6 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Президентнинг Бўстонлиқ туманига сафари, Дубайда полиция ушлаган ўзбекистонликлар, «Йўлдан кўтарилган зебра» учун янги йўл белгиси ва туркман гази бўйича янги келишувлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Президентнинг Бўстонлиқ туманига сафари
6 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев «Тошкент – Хўжакент» йўналишида янги электропоездни кўздан кечирди. Янги поезд кунига ҳар тарафга 3 марта қатнайди ва соатига 120 км тезликда ҳаракатланади. 586 ўриндиқли шинам вагонлар ёнғин хавфсизлиги тизими ва маълумот таблолари билан жиҳозланган.
Шунингдек, темирйўл инфратузилмасини ривожлантириш ва унинг атрофини реновация қилиш бўйича 2025 йилгача режалар белгиланди.
Поездга миниб Бўстонлиқ туманига борган президент Шавкат Мирзиёев туманда туризм салоҳиятини ошириш мақсадида қурилаётган «Чорвоқ дарвозаси» ва «Ugam River» мажмуалари билан танишди.
Ушбу мажмуа кунига 5 минг кишига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади. Бинолар қуёш панеллари билан жиҳозланади ва экологияга алоҳида эътибор берилади.
«Ugam River» лойиҳаси 1 трлн сўмлик сармоя билан амалга оширилмоқда. Бу маскан йилига 200 минг сайёҳни қабул қилади. Бошқа туманларда ҳам шундай мажмуалар лойиҳалаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент «Угам-1» кичик гидроэлектр станцияси билан танишди. Қуввати 1,48 мегаватт бўлган станция йилига 11,8 миллион kWh электр энергиясини ишлаб чиқаради ва 5 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлайди. 2030 йилга қадар ҳудудда 6 минг мегаватт қувватга эга ГЭСлар барпо этиш белгиланган.
Дубайда 9 нафар ўзбекистонлик ушланди
БААда 9 ўзбекистонлик қўлга олинди, улар билан алоқа узилган. 25 ноябр куни Дубайдаги ижара уйидан Ўзбекистон фуқаролари полиция томонидан олиб кетилган. Ҳозиргача ушланганлар билан ҳеч ким алоқага чиқа олмаяпти. Ўзбекистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги БААга нота юборган ва жавоб кутилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги ушланганлар сони 9 нафар эканини тасдиқлади. Дубайдаги консуллик масала бўйича адвокат ёллаган. Ҳолатнинг БААдаги исроиллик раввиннинг ўлдирилишига оид тергов билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли ўрганилмоқда.
Мурожаат қилганларнинг бири Дубайда ушланган укаси қонуний асосда ишлаётганини айтган. Аммо полиция томонидан ҳеч қандай расмий изоҳ берилмаган. Ўзбекистон консулхонаси муаммони ҳал этиш учун иш олиб бормоқда.
«Йўлдан кўтарилган зебра» йўл белгиси
Пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш учун янги йўл белгиси жорий этилади. Йўл ҳаракати қоидаларига «Баланд пиёдалар ўтиш жойи» деб номланган янги йўл белгиси киритилди. Белги пиёдалар хавфсизлигини ошириш учун аҳоли кўп бўладиган жойларда ўрнатилади.
Шаҳарлар ва аҳоли пунктлари кўчаларида, таълим муассасалари, болалар майдончалари, вокзаллар, бозорлар ва савдо марказлари, стадионлар ва юқори тезлик соатига 30 километргача белгиланган йўл участкаларида ушбу белги қўйилади.
Ички ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги 2025–2026 йилларда белгини ўрнатиш зарур бўлган жойларни рўйхатга олиш устида ишлайди. Янги қоида болалар, пиёдалар ва ҳайдовчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Туркман гази бўйича янги келишувлар
Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб беришни оширади. 5 ноябр куни Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқотида газ соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Томонлар туркман газини Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмини ошириш ва қўшма газ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишиб олди.
Шунингдек, мулоқотда Марказий Осиёдаги сув муаммосини халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этиш зарурлиги қайд этилди. Туркманистон бу масалада БМТ иштирокини муҳим деб ҳисоблайди. Ўзбекистон ва Туркманистон бу борадаги ёндашувлари ўхшашлигини тасдиқлади.
Октябр ойи охирида Туркманистон Россияга газ экспортини тўхтатгани маълум бўлганди, чунки “Туркменгаз” ва “Газпром” ўртасида нарх бўйича келишувга эришилмаган эди. Бу вақтда “TAPI” газ қувурининг Афғонистон орқали ўтказиш қисми қурилиши бошланди.
160 миллиард сўмлик ноқонуний электр ва газ
Ноябр ойида Ўзбекистонда 160 миллиард сўмлик газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. «Ўзэнергоинспекция» маълумотига кўра, 70 млрд сўмлик 24 млн метр куб газ ва 90 млрд сўмлик 38,6 млн kWh электр энергияси қонунбузарлик содир этилган ҳолда ишлатилган.
Қоидаларни бузиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича 876 та маъмурий иш расмийлаштирилди. Шунингдек, 4583 истеъмолчига энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича профилактика тадбирлари ўтказилган.
«Ҳудудгазтаъминот» маълум қилишича, ноябр ойида қарийб 3 минг марта табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати қайд этилган. Ушбу ҳолатлар бўйича 97,1 млрд сўмлик 42,4 млн метр куб газ ҳажми қайта ҳисобланган.
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш бўйича мутасаддилар тадбирларни кучайтиришда давом этмоқда.
Мавзуга оид
21:14
23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:16 / 20.12.2024
20 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:30 / 19.12.2024
19 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:10 / 18.12.2024