Жаҳон | 17:20 / 10.12.2024
21233
3 дақиқада ўқилади

Билл Гейтс миллиардер бўлишда ёрдам берган болалигидаги одати ҳақида айтиб берди

Microsoft ҳаммуассиси ва собиқ бош директори Билл Гейтс ҳозирги болалар каби смартфон ва ижтимоий тармоқларга чалғиб ўсганида, катта эҳтимол билан миллиардер бўла олмаслигини таъкидлади.

Билл Гейтснинг ёшлиги / Фото: Getty Images

Гейтснинг айтишича, айнан болалигида дўстлари билан сайр қилиб, ташқи дунёни кашф этишга, хонасида соатлаб китоб ўқиш ва чуқур мулоҳаза юритишга сарфлаган вақтлари унга 3,26 триллион долларлик компанияни ташкил этишда ёрдам берган, деб ёзади CNBC.

“Сал безовта бўлсам ёки зериксам ёхуд ёмон хулқ-атворим туфайли муаммоларга дуч келсам, хонамга қамалиб китобларга ёки ғояларга шўнғиб кетардим, кўпинча соатлаб танаффус қилмасдим. Бекорчиликни чуқур мулоҳаза ва ўрганишга айлантириш қобилияти шахсиятимнинг асосий қисмига айланган”, — дейди у. “Булар кейинги муваффақиятимда ҳам ҳал қилувчи рол ўйнади”.

Гейтс ўз блогида Ню Йорк университети ижтимоий психологи Жонатан Ҳайднинг “Ташвишли авлод” китобини тавсия этган. Ҳайднинг фикрича, смартфонлар ва ижтимоий тармоқларнинг кенг тарқалиши ёшлар орасида ҳозирги руҳий саломатлик инқирозига, шунингдек, Z авлод вакилларида ёлғизлик ва тушкунлик даражасининг ошишига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Гейтснинг сўзларига кўра, унинг болалиги ижодий фикрлашга илҳомлантирадиган ўйинларга асосланган, бундай ўйинларнинг фойдасини тадқиқотлар тасдиқлаган. Ҳозирги болалар эса телефонларга муккасидан кетган.

“Диққатни жамлаш мушакларга ўхшайди, доимий чалғишлар ва ижтимоий тармоқларга ўрганиб қолиш унинг ривожланишини жуда қийинлаштиради”, — дейди Гейтс.

Бутун фаолияти давомида миллиардер ўз муваффақиятини кўпинча китоб ўқиш ва ёлғиз қолиш одати билан боғлаб келган.

1990 йилларда Microsoft бош директори жуда кўп китоб ва техник ҳужжатларни олиб, хилват жойдаги уйда ёлғиз вақт ўтказган ҳамда буни “Мулоҳаза ҳафталиги” деб атаган. Бу даврлар мобайнида Гейтс ўзини “узлуксиз диққат-эътибор”га бағишлаган. У ҳатто электрон почтасини текширмасди — буни “ҳеч қандай чалғишларсиз келажак ҳақида ўқиш, фикр юритиш ва ёзиш” имконияти билан изоҳлаган.

Гейтснинг бир неча ҳафталик чуқур эътибори Microsoft компаниясининг Internet Explorer браузерини яратиш каби улкан ғояларни ривожлантирган. Шу билан бирга, Гейтс ўзи ва Microsoft томонидан оммалаштирилган технологиялар ҳозир одамларнинг бундай инновациялар учун зарур бўлган чуқур фикрлашига тўсқинлик қилиши мумкинлигини айтди.

“Биз ҳамкасбларимиз, турмуш ўртоғимиз, фарзандларимиз, уй ҳайвонлари ва технологияларга чалғимасдан, онгимизни жамлашга имкон берадиган муҳит яратишимиз зарур. Акс ҳолда, ҳеч қачон муҳим вазифаларга диққат қарата олмаймиз”, — деб таъкидлайди самарадорлик бўйича мутахассис Лора Стек.

Билл Гейтс Microsoft ҳаммуассиси бўлиш учун коллежни тарк этган пайтларида, миллиардер бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган. Бироқ унинг ғайрати ва матонати ҳайратланарли ютуқларга олиб келди. Ҳозирги кунда Гейтс биология, физика ва иқлим ўзгариши фанлари билан шуғулланмоқда.

Мавзуга оид