Ўзбекистон | 12:11 / 06.12.2024
2598
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда куз мавсуми одатдагидан бироз илиқроқ бўлди

Ўтган ноябр ойи одатдагидан иссиқроқ, лекин аввалги йилнинг ноябридан совуқроқ бўлди. Умуман олганда, 2024 йилнинг куз фасли нормадан бироз илиқроқ бўлди, дея қайд этди Ўзгидромет.

Фото: Kun.uz

Бу йил ноябр ойи одатдагидан 1,5−2 даража илиқроқ, бироқ Ўзбекистондаги метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг илиқ бўлган ўтган йилнинг ноябридан совуқроқ (3−4 даража) бўлди.

Ўзгидромет шарҳига кўра, 2024 йил ноябрида илиқ ва совуқ тўлқинлар алмашиб турди, бироқ илиқ тўлқинлар совуқ тўлқинларга нисбатан жадалроқ ва давомийроқ бўлди. Ой ўртасида энг сезиларли, аммо қисқа муддатли совуқ (4−5 даражага) кузатилди.

Кечаси ҳаво ҳарорати мамлакатнинг аксарият ҳудудларида 0…-4 даражагача, шимолда −6…−9 даражагача пасайди.

Энг юқори ҳаво ҳарорати ойнинг биринчи беш кунида кузатилди. Кундузи ҳаво +20…+25 даражагача, айрим жойларда +27, жанубда +29…+31 даражагача исиди.

Ноябр ойида ҳароратнинг максимал ва, айниқса, минимал қийматлари ўзининг экстремал қийматларидан узоқ бўлди, дея таъкидланади шарҳда.

Бу даврда ёмғир кам ёғди. Баъзи кунларда (5−6 ноябр, 13 ноябр, 20−21 ноябр, 30 ноябр) ёмғир сезиларли жадалликда кузатилди.

Чимён, Ойгаинг ва Кул метеостанциялари маълумотларига кўра, 5−6 ноябрда ёғиб ўтган ёғингарчилик кузатувлар тарихи учун рекорд бўлган.

Умуман олганда, ой учун ёғингарчилик миқдори меъёрдан 1,5−2 марта кўп бўлган, фақат шимоли-ғарбий ҳудудларда, чўл зонасида ва энг чекка жанубда тақчиллик юз берган.

2024 йилнинг куз мавсуми республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат тартиби бўйича меъёрга нисбатан бироз илиқ, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлди.

Мавзуга оид