Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми кескин ошди. Трансфертларнинг асосий қисми қайси мамлакатлардан келган?
2024 йилнинг 10 ойида Ўзбекистонга 12,6 млрд доллар пул ўтказмалари амалга оширилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга кўп. Ҳисобот даврида пул ўтказмаларининг ўсиши АҚШдан 37 фоиз, Жанубий Кореядан 71 фоиз, Буюк Британиядан 76 фоиз ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоиз бўлган.
2024 йилнинг январ-октябр ойларида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 12,6 млрд долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ошган. Бу ҳақда Марказий банкнинг «Жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича қисқача шарҳи»да маълум қилинди.
Маблағларнинг 78 фоизи Россиядан (9,8 млрд доллар) келиб тушган бўлиб, 2023 йилнинг мазкур даврига нисбатан 35 фоизга ошган. Мазкур трансфертларнинг қолган қисми Қозоғистон (699 млн доллар), АҚШ (470 млн доллар), Жанубий Корея (458 млн доллар), Туркия (331 млн доллар), Буюк Британия (109 млн доллар) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.
Ойлар кесимида олинганда, энг кўп ўтказмалар июлда (1 млрд 785 млн доллар) амалга оширилган бўлса, энг ками февралда (738 млн доллар) ўтказилган.
«2024 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажмида кузатилган ўсиш тренди асосан меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи асосий ҳамкор мамлакатларда иқтисодий фаоллик ва иш ҳақи миқдорининг ошиши ҳамда ривожланган мамлакатларга меҳнат миграцияси оқими кўламининг кўпайиши билан изоҳланади. Мисол учун, интернет платформаларидаги маълумотларга кўра, Россияда меҳнат муҳожирлари фаолият юритадиган асосий соҳаларда таклиф қилинаётган иш ҳақи миқдори ўртача 38 фоизга ошган», дейилади МБ шарҳида.
Шу билан бирга, Ўзбекистон миграция агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йил бошидан бери ишлаш истагида бўлган 113 минг нафардан зиёд фуқаролар ривожланган мамлакатларга ишга юборилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 баробарга кўп.
Мазкур ҳолат Ўзбекистонга хориждан жўнатилган халқаро пул ўтказмалари ҳажмида ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан, жорий йилнинг январ-октябр ойлари давомида келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан АҚШдан 37 фоизга, Жанубий Кореядан 71 фоизга, Буюк Британиядан 76 фоизга ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоизга ўсган.
2024 йилнинг 10 ойи давомида давомида жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 7 млрд доллари анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2023 йилга нисбатан ўсиш 19 фоиз), 4,9 млрд доллари хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан тўғри (P2P) ўтказмалари орқали (ўсиш 52 фоиз) ҳамда 650 млн доллари банк ўтказмаси (SWIFT) орқали (ўсиш 2,4 баробар) амалга оширилган.
Бунда, 2024 йилда хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан тўғри (P2P) келиб тушган маблағларнинг жами ўтказмалар ҳажмидаги улуши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоиз бандга (39 фоизгача) ошган.
2024 йил бошидан P2P (онлайн) пул ўтказмалари кўламининг сезиларли даражада ошиши трансчегаравий тўлов тизимлари инфратузилмасининг ривожланиши ҳамда жисмоний шахслар орасида мазкур хизматларнинг кенг оммалашуви билан изоҳланиши мумкин. Хусусан, 2024 йилнинг январ-октябр ойлари давомида P2P (онлайн) транзакциялари сони қарийб 59 миллионтага етиб, ўтган йилга нисбатан 46 фоизга кўпайган.
Шунингдек, 2024 йилнинг январ-октябр ойлари давомида Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,3 млрд долларни ташкил қилган.
Валюта айирбошлаш операциялари
2024 йилнинг 9 ойида банклар ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси хариди ва сотуви бўйича операциялар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19 фоизга (3,3 млрд доллар) кўпайиб, 20,9 млрд долларни ташкил этган.
Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан банкларга 13,2 млрд доллар миқдоридаги ёки 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга кўп (2023 йилнинг мос даврида — 10 млрд доллар) чет эл валютаси сотилган. Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан харид қилинган чет эл валютаси ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 фоизга ўсиб, 7,7 млрд долларга етган.
Ҳисобот даврида жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган таклиф ҳажми талаб ҳажмидан 5,5 млрд долларга кўп бўлган.
Аввалроқ, 2027 йилга бориб Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 20 млрд долларга етиши кутилаётгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
19:59 / 18.12.2024
Ўзбек мигранти: у ватанига олтин экспортидан ҳам кўпроқ фойда келтиряпти
19:16 / 12.12.2024
“Эски намунадаги 100 долларлик купюраларни айирбошлашда чекловлар йўқ” – Марказий банк
13:16 / 12.12.2024
Марказий банк асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
17:52 / 11.12.2024