Жаҳон | 18:28 / 04.12.2024
2252
2 дақиқада ўқилади

Италия австриялик миллиардер Рене Бенкони ҳибсга олишга ордер берди

Австрия ўз фуқароларини чет элдаги суд жараёнларида иштирок этиши учун экстрадиция қилмайди. Рене Бенконинг адвокатига кўра, Европадаги бирор-бир ордер унинг мижози ҳибсга олинишини таъминлай олмайди.

Фото: AP

Италиянинг Тренто шаҳри прокуратураси австриялик миллиардер Рене Бенкони ҳибсга олишга ордер берди. Financial Times’нинг ёзишича, у Жанубий Тиролдаги битимларни амалга оширишда фирибгарлик содир этганликда гумонланмоқда. Иш доирасида гумонланувчиси сифатида 77 киши сўроқ қилиняпти. Уларнинг айримлари аллақачон уй қамоғига олинган ёки қидирувга берилган.

Прокуратуранинг маълум қилишича, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича Италия бўлинмаси томонидан ўтказилган тергов «Жанубий Тиролда бошқарув қарорлари қабул қилинишига таъсир кўрсатишга қодир бизнес-гуруҳ борлигини» аниқлаган. «Тадбиркорлар давлат хизматчиларининг сайлов кампанияларини молиялаштиришга, бунинг эвазига эса имтиёзлар, битимлар тузишнинг соддалаштирилган тартиблари ва кўчмас мулк лойиҳаларини амалга ошириш бўйича концессиялар олишга тайёр», — дейилади баёнотда.

Австрия конституцияси ўз фуқароларининг чет элдаги суд жараёнларида иштирок этиши учун экстрадиция қилинишини тақиқлайди. Рене Бенконинг адвокатига кўра, Европадаги бирор-бир ордер унинг мижози ҳибсга олинишини таъминлай олмайди.

Рене Бенкога Австриядаги энг йирик кўчмас мулк ҳолдинги — Signa тегишли. 2023 йил ноябрда ҳолдинг банкротлик бўйича ариза берган. Кредиторлар Signa’ни банкротлик тўғрисида ариза беришидан олдин ноқонуний транзакцияларни амалга оширгани учун судга берган. Ўшанда Signa’нинг қарзи 13 миллиард еврони ташкил этган, 120 га яқин банк эса унинг кредитори бўлган.

Мавзуга оид