Ўзбекистон | 15:18 / 04.12.2024
1308
2 дақиқада ўқилади

Тошкент-Гуангжоу йўналишида янги ҳаво қатнови очилди

Ўзбекистонинг Centrum Air авиакомпанияси Тошкент-Гуангжоу йўналиши бўйича илк ҳаво қатновини амалга оширди.

Фото: "Дунё" АА

Хитойнинг Гуангжоу шаҳридаги "Байюн" халқаро аэропорти қўниш майдонида экипаж аъзолари ва йўловчилари ҳудуд авиация соҳаси мутасаддилари, аэропорт маъмурияти, Centrum Air авиакомпанияси раҳбарияти ҳамда ОАВ вакиллари томонидан тантанали тарзда кутиб олинди.

Тадбир давомида Хитой томони мамлакатлар ўртасидаги тобора ўсиб бораётган ҳамкорликни ижобий баҳолаб, ҳудудлар ўртасида янги тўғридан тўғри парвозларнинг йўлга қўйилиши маданий ва иқтисодий алмашинувларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

"Байюн" халқаро аэропорти директорининг ўринбосари Пан Жиан Ўзбекистон Марказий Осиёдаги давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Хитой фуқароларига визасиз кириш ҳуқуқини тақдим этгани ва мазкур авиақатновнинг йўлга қўйилгани маҳаллий бизнес доиралари вакиллари ва сайёҳларнинг Ўзбекистонга ташрифини янада осонлаштиришда муҳим омил бўлишини урғулади.

Ушбу рейс билан Centrum Air авиакомпанияси кўмагида Хитойнинг 20 дан ортиқ сайёҳлик компаниялари ва тур агентликлари вакилларининг мамлакатга ташрифи амалга оширилди. Унинг доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, соҳада яратилган шароитлар билан бевосита танишиш ва янги мавсум учун истиқболли сайёҳлик дастурларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Авиақатновлар декабр ойидан ҳафтасига 2 маротаба, якшанба ва чоршанба кунлари Гуангжоу шаҳридаги "Байюн" халқаро аэропортидан амалга оширилади.

Мавзуга оид