Ўзбекистон | 11:52 / 24.05.2024
2828
1 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан тўғри ҳаво қатновлари йўлга қўйилмоқда

Дастлаб парвозлар ҳар якшанба куни амалга оширилади. 4 сентябрдан ушбу йўналиш бўйича чоршанба кунлари амалга ошириладиган рейсларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Фото: Дунё

Шу йил 30 июн кунидан бошлаб Ўзбекистоннинг Qanot Sharq авиакомпанияси Тошкент–Будапешт–Тошкент йўналиши бўйича тўғридан тўғри мунтазам ҳаво қатновларини йўлга қўяди.

"Дунё" хабарига кўра, ушбу келишув икки мамлакат ташқи ишлар ва транспорт вазирликлари ўртасида олиб борилган самарали музокаралар натижасидир.

Дастлаб парвозлар ҳар якшанба куни амалга оширилади. Шунингдек, Qanot Sharq авиакомпанияси жорий йил 4 сентябрдан бошлаб ушбу йўналиш бўйича чоршанба кунлари амалга ошириладиган рейсларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Тошкент–Будапешт–Тошкент йўналиши бўйича ҳаво қатновларининг амалга оширилиши сайёҳлар, ишбилармонлар ва талабалар учун янги имкониятлар очади.

Мавзуга оид