Ғазо секторидаги янги ҳужумлар, Ҳалабга қайтаётган қочқинлар ва АҚШнинг Украинага маслаҳати — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Ливандаги уруш тўхтаб, Сурияда қуролли ғалаёнлар бошланиб кетган бир пайтда Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ҳужумлари давом этмоқда.
Исроил армияси Ғазо шаҳрининг Сабра туманида бир фаластинлик оила уйини нишонга олган. Ҳужум оқибатида, жумладан, болалар ҳам қурбон бўлган. Жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар «Ал-Аҳлий» баптистлар шифохонасига олиб борилган.
Бошқа ҳудудларда ҳам ҳужумлар қурбонсиз ўтмади. Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги хабарига кўра, Бурайж қочқинлар лагеридаги БМТга қарашли мактаб нишонга олинган. Бу мактабда кўчирилган фаластинликлар паноҳ топган эди. Ҳужум натижасида уч нафар фаластинлик ҳалок бўлиб, кўплаб одамлар жароҳат олган. Мактабда ёнғин чиқиб, 15 та чодир ёниб кетган.
Рафаҳ шаҳрида тиббий ходимлар кечаги ҳужумлардан кейин тўққиз нафар фаластинликнинг жасадларини топдилар. Ғазо шаҳридаги ҳужумларда эса уч нафар фаластинлик ҳалок бўлиб, кўплаб одамлар жабр кўрган.
Ғазо секторида ҳамон ҳуманитар фалокат давом этмоқда. Дунё эса жим кузатишда бардавом.
Суриядаги вазият
«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи Сурия озодлик армияси билан биргаликда Ҳалаб шаҳрини Башар Асад режими қўлидан озод қилганини эълон қилганидан сўнг, улар шаҳарни муваққат ҳукумат бошқарувига топширишга тайёр эканликларини маълум қилган. Бу ҳодиса мамлакатда янги сиёсий жараёнлар учун умид пайдо қилди.
Ҳалаб озод қилингач, Туркиядан сўнгги 10 йил давомида бошпана топган кўплаб қочқинлар ўз уйларига қайтишга қарор қилмоқда.
Эроннинг қўллаб-қувватлови остидаги яманлик ҳусийчилар Башар Асадга содиқ эканликларини билдиришди. Уларнинг фикрича, Асад режими Сурия мустақиллигининг белгиси бўлиб қолмоқда. Ҳусийчилар, шунингдек, Фаластин учун қўллаб-қувватловларини давом эттиришларини таъкидлашди.
Ҳолбуки, дунёдаги бор эътибор Ғазо урушига қаратилган бир пайтда Башар Асад Идлибда ҳарбий ҳаракатларни кучайтирган эди. Бунинг оқибатида кўплаб тинч аҳоли қурбон бўлди.
«Суриядаги бугунги мақсад мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдан иборат», — деди Истанбулда ўтган матбуот анжуманида Сурия мухолифати ва инқилоб кучлари миллий коалицияси раиси Ҳоди ал-Баҳра. Мухолифат вакиллари тинч аҳолига қарши ҳужумларни тўхтатиш, террористик манбаларни бартараф этиш ва ҳудудларда хотиржамлик яратиш учун ҳаракат қилиб келмоқда.
АҚШдан Украинага маслаҳат
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украина ҳукуматига Россия тажовузига қарши тура олиш учун ҳарбий сафарбарлик бўйича мураккаб, аммо зарур қарорлар қабул қилишни тавсия қилди.
Брюсселда бўлиб ўтган НАТО ташқи ишлар вазирлари саммитида у Украинани қурол-яроғ ва молиявий ёрдам билан таъминлаш билан бирга, янги аскарларни сафарбар қилиш зарурлигини таъкидлади.
Блинкеннинг таъкидлашича, Украинада моддий ресурслар бўлса ҳам, фронтда Россияга қарши жанг қилиш учун етарли ҳарбий куч ҳам зарур. У ҳар бир сафарбар қилинган аскар самарали ҳимоя учун зарур тайёргарлик ва ёрдамни олиши лозимлигини қайд этди.
Ноябр ойида АҚШнинг Украинага сафарбарлик ёшини 25 дан 18 ёшга туширишга чақиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Украина президенти Володимир Зеленский муаммони аскарлар сонида эмас, уларни қурол-яроғ ва техника билан етарлича таъминлашда, деб ҳисоблади. Украина расмийлари сафарбарлик ёшини ўз иттифоқчилари билан муҳокама қилганини тасдиқлади.
НАТО вазирлари Украинани иқтисодиёт ва мудофаа соҳасида қўллаб-қувватлаш бўйича умумий стратегияни шакллантирмоқда. Янги сафарбарлик борасидаги қарорлар Украина қуролли кучларининг мустаҳкамланиши учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
НАТО Украинага ёрдамни кучайтирмоқчи
НАТО аъзолари Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича музокараларга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди. Украина музокараларда устун позицияда бўлиши учун алянс қўшимча қурол-яроғ етказиб беришни икки баравар оширишни режалаштирмоқда.
Bloomberg маълумотига кўра, НАТОнинг — мақсади Украинага Россия армияси ҳужумларини қайтариш ёки музокараларни манфаатли шароитларда бошлаш имкониятини яратишдир. Украина ўз ҳудудининг 20 фоизини йўқотган ҳолда мураккаб вазиятда қолгани учун янги қурол-яроғ етказиб бериш стратегиянинг марказий қисмига айланди.
НАТО Бош котиби Марк Рюттенинг таъкидлашича, Украинага қурол етказиб бериш ҳозир НАТОнинг асосий вазифасига айланган. Унга кўра, Россия уруш бошланганидан бери ҳудудларни энг тезкор суратда эгаллаб бормоқда. Шу боис, Рютте НАТОга Украина қуролли кучларини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чораларни кўришни тавсия қилди.
Украинани НАТОга қабул қилиш масаласи ҳозирча кейинга қолдирилди. НАТО олдидаги асосий вазифа – Украинага ҳарбий жиҳатдан ёрдам бериш ва унинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш учун позицияларини мустаҳкамлаш.
Жанубий Кореяда вазият изга тушди
Жанубий Кореяда сиёсий инқирознинг кескин фазаси тугади. Мудофаа вазири Ким Ёнг Ҳён ҳарбий ҳолат жорий этилгани учун халқдан узр сўраб, 4 декабр куни истеъфога чиқди. Унинг баёноти президент Юн Сук Йолга нисбатан импичмент таҳдидлари фонида янгради.
Ким ўзининг ҳарбий ҳолат жорий этиш қарори учун тўлиқ жавобгар эканлигини билдирди. У бу қарорни ўзи президентга тавсия қилганини, бошқа ҳукумат аъзолари, жумладан, бош вазирнинг қатъий қаршилигига қарамай, амалга оширилганини тан олди.
«Қуролли кучларнинг барча ҳаракатлари менинг бошчилигимда амалга оширилган. Жанубий Корея халқидан келиб чиққан тартибсизликлар учун узр сўрайман», — деди Ким Ёнг Ҳён.
Бу орада мухолифатдаги партия ва халқ вакиллари ҳарбий диктатура ўрнатишга урингани учун президент Юн Сук Йолдан истеъфога чиқишни талаб қилишмоқда.
Россия КХДР ҳамкорлиги
Россиянинг Корея Халқ Демократик Республикасини ракеталар ва ядровий дастурларида қўллаб-қувватлаши БМТ санкцияларини бузмоқда. НАТО бош котиби Марк Рюттега кўра, бу ҳолат Корея яриморолидаги вазиятни беқарорлаштириши мумкин.
Рюттенинг таъкидлашича, Пёнгянг режими ракеталарини фақат НАТОнинг Жанубий Корея ва Япония каби минтақавий ҳамкорларига эмас, балки Европа ва ҳатто АҚШга қарши йўналтириши хавфи мавжуд.
КХДР ядровий қурол ишлаб чиқаргани учун халқаро санкциялар остида бўлиб, унга йиллик 500 минг баррел нефт сотиб олиш чекланган. Шунга қарамай, 2024 йилнинг март ойидан бошлаб Россия КХДРга 1 миллион баррелдан ортиқ нефт юборган.
Бундан ташқари, ғарб разведкасига кўра, КХДР ҳар йили Россияга тахминан 3 миллион снаряд етказиб беради.
Киевнинг маълумотларига кўра, Россияга Украинага қарши урушда иштирок этиш учун жўнатилган шимолий кореялик ҳарбийлар сони 12 минг кишигача етиши мумкин.
Гуржистонда мухолифатга қарши чоралар
Гуржистонда полиция мухолифат партиялари ва норозилик ҳаракатларига қарши ҳаракатларни кучайтирди. Бир неча мухолифат партияси, жумладан, «Ўзгаришлар коалицияси», «Дроа» ва «Гирчи — кўпроқ озодлик» офисларида тинтувлар ўтказилди.
Тинтувлар вақтида «Ўзгаришлар коалицияси» етакчиларидан бири Ника Гварамия қўлга олинди. ОАВ маълумотларига кўра, унинг қўлга олиниши вақтида калтаклангани ҳақида хабар қилинган. Шунингдек, Гела Хасая ҳам ҳибсга олинган.
Тбилисида ҳукуматнинг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни тўхтатишига қарши норозилик намойишлари кетма-кет олти кундан бери давом этмоқда. Полиция намойишчиларни тарқатиш учун сув пуркагичлар ва кўзни ёшлантирувчи газлардан фойдаланмоқда. Ҳозирга қадар 200 дан ортиқ намойишчи қўлга олинган.
Ҳукуматга қарши норозилик ҳаракатлари нафақат Тбилисида, балки Гуржистоннинг бошқа шаҳарларида, жумладан, Батуми ва Кутаисида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Қирғиз-Тожик чегараси белгилаб олинди
Қирғизистоннинг Боткен шаҳрида 4 декабр куни Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациялари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов учрашув ўтказишди.
Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги барча баҳсли участкалар бўйича келишувга эришилди ва чегарани тўлиқ тасвирлаб чиқиш якунланди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Икки мамлакатнинг ишчи гуруҳларига делимитация ишлари бўйича якуний ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини бошлаш топширилди.
Учрашув дўстона ва ўзаро тушуниш муҳитида ўтгани қайд этилмоқда. Шу билан Марказий Осиёда чегараларга оид сўнгги баҳсларга нуқта қўйилди, бу албатта қувонарли.
Мавзуга оид
13:18 / 23.12.2024
Оташкесимга яқин келган Ғазо, пулини ўзгартираётган Эрон ва немис журналистларига босимлар — кун дайжести
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:16 / 19.12.2024