“Фарзандларимга китоб ўқиш ҳамда меҳнатдан қочмасликни ўргатаман” – чемпионнинг таксист отаси
Муҳаммадазиз Содиров Фарғона вилояти Риштон туманидаги 27-мактабда ўқийди. У Москва шаҳрида ўтказилган «ALOHA ментал арифметика» халқаро мусобақасида 5–7 ёш тоифасида Тони Тотс босқичи бўйича чемпион бўлган. Чемпионнинг отаси Акмалжон Охунов оддий таксичи. Шундай бўлса-да у фарзандларининг билимли бўлиши учун тиним билмайди.
Мусобақада йиғлаганман...
“Ҳар куни тонгдан ишга отланаман. Риштон-Қўқон йўналишида таксичилик қиламан.
2018 йилда Москва шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига ўғлим Муҳаммадазизни олиб борганман. Таассуротлар ўзгача бўлган. Учинчи ўриндан бошлаб совриндорларни эълон қилишаётганда, фамилиямиз чиқмаяпти. Ҳаяжон кучли. Учинчи ўринни эълон қилди, фамилиямиз чиқмади, иккинчи ўринда ҳам йўқмиз. Ниҳоят Муҳаммадазизнинг чемпион бўлганини эълон қилишди. Буни эшитиб, тўғриси, эркак киши бўлсам ҳам, кўзимга ёш келди, чунки қилган меҳнатларим илк бор самара берганди.
Тўрт фарзандим бор: каттаси қиз, кейин уч ўғил. Болалар ҳаётда қийналмасликлари учун қўлдан келганича ҳаракат қиляпмиз. Насиҳат қиламиз, йўл-йўриқ кўрсатамиз ва ҳалол меҳнат қилишларини ўргатамиз.
Меҳнат ўқишдан бошланади. Фарзандларимга китоб ўқиш ҳамда меҳнатдан қочмасликни ўргатаман. Ишда юрарканман болалар келажаги ҳақида кўп ўйлайман — улар халқимизга, ватанимизга хизмат қиладиган фарзандлар бўлсин.
Таксичиликдан топган пулимни фарзандларимнинг таълимига, тарбиясига сарфлайман. Шундай қилиб, асосан келажакка сармоя қиламиз. Бу меҳнатларимиз қадрли, чунки фарзандларим ҳам кун келиб бу меҳнатимизни қадрлашади.
Мисол учун кимдир топган ҳар ҳафталик даромадини харажат қилиб, бошқа нарсалар учун сарфлаётган бўлса, биз фарзандларимиз учун китоб, ручка, қалам олиб кирамиз. Шунда болалар қандайдир ютуққа эришади деб ўйлайман. Мақсадимиз маблағни кўпроқ фарзандларимизнинг билим олиши учун сарфлашдир”, дейди Муҳаммадазизнинг отаси Акмалжон Охунов
Неварам ишончимизни оқлаяпти...
“Ўғлим оддий таксичи, мен эса пенсияга чиққан ўқитувчиман. Фарғонада очилган ментал математикага оид мактабни эшитиб, неварам Муҳаммадазизни ўша ерга олиб бордим. У пайтда оилавий қийинчиликлар қаршисида эдик. Муҳаммадазиз математикадан ўзини кўрсата олди ва бизга Тошкентга боришни таклиф қилишди.
Тошкентга қатнай бошладик. Ҳафтада бир марта Фарғонага, икки марта Тошкентга бориб, ментал арифметикадан дарс олардик. Гоҳида таксига пул топа олмай қолган кунлар ҳам бўлди.
Муҳаммадазиз биринчи йилиёқ Тошкентда бўлган олимпиадада яхши ўрин олди. Чет элларда супер грант ўринларни эгаллади, бундай бахт бизга ҳам насиб этди.
Пенсияга чиққан ўқитувчи бўлсам ҳам Худога шукур, Аллоҳ ризқимизни бериб тургани учун невараларимнинг билим олишига имкон қадар кўпроқ маблағ сарфлаяпмиз. Муҳаммадазиз ментал математикадан ташқари мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқийди.
Энг аввал неварам Тошкентда чемпионликни қўлга киритган эди, яна қайта чемпион бўлиб, Москва йўлланмасини қўлга киритди. Москвага кетиш учун маблағ йиғишни бошладик. Бир ой давомида маблағни йиғдик. Муҳаммадазиз эллик тўртта давлат ичида биринчи ўринни эгаллади. Бу биз учун жуда катта ютуқ бўлди”, дейди чемпионнинг бувиси Мадина Зуфарова.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров.
Мавзуга оид
21:20 / 06.12.2024
“20 миллионлик касал новвосни қассоб 500 мингга сотиб олди”: Риштонда қорамоллар касалликдан нобуд бўляпти
18:47 / 05.07.2024
“Фуқарога жароҳат етказилгани аниқланмади” – Риштонда ИИБ хонасида ҳушини йўқотган фуқаро бўйича маълумот берилди
14:42 / 05.07.2024
Риштонда ИИБ хонасига олиб кирилган фуқаро ҳушини йўқотиб, реанимацияга ётқизилди
17:13 / 27.06.2024