Жаҳон | 09:10 / 04.12.2024
2267
2 дақиқада ўқилади

Гуржистонда полиция парламент биноси яқинида намойишчиларни тарқатмоқда

Махсус кучлар Гуржистон парламенти биноси яқинида намойишчиларни тарқатмоқда, деб хабар берди DW мухбири. Хавфсизлик кучлари кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, намойишчилар баррикадалар қурди.

Фото: Alexander Patrin/dpa/picture alliance

Гуржистонда мамлакатнинг Европа интеграцияси курсига қайтишини талаб қилган оммавий намойишлар кетма-кет олтинчи кун давом этмоқда. DW'нинг Тбилисидаги мухбири хабар беришича, 3 декабр, сешанба куни кечга яқин махсус кучлар парламент биноси яқинида намойишчиларни тарқатиб юборишга киришган. Овоз кучайтиргичлардан тарқалиб кетиш ва хавфсизлик кучлари ишига аралашмаслик чақириқлари эшитилди.

Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди ва намойишчиларни қўлга олди, намойишчилар баррикадалар ўрнатиб, алангалар ёқди. Айрим намойишчилар пиротехника воситаларидан фойдаланган. «Медиазона» интернет нашрининг Mtavari Arkhi телеканалига таяниб ёзишича, Гуржистондаги норозилик намойишлари фонида пиротехника дўконлари ўз фаолиятини чеклай бошлади.

«Эхо Кавказа» интернет нашри хабарига кўра, ҳукуматга қарши намойишлар нафақат пойтахтда, балки Гуржистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтмоқда. «Медиазона» Батуми ва Кутаисидаги намойишлар ҳақида хабар берди.

Тбилисидаги намойишларда 220 дан ортиқ киши қўлга олинди

Гуржистон пойтахти Тбилисида тўрт кунлик намойишлар давомида 224 киши қўлга олинди, деб хабар қилди Гуржистон Ички ишлар вазирлиги 2 декабр куни. Қўлга олинганлар полицияга бўйсунмаслик ва майда безориликда айбланмоқда. 36 нафар шахс суд томонидан жаримага тортилган, яна 34 нафар шахс маъмурий қамоққа олинган. Ҳаммаси бўлиб судга 98 киши бўйича материаллар келиб тушган.

Икки намойишчи (2003 ва 2007 йилларда туғилган) жиноий жавобгарликка тортилган. Улар полиция ходимларига ҳужум қилиш ва ўт қўйиш орқали мулкка (шу жумладан, шаҳар мулкига) зарар етказишда айбланмоқда. Айбланувчилар етти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Полиция маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 113 нафар полициячи жароҳатланган, улардан тўрт нафари касалхонага ётқизилган. Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, митинг иштирокчилари полиция огоҳлантиришларига қарамай, «бир неча бор провокацион ҳаракатлар содир этган» ва Руставели проспектидаги парламент биноси ва инфратузилмасига зарар етказган.

Мавзуга оид