Жаҳон | 22:30 / 05.12.2024
6926
3 дақиқада ўқилади

Дубайда «ниндзя» эможисини юборган ирландиялик эркак бир неча йилга қамалиши мумкин

У ўзининг буюмларини ўғирлаб кетган шахсга «ниндзя» ва «қон томчиси» эможисини юборган. Дубай қонунларига кўра, ҳатто яқин кишилар ўртасида ҳам ҳақорат ёки таҳдид қилувчи хабарларни юбориш тақиқланади.

Фото: Daily Mail

Стюарт Куини исмли ирландиялик эркак Дубайда ўзига тегишли буюмларни ўғирлаб кетган танишига «ниндзя» эможисини юборгани учун бир неча йилга қамалиши мумкин, деб хабар беради Daily Mail.

Ҳозирда ирландга мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқланган.

2022 йилнинг январида Стюарт Куини дўсти билан Дубайга келган. У сафар вақтида дўстига квартира ижарага олишда ёрдам берган белгиялик шахс билан танишиб қолган.

«Стюарт ва унинг дўсти уйда бўлмаган вақтда белгиялик квартирага рухсатсиз кирган ва уларнинг барча буюмларини олиб чиқиб кетган. Стюарт бир нечта юридик хат тайёрлаган, аммо уларнинг барчаси эътиборсиз қолдирилган», — дейди Detained in Dubai ташкилоти вакили.

«Менга кийим-кечаклари унчалик муҳим эмас, у ерда бувим ва дўстимнинг мен учун катта аҳамиятга эга бўлган совғалари бор эди. Ўтган йилнинг июнида келганимда унга буюмларимни қайтаришини сўраб бир нечта хабар юбордим, акс ҳолда мен полицияга мурожаат қилишга тайёр эдим. Аммо яна ҳеч қандай жавоб бўлмади», — деган Куини Detained in Dubai асосчиси Раде Стерлингга.

Кейинроқ у деменциядан азият чекувчи бувиси қариялар уйига ўтказилаётганидан хабар топган. «Афтидан, маст пайтида унинг ёдига ўғрилик тушиб қолган ва телефонни олиб белгияликка бир неча эможи юборган — «ниндзя» ва «қон томчиси», — дейди Стерлинг.

Стюарт Куини 6 сентябр куни Дубайга келганида у қўлга олинган ва полиция участкасида унга мамлакатни тарк эта олмаслигини билдиришган.

Ташкилот вакилларининг сўзларига кўра, қонунчиликка мувофиқ у бир неча йилга қамалиши мумкин — мамлакатда ҳатто яқин кишилар ўртасида ҳам ҳақорат ёки таҳдид қилувчи хабарларни юбориш тақиқланади.

Стерлингнинг таъкидлашича, Дубайнинг қатъий қонунларидан фирибгарлар тез-тез товламачилик мақсадларида фойдаланиб туради.

Мавзуга оид