Жаҳон | 22:46 / 28.11.2024
4183
2 дақиқада ўқилади

Дубайда сузиб юрувчи полиция участкаси иш бошлайди

Сузувчи Smart Police Station бўлинмаси яхталар, кемалар ва сув спорт турларини яхши кўрувчилар учун махсус ишлаб чиқарилган. У йўқолган буюмларни топиш ва рухсатномалар бериш каби 33 та қўшимча хизматни ҳам тақдим этади.

Фото: WAM

Дубай полицияси 2026 йил охирига қадар Яқин Шарқда биринчилардан бўлиб Smart Police Station (SPS) — сузадиган ақлли полиция участкасини ишга тушириш режасини маълум қилди.

Ушбу ташаббус Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактумнинг 2 миллиард дирҳамлик стратегик лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади ва амирликни дунёдаги энг ақлли ҳамда бахтли шаҳарга айлантириш борасидаги режаларга мос келади.

Подполковник Фейсал Ал Тамимининг таъкидлашича, сузувчи SPS яхталар, кемалар ва сув спорт турларини яхши кўрувчилар учун махсус ишлаб чиқарилган.

Бўлинма жиноятлар ва йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари тўғрисида хабар бериш каби 27 та асосий ҳамда йўқолган буюмларни топиш ва рухсатномалар бериш каби 33 та қўшимча хизматларни тақдим этади. Барча хизматлар тўлиқ автоматлаштирилган ва куну тун олтита тилда кўрсатилади.

Участкада ишни оптималлаштириш, анъанавий сервис марказларига боғлиқликни камайтириш ва самарадорликни ошириш мақсадида илғор сунъий интеллект технологиялари ва робототехникадан фойдаланилади.

Сузиб юрувчи мазкур участка Дубайдаги SPS моделларининг тўртинчи версиясига айланади — улар ичидан Drive-Thru ва Walk-In форматлари ҳам ўрин олган. Мазкур инновациялар хавфсизлик даражасини ошириш, ҳаёт сифатни яхшилаш ва аҳолига юқори технологик хизматларни тақдим этишга қаратилган.

Мавзуга оид