Жамият | 21:20 / 06.12.2024
30147
8 дақиқада ўқилади

“20 миллионлик касал новвосни қассоб 500 мингга сотиб олди”: Риштонда қорамоллар касалликдан нобуд бўляпти

Фарғона вилоятининг Риштон туманида қорамоллар тери тошмаси касаллигидан қирилиб кетяпти. Аҳоли мол гўшти сотиб олишга қўрқиб қолган. Қўшни туман қассоблари хаста молларни арзон-гаровга сотиб олиб кетяпти. “Касалланган мол гўштлари қассобхона, колбаса цехи ва ошхоналарга чиқиб кетган бўлиши ҳам мумкин, тирикчилиги чорвадан бўлган аҳоли саросимага тушиб қолди”, дейди чорвасини даволатаётган фуқаролардан бири.

Kun.uz мухбири касаллик тарқаган Зоҳидон қишлоғида бўлиб, қорамоли касалликдан нобуд бўлган аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди. Маълум бўлишича, аввал Бувайда туманида авж олган касаллик айни пайтда Риштон туманининг бошқа қишлоқларида, Фарғона туманининг Хонқиз, Чимён ва Марғилон шаҳрига ҳам кенг ёйилган.

20 млн сўмлик новвос 500 мингга сотилди…”

“Касаллик бошланганига икки ойдан ошиб кетди. Риштон туманида 90 фоиз чорва касал бўлди. 20 млн сўмлик катта новвосларни бошқа тумандан келган қассоблар 500 минг сўм бериб олиб кетяпти. Танишим икки катта касалланган новвосини 1 млн сўмга сотворди ўша қассобларга. Касал мол гўшти қассобхонагами, колбаса цехигами ёки ошхоналарга тарқатиляптими, ҳайронмиз. Ҳозирда икки молим касалланган. Вакцина қилинганда шундай бўлмасмиди? Вакцина олиш 200 минг сўм дейишяпти. Пул сарфлаб молларимни даволатяпман.

Яна бир дўстим азобланаётган молининг ўлишини кўрмай деб қассобларга текинга берворди”, – дейди исми сир қолишини илтимос қилган мурожаатчилардан бири.

Сигиримизни асраб қолдик, шукур…”

“Сигиримиз тўсатдан ўт емай, сув ичмай қўйди. Кейин оёғи шишиб, чўлоқлана бошлади. Доктор 4 кун укол қилди, шундан кейин сал ўнгланишни бошлади. Кейин баданига тошмалар чиқди, дорилардан кейин тошмалар қуриб тушди. Қишлоқда кўпчиликнинг қорамоли қирилиб кетди.

Ҳомиджон Маҳмудов

Худога шукур, минг марта шукур, бизникини қайтиб берди. Энди тирик қолгани рост бўлсин, жонивор саккиз ойлик бўғоз эди, бола ташлаб қўяди деб хавотирга тушдим, яхшики боласи тушмади. Аёлим “сахар”, сутидан ичса даво бўлади деб, қийналсак ҳам сигир боқамиз”, – дейди зоҳидонлик Ҳомиджон Маҳмудов.

Тўйимга деб боқаётган икки молим ўлиб қолди…”

“Яхши ниятда тўйларга деб мол боқиб тургандик. Касаллик келди, молларим ўлиб қолди, кўмиб қўйдик.

Алишер Абдумуталов

Молларнинг оёғи шишиб чўлоқлана бошлади, кейин докторга даволатдик, иложи бўлмади. Ҳар турли укол, дорини қилдик. Бир ҳафта, ўн кун давомида даволатдик. Дори-дармонга ҳам икки-уч миллион пул сарфладик. Бу касалликдан даво топган мол ҳақида аниқ эшитмадим. Кўп моллар ўлиб кетяпти. Молим омон қолди, яхши бўлиб кетди, дегани жуда кам. Бир маҳалладан уч-тўрт кишининг моли ўляпти. Молхона ёнига келсам, уларни хаёлимга келтириб сиқиламан.

Одамлар мол гўшти емаяпти, асосан қўй гўшти олишяпти. Мол гўшти унча савдо ҳам бўлмаяпти, касал мол гўшти сотяпти, деган гап-сўз бўлгани учун кўп инсон гўшт егиси келмаяпти. Ҳукуматдан ёрдам беришни сўраймиз”, – дейди икки қорамолидан айрилган Алишер Абдумуталов.

Қишлоқда мол қолмади…”

“Чорва билан шуғулланаман. Бозордан мол олишга чўчиб қолдик. Касаллик йўқолсагина, кейин бемалол иш қиламиз энди. Молбозорларда савдо бўляпти, лекин таваккал бўляпти-да. Мол докторларнинг қўли қўлига тегмайди. Улгуришмаяпти.

Одамларга қийин бўлди ҳаммадан. Қишлоқда моллар қирилиб кетди, қишлоқликларнинг тирикчилиги чорвадан-ку. Масалага аниқ бир чора кўриш керак. Касалликка аниқ ташхис қўйиш керак. Шуни даволайман деб тузатаман деган доктор кам. Тўғриси, таваккал укол қилиняпти.

Мол докторлар тузатяпти, лекин тузалмагани ҳам бўляпти. Маҳалламизда мол қолмади. Ҳукуматимиз ёрдам беришини сўраб қоламиз. Одамлар молим касал бўлди деб тепага чиқиб айтишга ҳам қўрқади”, – дейди мурожаатчилардан бири.

Нодуляр дерматит

“Ҳозирда туманда ветеринарлар аҳоли хонадонларидаги қорамоллар, қўй, ит, ва мушукларга тўлиқ эмлаш ишлари олиб боряпти. Нодуляр дерматит касаллигининг олдини олиш мақсадида эмлаш ишлари олиб борилмоқда.

Аъзамжон Янгибоев, ветеринария бўлими ходими

Касаллик “нодуляр дерматит” дейилади. Ҳозирги пайтда бўлаётган касалликларда терида тошма пайдо бўлиши, елинларида, туёқ соҳаларида суюқлик йиғилиши, ҳарорат ошиб кетиши кузатилмоқда.

Бу тери-таносил касаллиги ҳисобланиб, вирусли касаллик экан. Касаллик қўйларга юқмаяпти, инсонга юқиши ҳам исботланмаган. Қишлоқ аҳолиси мол гўшти сотиб олишга ҳам қўрқмоқда. Биз одамлардан эҳтиёт бўлишларини сўраб қоламиз. Қассобхонадан олинаётган гўштлар ветеринария назоратидан ўтказилиб, истеъмол қилишга тасдиқланган бўлса, биз ўшани тавсия қиламиз.

Қишлоқда касаллик бир ярим ой аввал бошланган. Хитойдан кириб келган деб тахмин қилинмоқда. Ҳозирги кунда эмлаш ишлари якунланган, энди ҳайвон эгаларининг мурожаатларига асосан даволаш ишлари ташкил қилинмоқда”, – дейди туман ветеринария бўлими ходими Аъзамжон Янгибоев.

Текширув кучайтирилган”

“Риштон тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходимлари томонидан ошхона ва бошқа объектларда, гўшт савдоси билан шуғулланувчи дўконларда тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Темурбек Ҳакимжонов, туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мудири

Ҳар битта маҳсулот тегишли хулосаларни олгандан кейин савдо фаолиятини амалга оширишга рухсат бериляпти. Мисол учун, гўштга келадиган бўлсак, лаборатория хулосалари билан ветеринария бўлимининг махсус рухсатномаси орқали фақат тегишли сертификатлар олгандан кейин савдо фаолиятини олиб боришлари тўғрисидаги тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда туманда касал ҳайвон сўйилиши ёки савдога чиқиш ҳоллари аниқланмади”, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мудири Темурбек Ҳакимжонов.

Қассобхоналарда савдо аввалгидек эмас”

“Ҳар бир молни текшириб, синчковлик билан кўздан кечириб сотиб оляпмиз. Сўяётган молни докторлар кўздан кечиряпти. Гўшт текширилиб, савдога чиқариляпти. Касал моллар аниқ намоён бўлади ўзи. Туёқлар шишиб кетган бўлади.

Бобур Отахонов, қассоб

Аҳоли ваҳимага тушгани рост. Кўпчилик молдан кўра қўй боқишга ўтиб кетди. Қассобхоналарда савдо аввалгидек эмас. Касаллик тарқамасидан олдин кунига икки-уч новвос сўйиб сотардик. Ҳозир эса битта сотяпмиз”, – дейди қассоб Бобур Отахонов.

Битта хонадондан иккита-учта мол ўлганлари ҳам бўлди”

“Кўп вет дориларда етишмовчилик бўлиб қолди. Олиб келганларимиз ҳам тезда тугаб қоляпти.

Ҳусанбой Ҳамдамов, вет аптека ходими

Бир кунда саккизта-ўнта мол ўлди. Докторларнинг айтишига қараганда бу нодуляр дерматит деган касаллик экан. У тери касаллиги бўлиб, турли хил ҳашаротлар чақиши билан ҳайвондан ҳайвонга ўтаркан. Айтишларича, касаллик Марғилон шаҳрида ва Андижонда ҳам авж олган эмиш.

Қишлоқда олтита-еттита мол доктор бор. Касаллик роса авж олган пайтда уларнинг қўли қўлига тегмай қолди. Битта хонадонда иккита-учта мол ўлганлари ҳам бўлди”, – дейди ветеринария аптекаси ходими Ҳусанбой Ҳамдамов.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Садор Мамиров.

Мавзуга оид