Жаҳон | 11:13 / 02.12.2024
2643
2 дақиқада ўқилади

«Гуржистонда қайта сайловлар бўлмайди» — бош вазир Кобахидзе

Янги президентлик сайловлардан кейин Саломе Зурабишвили ўз лавозимини тарк этиши керак бўлади, деган Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе.

Фото: turktime.com

Гуржистон ҳукумати мамлакатда қайта парламент сайловларини ўтказишдан бош тортди. Норозилик намойишлари ўтказаётган мухолифат тарафдорлари ва Европа Иттифоқи ҳам мамлакатда тарангликни тарқатиш учун қайта парламент сайловлари ўтказилишини талаб қилиб келмоқда.

Бу орада Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе қайта сайловлар ўтказиш масаласи кўриб чиқилмаётгани, мухолифат вакили бўлган президент Саломе Зурабишвили эса президентликка янги сайланган шахснинг инаугурацияси куни ўз лавозимини тарк этишга мажбур бўлишини таъкидлади.

29 декабр куни Гуржистонда янги президентнинг инаугурацияси бўлиб ўтади. Кобахидзега кўра, Зурабишвили шу куни ўз лавозимини топшириши шарт. Аммо Зурабишвили парламентга янги сайловлар ўтказилишигача ўз лавозимда қолиш ниятида. Кобахидзе бу амалга ошмайди, деб таъкидлади.

Гуржистонда президентни халқ эмас, парламент сайлайди. Гуржистондаги мухолиф партиялар ўтказилган парламент сайловини бойкот қилган ва Марказий сайлов комиссиясига берилган партия рўйхатларини қайтариб олишган. Янги шаклланган парламентда айни пайтда ҳукуматни тамсил этувчи «Гуржистон орзуси» партияси вакилларигина бор ва улар қарор қабул қилиш учун кўпчилик овозга эга.

Бундан бир кун аввал Тбилисидаги норозилик намойишлари фонида Зурабишвили ҳозирги ҳукуматни ноқонуний деб атаган ва ўз ваколатларини топширишдан бош тортган эди.

Кобахидзе эса 26 октябрда ўтказилган парламент сайловлари натижаларидан келиб чиқиб, янги ҳукумат шакллантирилгани ҳамда 12 та янги вазир тайинлаганини маълум қилган эди.

Кобахидзе АҚШнинг Гуржистон билан стратегик ҳамкорликни тўхтатиш қарори ҳақида фикр билдириб, Жо Байден ҳокимиятдан кетиш арафасида Доналд Трамп учун «оғир мерос» қолдиришга уринаётганини таъкидлаган.

У Гуржистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлардаги тарангликни «вақтинчалик ҳолат» деб баҳолаган.

Мавзуга оид