Жаҳон | 23:06 / 06.12.2024
2961
3 дақиқада ўқилади

Венгрия разведкаси мамлакатга келган европалик амалдорлар ортидан кузатиб келгани маълум бўлди

Разведка ходимлари мамлакатга ташриф буюрган ЕИ амалдорлар ортидан жосуслик қилган, жумладан, уларнинг меҳмонхона номерларини тинтиган ва телефон суҳбатларини ёзиб олган.

Фото: Reuters

Венгрия Ахборот бюроси (ташқи разведка хизмати) мамлакатга ташриф буюрган европалик амалдорлар ортидан жосуслик қилган, жумладан, уларнинг меҳмонхона номерларини тинтиган ва телефон суҳбатларини ёзиб олган. Бу ҳақда Венгрия тергов маркази Direkt36 ва Белгиянинг De Tijd газетаси ҳамкорлигида ўтказилган ўрганишлар давомида маълум бўлди.

Қайд этилишича, асосан 2015 йилдан 2017 йилга қадар тўртта миссия доирасида Венгрияга келган Европа фирибгарликка қарши курашиш бўйича бошқармаси (OLAF) терговчилари ортидан жосуслик қилинган. Улар бош вазир Виктор Орбаннинг куёвига тегишли, қисман ЕИ ҳисобидан молиялаштирилган Elios компанияси иштирокидаги тендерлар ҳақида маълумотларни тўплаш билан шуғулланган.

Direkt36 и De Tijd манбаларига кўра, терговчилар телефон орқали кўп мулоқот қилган ва Венгрия разведкаси ушбу суҳбатларни ёзиб олган. Шунингдек, расмий ва шахсий учрашувлар давомида ҳам улар ортидан кузатувлар давом этган. Нашрнинг ёзишича, терговчиларнинг ўзлари кузатувда эканликларини пайқаган, шу боис уларга бундан хабардор эканликларини билдириб қўйиш мақсадида улар баъзида автомобилда айлана бўйлаб ҳаракатланиб турган.

Direkt36 манбасининг сўзларига кўра, шундай даврлар бўлганки, Венгрияга ташриф буюрган ЕИ дегацияларининг деярли барчаси кузатувга олинган. Бунда европалик амалдорларнинг меҳмонхона номерларини тинтиш, улар қолдириб кетган ноутбуклардан маълумотларни юклаб олиш каби усулларидан ҳам фойдаланилган.

Европадаги бир нечта амалдор Брюссел кузатувлар тўғрисида хабардор қилинганини тасдиқлаган. Шунингдек, бир ҳолатда венгриялик амалдорлар мамлакатга келган европалик ҳамкасбидан смартфони бор ёки йўқлигини бир неча бор сўрагани шубҳа уйғотган.

Журналистларнинг таъкидлашича, Венгрия разведкаси ЕИ институтлари ортидан кузатув учун жиддий ресурсларни 2012 йилда мамлакат бош вазири Виктор Орбанга яқин бўлган инсон — Янош Лазар бюро кураторига айланганидан кейин кўпроқ ажратишни бошлаган. Манбаларнинг қайд этишича, разведка ичида кузатувлар билан шуғулланувчи бутун бошли бўлинма яратилган.

Орбан офисининг матбуот хизмати бошлиғи Берталан Хаваси Politico’нинг сўровига жавобан офис «фейк янгиликлар билан ишламаслигини» билдирган.

Мавзуга оид