамланди. Ушбу фонда қозоқ тенгеси ҳам тебранишларга учраши ортидан, Қозоғистон Миллий банки инфляция ва иқтисодий ўсиш прогнозларини салбий тарафга қайта кўриб чиқиб, 2022 йилдан буён илк марта асосий ставкани кўтаришга мажбур бўлди.

Ўзбекистонга келсак, 2025 йилги бюджети параметрларида АҚШ долларининг курси ўртача йиллик 13 250 сўмдан ҳисобланган. Ҳукумат прогнозларига кўра, йиллик ўртача курс 2026 йилда 13 725 сўм, 2027 йилда эса 14 150 сўмни ташкил этиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки бир ой олдин 2025 йил учун инфляция прогнозини 6-7 фоиз даражасида тасдиқлаган эди.

Алламжоновга суиқасддан кейинги “тозалаш”

Ўтган ҳафта охири, шу ҳафта боши Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд атрофидаги хабарларга бой бўлди. Аввалига Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов ишдан олингани, унинг ўрнига мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов тайинлангани хабар қилинганди. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, мудофаа вазири лавозимига Шуҳрат Холмуҳаммедов тайинланган. У бунгача мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди. Абдусалом Азизов эса Хавфсизлик кенгаши котибиятининг ихтиёрига ўтказилган.

Бундан ташқари, ушбу суиқасд юзасидан ўтказилаётган текширувлар доирасида яна камида 5 мулозим ишдан олингани маълум. ИИВ Жиноят қидирув хизмати бошлиғи Аҳроржон Адҳамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев, Тошкент шаҳар ИИББ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Тимур Собиров, ДХХ Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Алижон Ашуров ва унинг бош вазир ёрдамчиси бўлиб ишлаган укаси Сарвар Ашуров ишдан бўшатилган. Улар Алламжоновга уюштирилган суиқасд ишини фош этишга тўсқинлик қилгани айтилмоқда.

Душанба куни Бош прокуратура ҳодиса бўйича берган баёнотида илк марта Комил Алламжонов исмини тилга олди. Баёнотда айтилишича, жиноят содир этилганидан бир ой ўтиб, гумондор сифатида қамоққа олинганлар сони 7 кишини ташкил этмоқда. Улардан бири, К.С. исмли шахс Қозоғистонда қўлга олинган, яна бир гумондор Жавлон Юнусов эса Жанубий Кореяда ушланиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Ҳафта бошида, шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси раҳбариятида ҳам ўзгариш бўлди. 2022 йилдан бери бўш турган қўмита раиси лавозимига душанба куни президент Шавкат Мирзиёев сайланди. Отабек Умаров қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Шерзод Тошматов раис ўринбосари, Ойбек Қосимов бош котиб лавозимини эгаллади. Тошматов ва Қосимов бунгача ҳам ушбу лавозимларида ишлаб келаётган, Отабек Умаров эса Президент давлат хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритаётганди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Қиш остонасида яна тадбиркорларни газдан узиш бошланди. Республика бўйича 15 мингдан ортиқ тадбиркорнинг рўйхати тузилиб, улар босқичма-босқич газдан узилмоқда. Kun.uz'га мурожаат қилган тадбиркорлар олдиндан буюртмалар олиб қўйгани, газ йўқлиги учун корхонасининг фаолияти тўхтаб қолгани, ходимларига ҳам ойлик беролмай қолишини айтмоқда. “Ҳудудгазтаъминот”нинг маълум қилишича, рўйхатдаги тадбиркорлар билан тузилган шартномаларда газ етказиб бериш кафолати кўзда тутилмаган. Ваҳоланки, аввалроқ Энергетика вазирлиги иссиқхоналарга газ етказиб беришда чеклов йўқлигини айтиб баёнот берганди.

БААда уч ўзбекистонлик исроиллик роҳибнинг ўлимида гумонланиб ҳибсга олинди. 28 ёшда бўлган Цви Коган исмли раввиннинг жасади 24 ноябр куни Ал-Айн шаҳридан топилган. Исроил разведкаси шубҳа остига олинган уч ўзбекистонликни Эронга алоқадор гуруҳларга ёлланганликда гумонлаяпти. Эроннинг БААдаги элчихонаси айбловни рад этди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроил элчиси билан учрашиб, ҳамдардлик билдирди. “Терроризм ва экстремизмнинг чегараси ва миллати йўқ. Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларида БАА ва Исроил идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда”, деди Бахтиёр Саидов.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов лавозимини тарк этди. Вилоятга 6 йил раҳбарлик қилган 55 ёшли Турдимовни пайшанба куни бош вазир Абдулла Арипов илиқ тарзда лавозимдан кузатиб қўйди. Вилоят кенгаши унинг ўрнига Ҳисоб палатаси раиси лавозимида ишлаб келган Адиз Бобоев номзодини маъқуллади. Эслатиб ўтамиз, Эркинжон Турдимовнинг сайловдан кейин лавозимга қайта тасдиқланганига ҳали 1 ой ҳам бўлмаганди. Аввалроқ Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида ҳам янги сайланган депутатлар аввалига эски ҳокимни, бир ҳафтадан кейин эса бошқа мулозимни ҳоким лавозимига тасдиқлаб берганди.

Тошкентда йўл бўйларида паркомат билан жиҳозланган автотураргоҳлар ташкил этиш бошланади. Шаҳар бўйлаб 86 та ана шундай пулли автотураргоҳ участкасини аукционда 120 млрд сўмга “Balcomuz” МЧЖ ютиб олди. Шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, йўл бўйи автотураргоҳларида тўлов миқдори тариф зонасига қараб соатига 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача деб белгиланган. Тушумларнинг камида 1/12 қисми пойтахт йўл жамғармасига ўтказилади. Ҳафта давомида, шунингдек, Яккасаройдаги Аския бозорининг ҳудуди ва бинолари 17 млн долларга яқин бошланғич нархда сотувга қўйилди. Бозор ўрнида савдо мажмуаси ва эҳтимол меҳмонхона қурилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда ғойиб бўлган ўнлаб автомобиллар сирли тарзда Қозоғистонга олиб чиқиб кетилгани маълум бўлди. Kun.uz суриштирувида аниқланишича, Тошкентда яшовчи шахс одамлардан бўлиб тўлаш шарти билан автомобил сотиб олиб, автомобилларни “Яллама” пости орқали Қозоғистонга чиқариб юборган. Божхона ходимлари эса бировнинг машинасининг ҳайдаб келган шахсни ишончномаси бўлмаса ҳам машина билан бирга чегарадан ўтказиб юбораверган. Божхоначилар бунга жавобан ҳайдовчилардан ишончнома талаб қилиш ваколатига эга эмаслигини айтмоқда. Kun.uz Божхона қўмитасининг бу баёноти ва бошқа ҳолатлар бўйича ўз суриштирувини давом эттирмоқда.

Мавзуга оид