Жаҳон | 20:40 / 01.12.2024
11087
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Россияга қарши қайси санкцияларга амал қилмаслиги маълум бўлди

Мамлакат биринчи навбатда ўз манфаатларини ҳимоя қилади ва бунга путур етказадиган санкцияларга амал қилмайди.

Фото: Максим Богодвид/РИА Новости

Қозоғистон ўз иқтисодиётига зарар етказадиган Россияга қарши санкцияларга риоя қилмайди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин маълум қилди.

«Гап шундаки, бизда ишлаб чиқариладиган маълум товарлар санкциялар рўйхатига киритилган. Аммо биз бу товарларга ҳеч қандай чекловлар қўймоқчи эмасмиз, чунки бунинг орқасида катта меҳнат жамоалари, баъзан бу ишлаб чиқариш объектлари жойлашган бутун моношаҳарлар бор, шунинг учун бу жуда муҳим», деди у.

Шу билан бирга, Қозоғистон санкция чекловларини четлаб ўтувчи давлат сифатида ҳаракат қилмоқчи эмас, деди бош вазир ўринбосари.

Жумангарин аввалроқ Қозоғистон Россияга қарши санкцияларга «кўр-кўрона амал қилмаслигини» айтган эди, айниқса, улар маҳаллий компаниялар манфаатларига дахлдор бўлса.

«Биз ишлаб чиқарувчиларимизга савдони тақиқлашларига йўл қўймаймиз», деди у.

Шу билан бирга, Жумангариннинг тушунтиришича, Қозоғистон ҳали ҳам асосий чекловларга риоя қилишда давом этади, чунки у Ғарбнинг тўғридан-тўғри санкцияларига «бардош беролмайди».

Қозоғистон Россияга қарши халқаро санкцияларга очиқ қўшилмади, бироқ кўпгина савдо чекловларига риоя этишга ҳаракат қилмоқда. Шунга қарамай, баъзи Қозоғистон компаниялари Ғарб давлатларининг санкцияларига учраган.

Мавзуга оид