Ўзбекистон | 20:43 / 04.12.2024
13987
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Октябр ойида вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан кетган Ботир Алимбеков ўрнини Хуршид Қорабоев эгаллади.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Тошкент вилояти ҳокимининг қарори билан Хуршид Абдуваҳобович Қорабоев вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Хуршид Қорабоев 1987 йил Паркент туманида туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Тошкент вилояти иқтисодиёт бош бошқармасида биринчи тоифали мутахассис вазифасида бошлаган. 2011-2016 йилларда у мазкур ташкилотда етакчи мутахассис, бош мутахассис, бўлим мудири ўринбосари, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, у Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида, «Ўзбекозиқовқатҳолдинг» компанияси, Тошкент вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармасида масъул лавозимларда фаолият юритган.

Хуршид Қорабоев мазкур лавозимга тайинлангунга қадар Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорликка кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида 2024 йил январидан буён ишлаб келган Ботир Алимбеков 2024 йил 15 октябр куни, президент танқидидан кейин ишдан кетганди.

Вилоят ҳокимининг худди шу йиғилишда ишдан олинган молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов ўрнига 17 октябр куни Отабек Турсунов тайинланганди.

Мавзуга оид