Спорт | 11:55 / 01.12.2024
12829
18 дақиқада ўқилади

«Барса» аутсайдерга ютқазди, «Арсенал» рақибларни қўрқитмоқда. Кун ўйинлари

Шанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Арсенал»да яна йирик ҳисоб

«Вест Ҳэм» — «Арсенал» 2:5
Голлар:
Ван-Биссака (38), Эмерсон (40) — Габриэл (10), Троссар (27), Эдегор (34, пеналти), Ҳавертц (36), Сака (45+5, пеналти).
«Вест Ҳэм» – Фабиански, Эмерсон (Цоуфал, 65), Килмен, Тодибо, Ван-Биссака, Пакета (Родригес, 78), Соучек, Саммервилл (Алварес, 46), Солер (Ирвинг, 78), Боуэн, Антонио (Ингз, 65).
«Арсенал» – Райя, Калафиори (Зинченко, 56), Габриэл (Кивёр, 46), Салиба, Тимбер, Райс, Жоржинио, Эдегор (Жезус, 74), Троссард (Нванери, 85), Ҳавертц, Сака (Стерлинг, 74).
Огоҳлантиришлар: Эмерсон (42), Сака (42), Саммервилл (45+1), Фабиански (45+3), Соучек (90+4).

Эдегор жароҳатидан тузалгач ва бир неча ўйинни ўтказиб юборган Сака ҳам олдинги формасига қайтгач — «Арсенал» ўйинини кузатиш яна эстетик завқ бера бошлади. «Вест Ҳэм» билан дерби эса ЕЧЛда «Спортинг»га қарши кечган ўйиннинг (5:1) ўзига хос давомига айланди. Биринчи бўлим ўрталарига келиб «болғачилар» дарвозаси тўрт марта ишғол этиб бўлинганди, барчаси «канонирлар» учун одатий гол билан бошланди. Сака корнердан тўп узатди — Габриэл Магалянс бош билан гол урди.

Иккинчи голли ҳужум — гурманларнинг иштаҳасини қўзғайдиган егулик мисоли бўлди. Эдегор юмшоқ пас билан тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб беришидан — Сака бўш дарвоза қаршисида турган Троссарни голли пас билан таъминлашигача. Европа лигаларида бу мавсумда 10 та голли узатма амалга оширган илк футболчига айланган Сака учинчи голда ҳам асосий ишни бажарди, у жарима майдонига икки ҳимоячи орасидан ёриб кирди ва Лукас Пакетани фол ишлатишга мажбур қилди, шундан кейин Эдегорга мавсумдаги илк голини уриши учун имконият тақдим этди. Бундан икки дақиқа ўтиб Троссар майдон марказидан туриб Ҳаверцни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди.

Кўпчилик феврал ойида бўлгани каби «Арсенал» яна ушбу рақибини сафарда 6:0 ҳисобида мағлуб этишини кута бошлади. Лекин мезбонлар уйғонишди ва икки дақиқа ичида жамоанинг икки латерали — Ван-Биссака ва Эмерсон иккита жавоб голини уришди. Фақат биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Фабиански тўпга чиқишда хатога йўл қўйиб, Магалянснинг бошига зарба бериб юборди ва белгиланган 11 метрлик жарима зарбасини бу сафар Сака аниқ ижро этиб, амалда «Вест Ҳэм»нинг камбэк учун умидларини кўмди. Иккинчи бўлимда мезбонлар қўполроқ ўйнай бошлади, Артета ўз етакчиларини майдондан олди ва мухлислар бошқа гол кўришмади. Лекин биринчи бўлимдаги голлар «канонирлар» АПЛ тарихида бир жамоа дарвозасига сафарда 60 гол урган илк жамоага айланиши учун етарли бўлди.

Испания: «Барса»да бунақаси 41 йилдан бери бўлмаганди

«Барселона» — «Лас-Палмас» 1:2
Голлар:
Рафиня (61) — Рамирес (49), Силва (67).
«Барселона» – Пеня, Балде (Мартин, 26), Мартинес, Кубарси (Виктор, 90+2), Кунде (Форт, 56), Педри, Гави (де Йонг, 57), Торре (Ямал, 46), Лопес (Ферран Торрес, 57), Рафиня, Левандовски.
«Лас-Палмас» – Силлессен, Мармол (Макберни, 90+2), Маккенна, Суарес, Вити (Бенито Рамирес, 83), Кампаня (Луаодис, 68), Родригес (Фабио Гонсалес, 83), Молейро, Хави Мунйос, Сандро Рамирес (Марвин, 73), Фабиу Силва (Мата, 73).

«Барселона» Испания чемпионатининг бу мавсумида яхши старт олганди, аммо «Реал» билан орада юзага келган фарқ йўққа чиқа бошлади. Бу тур олдидан бу фарқ йўқотилган очколар бўйича атиги бир очкони ташкил этаётганди (мадридликларда «Валенсия»га қарши захира ўйини бор). 15-турда 17-ўриндаги «Лас-Палмас» каталонияликлар меҳмони бўлди. Бу ўйин арафасида Ямал, Торрес ва Гарсия сафга қайтди, аммо уларнинг барчаси захирада қолдирилди. Лекин Гави ва Педри жуфтлиги бошланғич таркибдан ўрин олди, чунки ўтган турда Касадо қизил карточка туфайли дисквалификацияга учраганди.

«Барселона» тўпга эгалик қилди ва рақибнинг кам сонли қарши ҳужумларида офсайд қопқонини ишга туширди. Лекин мезбонлар дарвозаси яқинида барибир хавфли вазиятлар юзага келтирилди. 21-дақиқада эса ўта ёқимсиз эпизод рўй берди.

Рамирес Балденинг йўлини тўсди, «Барселона» ҳимоячиси эса йўталиб, томоғини ушлаганча узоқ вақт газонда ётди. Видеотакрор рақиб унинг томоғига елкаси билан зарба берганини кўрсатди. Футболчига узоқ вақт давомида ёрдам кўрсатилди, кейин эса у майдонни замбилда тарк этди. 26-дақиқада унинг ўрнига Херард Мартин тушди.

Кўп ўтмай айнан у Рамиресга худди шундай зарба бериб, жамоадоши учун қасос олди. Икки ҳолатда ҳам ҳакам ҳатто сариқ ҳам кўрсатмади, VAR эса фолларни қизилга тортмайди деб ҳисоблаб, вазиятга аралашмади (умуман олганда, бу ўйинда бирорта карточка кўрсатилмади).

Биринчи бўлимда «Барса» кўпроқ вазият яратди, аммо гол уролмади. Танаффус арафасида каталонияликлар голга жуда яқин келишди, Рафиня қарши ҳужумда рақиблардан қочиб кетиб зарба йўллади, аммо тўп тўсинга тегди.

Иккинчи бўлим бошида Торре ўрнига Ямал майдонга чиқди, аммо меҳмонлар ҳисобни очишди. Улар ўз дарвозаси олдидан тўпни ўйинга киритиб, уч пас билан бутун майдонни босиб ўтишди. Рамирес жарима майдони чизиғи устида туриб олис бурчакни аниқ нишонга олди. «Барселона» ноқулай вазиятга тушиб қолди. Флик дарҳол реакция қилди – Форт, де Йонг ва Торресни ҳам майдонга ташлади. Мезбонлар кучли босим қилишди ва мувозанатни тиклашди. Рафиня жарима майдони ташқарисида тўпни қабул қилиши биланоқ аниқ зарба берди – 1:1.

Энди «Барса» аутсайдерни таслим қиладигандек кўринаётганди, аммо меҳмонлар кутилмаганда иккинчи голни ҳам уришди. Мунйос майдоннинг иккинчи қисмидан на Фабиу Силвага ажойиб ассист узатди, Форт офсайд чизиғини ушлашда хатога йўл қўйди ва рақибга ҳам ета олмади. «Лас-Палмас» охирги бор «Барселона» майдонида 1983 йилда икки гол урганди.

«Барса» рақиб дарвозасини қамал қилди, аммо ҳимоячилар яхши туриб беришди. Ўйин охирларида Ямал жарима зарбаси ишлади, аммо Рафиня тепган тўпни Силлессен тўсин остида тўхтатди. Каталонияликларнинг собиқ посбони шу куни етти сейв амалга оширди.

«Барса» қўшимча дақиқаларда икки бор пеналти сўради, аввалига бурчак тўпи узатиб берилганида рақиб ҳимоячиларидан бири мезбонлар футболчисининг оёғини босиб олди, 90+5-дақиқада эса Маккенна Пау Викторнинг футболкасидан ушлаб қолди, аммо икки ҳолатда ҳам пеналти қўйилмади. «Лас-Палмас» Каталонияда 1972 йилдан буён илк бор ғалабага эришди. Флик жамоаси Ла Лиганинг сўнгги уч турида фақат бир очко олди. Кўк-анорранглилар дарвоза тўсини ёки устунларини мўлжалга олиш бўйича «катта бешлик»да яққол етакчи (14). «Реал» эса захирада икки ўйини бор ҳолда тўрт очколик фарқ билан таъқиб қилмоқда.

«Валядолид» — «Атлетико» 0:5
Голлар:
Лангле (26), Алварес (35), Де Паул (37), Гризманн (52), Сёрлот (90+2).
«Валядолид» – Хейн, Лукас Роза, Перес, Санчес (Ануар, 46), Жемерт, Ба, Кике Перес (Мартин, 85), Амалла (Юрич, 12), Санчес, Моро (Месегер, 46), Силла (Латаса, 62).
«Атлетико» – Облак, Галан (Рейнилду, 46), Лангле, Хименес, Лоренте, Галлаҳер, Барриос (Лино, 79), Де Паул (Коке, 64), Симеоне, Алварес (Корреа, 64), Гризманн (Сёрлот, 64).
Огоҳлантиришлар: Кике Перес (32), Галан (41), Симеоне (75).

Диего Симеоне ҳеч қачон «Валядолид»га ютқазмаган, бу клуб унинг учун «Хетафе» билан биргаликда энг қулай рақиб ҳисобланади. «Матрасчилар» бу сафар барча масалани биринчи бўлимдаёқ ҳал қилиб, уч гол уришди, яна икки гол инобатга олинмади. Мадридликлар сафидаги ўнинчи голини урган Алварес учун бу одатий ҳолатга айланиб боратган бўлса, ҳисобни очган Лангленинг голи — алоҳида воқеа бўлди. Бу ушбу француз ҳимоячи учун сўнгги икки йил давомидаги илк гол эди. У Испанияда тўрт йилдан буён гол урмаётганди. Унинг охирги голи ҳам Валядолидда, «Барселона» сафида урилганди. Якуний 5:0 ҳисоби ҳозирча «Атлетико»ни иккинчи ўринга олиб чиқди. Биринчи ўрин билан фарқ — атиги икки очко.

Италия: «Милан» учун енгил сайр

«Милан» — «Эмполи» 3:0
Голлар:
Мората (19), Рейндерс (44, 69).
«Милан» – Менян, Тео, Тиав, Габбия (Павлович, 75), Эмерсон, Рейндерс, Фофана (Лофтус-Чик, 75), Леау (Камарда, 84), Пулишич, Муса (Чуквуэзе, 75), Мората (Абраҳам, 81).
«Эмполи» – Васкес, Вити, Исмайли, Гогличидзе (Марянуччи, 71), Пеццелла (Какаче, 46), Мале, Анжорин (Эспозито, 66), Ҳендерсон, Гяси, Пеллегри (Эконг, 75), Коломбо (Солбаккен, 46).
Огоҳлантиришлар: Габбия (25), Коломбо (35), Муса (57), Ҳендерсон (67).

«Милан» ва унинг бош мураббийи Паулу Фонсеку жорий мавсумда кўп бор танқидга учрамоқда. Ҳолбуки россонерилар сўнгги йигирма йилдан ортиқ вақт давомида илк бор ўз майдонидаги етти учрашувдан бештасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. «Эмполи» билан ўйин — Менян учун энг осон кечган учрашувлардан бири бўлди. Миланликлар ташаббусни қўлга олишди ва уни охирги дақиқага қадар рақибга топширишмади. Ўртамиёна рақиб устидан қозонилган йирик ҳисобли ғалаба Моратанинг голи билан бошланди, у Рафаэл Леаунинг зарбаси ҳимоячидан қайтганидан кейин тўпни эгаллаб олиб, яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Қолганини эса шу оқшом дублни расмийлаштирган Рейндерс бажарди. Унинг биринчи голи айниқса чиройли чиқди, нидерландиялик яримҳимоячи қайтган тўпни ўзига бўйсундирди ва уни устун ёнидан дарвозага киритиб юборди. Рейндерснинг иккинчи голи эса — тезкор қарши ҳужум самараси бўлди, ҳавбек тўпни жарима майдонига қадар олиб борди ва унга кирмасдан кучли зарба йўллади. Лекин бу ғалаба «Милан»ни фақат еврокубоклар зонасига яқинлаштиришга яради ва якшанба куни етакчилар гуруҳидаги рақиблар буни ҳам йўққа чиқариши мумкин.

Германия: Шикни тўхтатиб бўлмаяпти

«Унион» Берлин — «Байер» 1:2
Голлар:
Чон Ву Ён (29) — Фримпонг (2), Шик (71). 
«Унион» Берлин – Реннов, Кверфелд (Фолланд, 85), Фогт, Дуки, Чон Ву Ён (Сков, 79), Холлербах, Роте, Хедира (Шефер, 79), Кемляйн, Триммел (Юранович, 79), Скарке (Вертессен, 69).
«Байер» – Градецки, Инкапиэ, Та, Тапсоба, Артур (Мукиеле, 79), Грималдо, Алеиш Гарсия (Виртц, 59), Андрих (Паласиос, 58), Фримпонг (Телла, 79), Жака, Шик.
Огоҳлантиришлар: Андрих (21), Роте (28), Кверфелд (63), Триммел (67), Мукиеле (90+3), Сков (90+3).

«Байер» ички чемпионатда сафар ўйинларида сентябр ойидан буён ғалаба қозона олмаётганди, аммо Берлинда «Унион»нинг қаршилиги синдирилди, бу жамоа шанба кунги ўйингача амалдаги чемпионларни яқиндан таъқиб қилиб келаётганди. Фримпонгнинг тезкор голига мезбонлар биринчи бўлимдаёқ жавоб қайтаришди, аммо шу куни бундеслигада юзинчи ўйинини ўтказган Шикни тўхтатишнинг имкони бўлмади. Бонифейс жароҳат олгани учун асосий таркибга қайтган чехиялик ҳужумчи қаторасига тўртинчи ўйинда гол урди (жами олтита), у бу ўйиндаги ғалаба голини Вирцнинг узатмасидан кейин кўкрак қисми билан дарвоза тўрига йўналтирди.

Бу зарба Хаби Алонсо жамоасини учинчи ўринга олиб чиқди, бунда параллел учрашувда «Лейпциг» «Вольфсбург»га шармандали ҳисобда ютқазгани ҳам ёрдам берди. Ўз майдонидаги 1:5 — ҳақиқий фалокат. Жамоанинг ғалабасиз серияси олти ўйинга етди (=1-5). Марко Розе шогирдлари охирги марта 29 октябр куни Германия кубогида ғалаба қозонганди.

«Боруссия» Д — «Бавария» 1:1
Голлар:
Гиттенс (27) — Мусиала (85).
«Боруссия» Д – Кобел, Бенсебайни, Шлоттербек, Антон (Зюле, 18), Рюэрсон (Коуто, 74), Гросс, Нмеча, Гиттенс (Мален, 74), Забитцер (Рейна, 90), Байер, Гирасси.
«Бавария» – Нойер, Дэвис, Ким Мин Жэ (Олисе, 80), Упамекано, Лаймер (Боэ, 62), Горетцка, Киммиҳ, Тел (Коман, 62), Мусиала, Сане, Кейн (Мюллер, 33).
Огоҳлантиришлар: Рюэрсон (71), Сане (88), Упамекано (90+3), Байер (90+5).

Турнинг марказий учрашуви эса Дортмундда ўтказилди, бу ерда «Боруссия» барча турнирлар доирасида қаторасига 11 учрашувда ғалаба қозонаётганди. Ва «Сигнал Идуна Парк» сеҳри якунда «Бавария»га ўтмади. Ҳолбуки «асаларилар» аввалига мюнхенликлар мудофаасини ёриб ўта олганди. Бу ҳимоячилар бунгача етти учрашув давомида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаганди, аммо қуруқ серия 697-дақиқада тўхтади. Мавсум кашфиётларидан бири Байно-Гиттенс Шлоттербекнинг пасидан кейин ён чизиқда Лаймерни алдаб ўтди ва тўпни рақиб жарима майдонигача олиб бориб, ўткир бурчакдан гол урди.

20 ёшли англиялик фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказмоқда, у ўн тўққиз ўйинда 11 (8+3) самарали балл ишлашга улгурди, бу сариқ-қоралар формасидаги олдинги 58 ўйиндаги билан тенг. Бир неча дақиқа ўтиб эса «Бавария» жароҳат туфайли Кейндан айрилди.

Иккинчи бўлим барибир «Бавария»ники бўлди ва меҳмонлар мағлубиятдан қутулиб қолишди. Ҳисобни тенглаштирувчи голни, табиийки, бундеслигада сафар голлари бўйича мутахассис (қаторасига олти гол) Мусиала урди. Мюнхенликларнинг жарима зарбасидан кейин тўп «девор»дан қайтди, аммо Олисе тўпга эга чиқиб, голли пас узатди. Мусиала яна бир бор ўзига хос бўлмаган тарзда боши билан гол урди ва шундай голлари учун махсус нишонлаш услубини намойиш этди. Бу гол эвазига «Бавария» чемпионатнинг жорий мавсумида мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда, Дортмунддаги мағлубиятсиз серия ҳам беш йилдан буён давом этади.

Франция: Маркиноснинг ғамгин юбилейи

«ПСЖ» — «Нант» 1:1
Голлар:
Ҳакими (2) — Аблин (38).
«ПСЖ» – Доннарумма, Мендеш, Пачо, Маркинос, Ҳакими, Фабиан Руис, Витиня, Невеш (Заир-Эмери, 61), Барколя (Дуэ, 73), Ли Кан Ин (Дембеле, 73), Рамуш.
«Нант» – Карлгрен, Коцца, Сантонз (Амян, 46), Паллуа, Зезе, Кастеллетто (Дюверн, 73), Дуглас, Чиривеля (Гбамен, 89), Лепенан, Саймон (Гирасси, 82), Аблин (Ганаго, 82).

«Парк де Пренс»даги ўйинда асосий диққат марказида бразилиялик ҳимоячи Маркинос эди, у парижликлар сафида лига 1 да 300-ўйинида майдонга тушди. Мудофаанинг бошқа вакили Ҳакими эса тезкор гол урди. Аммо мавсумни ўта муваффақиятсиз ўтказаётган ва турнир жадвалининг қуйи қисмига тушиб кетган «Нант» бўлимни дуранг ҳисобда якунлашни уддалади. Парижликлар ҳимоячиси Пачо рақиб ҳужумчиси Аблинни осонлик билан ўтказиб юборди ва у Доннаруммага имкон қолдирмади. Танаффус арафасида эса Жоау Невеш ўта қулай позициядан гол уролмади. Парижликлар иккинчи бўлим якунида ҳам қатор қулай вазиятлардан фойдалана олмади ва ўзига хос сенсация рўй берди. «Монако» якшанба куни Марселда ғалаба қозонса, биринчи ўрин билан орадаги фарқни максимум қисқартириши мумкин.

Кун статистикаси

«Борнмут» ҳужумчиси Патрик Клюйверт АПЛда учта пеналти орқали ҳет-трик қилган 1-футболчи бўлди. Унинг жамоадоши Эванилсон — бир ўйинда уч марта 11 метрлик жарима зарбаси ишлаган илк футболчи.

«Ноттингҳем» ҳужумчиси Крис Вуд АПЛнинг икки клубида энг яхши тўпурар бўлган 2-футболчи. У «ўрмончилар» сафидаги голлари сонини 24 тага етказиб, ушбу клубнинг юқори лигада энг кўп гол урган футболчисига айланди, аввалроқ «Бёрнли» сафида 49 гол урганди. Бунгача бундай натижа билан фақат «Блэкберн» ва «Нюкасл» клубларида ёрқин мавсумлар ўтказган Алан Ширергина мақтаниши мумкин эди.

«Брентфорд» ҳужумчиси Шаде Юрген Клинсманн (1988), Фреди Бобич (2002) ва Андре Шюррле (2014) ортидан АПЛда ҳет-трик қайд этган 4-немис футболчиси бўлди.

Жорий мавсумда «Сент-Этйен» дарвозасига 7 бор пеналти қўйилди — бу лига 1нинг энг кўп жазоланаётган жамоаси.

«Болоня» вингери Орсолини 7 мавсумдан буён камида беш гол урмоқда. А серияда бу оралиқда бундай натижани ҳеч ким қайд эта олмаган, топ-5 лигалар бўйича эса фақат Кейн, Салоҳ, Левандовски ва Мбаппе ундан олдинда.

«Сент-Этйен» Франция чемпионатининг 13 турида 30 гол ўтказди, бунақаси клуб тарихида 1952 йилдан буён кузатилмаганди.

«Спортинг» Португалия чемпионатида 33 ўйиндан буён ютқазмаганди. Бу лиссабонликлар учун рекорд серия ва янги мавсум стартидаги 12 учрашувдан иборат серия «Санта-Клара»дан учралган мағлубият (0:1) билан тўхтади.

«Бавария» дарвозабони Нойер бундеслигадаги ўйинлари сонини 512 тага етказди. У дарвозабонлардан Ули Штайн билан тенглашиб олди, юқорироқда — фақат Оливер Кан (557) ва Айке Иммел (534) жойлашган.

Мавзуга оид