Ҳомсга юриш қилаётган исёнчилар, Россияга қарши санкциялар муҳокамаси ва Гуржистонга халқаро босим — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Суриядаги вазият
Сурия президенти Башар Асад режими Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ёрдамисиз бу режимга қарши исён кўтарганларнинг ҳужумларига дош беролмаслиги мумкин, деб хабар беради CNN.
Chatham House таҳлилчиси Нил Куилямнинг таъкидлашича, Москва исёнчиларнинг фаол ҳаракатларига қарамай, фақат минимал даражада қўллаб-қувватламоқда. Унинг фикрича, Россия қуролли кучлари Украинадаги уруш билан банд бўлгани сабабли Сурияда кенг кўламли аралашув эҳтимоли кам.
Бу орада Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўзининг элита бўлинмаларини Суриянинг Ҳомс шаҳрини ҳимоя қилиш учун сафарбар қилди. Reuters хабарига кўра, Ҳомс вилояти Эрондан Ливанга қурол ташиш учун стратегик аҳамиятга эга.
Ҳозирда исёнчилар Хомс яқинидаги асосий транспорт йўлакларини узишга ҳаракат қилмоқда. АҚШ қўлловидаги Сурия демократик кучлари Дайр-эз-Зур ва Абу-Камални эгаллаб, Эрондан қурол ташиш йўлини муваффақиятли тўсиб қўйди.
Дайр-аз-Зур ва Абу Камол шаҳарлари 2017 йил ноябр ойида Сурия режими кучларининг Россия авиацияси ва «Вагнер» ХҲК кўмагида ўтказган йирик ҳарбий амалиёти натижасида Башар Асад назорати остига ўтган эди.
Жанубдаги шаҳарларда Асад армиясининг аскарлари исёнчилар сафига ўтишда давом этмоқда. Иордания билан чегара пунктлари ҳам исёнчилар қўлига ўтган. Исроил Жўлан тепаликларида ўз иштирокини кучайтириб, исёнчилар фойдаланиши мумкин бўлган инфратузилма ва кимёвий қурол омборларини бомбардимон қилмоқда.
Дераа мухолифат назоратига ўтди
Суриянинг Иордания билан чегарада жойлашган Дераа шаҳрида мухолифат кучлари Башар Асад режими қўшинларини мағлубиятга учратиб, шаҳарни эгаллади. Улар жанубий вилоятдаги бир неча аҳоли пунктлари ва ҳарбий объектларни ҳам қўлга киритди.
Дераа — 2011 йилдаги Сурия фуқаролик урушида режимга қарши қўзғолонлар бошланган тарихий аҳамиятга эга вилоят. У ерда ўқувчилар томонидан мактаб деворига «Эй, доктор, энди сенинг навбатинг», деган шиор ёзилиши билан халқ қўзғолонлари бошланган эди. Бунда дипломи бўйича кўз доктори бўлган Башар Асадга ишора қилинган.
Асад режимига қарши исён кўтарганларнинг ҳозирги ҳаракатлари стратегик аҳамиятга эга бўлган йўлларни эгаллашга қаратилган. Улар Асад режимига қурол ва ёрдам ташиш йўлларини кесиб ўтишга ҳаракат қилмоқда.
Эрдўған Суриядаги жанглар ҳақида
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған исёнчи гуруҳлар, жумладан, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги коалициянинг Асад ҳукуматига қарши ҳужумини «мухолифат юриши» деб атади. Унинг таъкидлашича, исёнчиларнинг асосий мақсади — пойтахт Дамашққа етиб бориш.
Эрдўған Сурия президенти Башар Асадга вазиятни биргаликда ҳал этишни таклиф қилганини, аммо ижобий жавоб олмаганини маълум қилди.
«Биз Асадга мурожаат қилдик: «Келинг, Сурия тақдирини биргаликда ҳал қилайлик», дедик. Лекин ижобий жавоб олмадик», — деган Эрдўған.
27 ноябр куни исёнчилар Сурияда Асад ҳукумати ҳудудларига кенг кўламли юриш бошлади. Уч кун ичида Ҳалаб эгалланди, 5 декабр куни эса Ҳама шаҳри қўлга киритилди. Бу минтақа учун сўнгги тўрт йилдаги биринчи йирик можаро бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Асад ҳукумати ва исёнчи гуруҳлар Россия ҳамда Туркия воситачилигида отишмаларни тўхтатиш бўйича келишувга эришган эди. Сурияда 2011 йилдан бери давом этаётган фуқаролик урушида Россия Асадни, Туркия эса мухолифатни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Украина тинчликка тайёрми?
The Wall Street Journal маълумотига кўра, Киев тинчлик режаси орқали барқарор тинчликка эришишни кўзламоқда. Аммо Украина президенти девони раҳбари Андрий Ермак Вашингтонга ташрифи давомида тинчликнинг АҚШ ва Украина манфаатларига мос бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Ермак АҚШ президенти этиб сайланган Доналд Трамп жамоаси билан учрашди. У миллий хавфсизлик маслаҳатчиси лавозимига номзод Майк Уолц, Россия ва Украина бўйича махсус элчи Кит Келлог ва сайланган вице-президент Жей Ди Вэнс билан музокаралар ўтказди. Учрашувда тинчликка оид учта асосий таклиф муҳокама қилингани қайд этилмоқда.
Украина НАТОга қўшилишни асосий мақсадлардан бири деб белгилаган, аммо НАТОга аъзо 32 давлат орасида Киевни алянсга таклиф қилиш бўйича якдиллик йўқ. Трамп жамоаси ҳам яқин келажакда Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш эҳтимолини истисно қилди.
Шу билан бирга, Зеленский Украинанинг НАТОга қабул қилиниши босиб олинган ҳудудлар қайтарилмаган ҳолда амалга ошиши мумкин эмаслигини таъкидлаган. Киевнинг фикрича, дипломатик йўл орқали ҳудудларни қайтариш ҳамон устувор мақсад бўлиб қолмоқда.
Россияга қарши санкциялар таъсири
Ғарб санкциялари Россиянинг ҳарбий қудратига путур етказмоқда. «The Washington Post» нашрининг ёзишича, санкциялар Москва учун муҳим бўлган чиплар, датчиклар ва махсус электроникалар каби технологияларга киришни чекламоқда, бу эса Россиянинг қурол ишлаб чиқариш имкониятларини сезиларли даражада заифлаштирмоқда.
Санкциялар натижасида Россияда қурол-аслаҳалар сифати пасайган. Хусусан, юқори технологияли деталлар, масалан, танкларга мўлжалланган молекуляр мойлар ва дронлар учун компютерлашган ускуналар етишмаслиги кузатилмоқда.
Эрон дронларидаги Жанубий Корея двигателлари Хитойникига алмаштирилгани техник муаммоларга олиб келган. Россия йўқотишларни оммавий ишлаб чиқариш билан қоплашга уринмоқда, аммо бу 2025 йилга келиб танкларнинг танқислигига олиб келиши мумкин.
Экспертлар фикрига кўра, чекловлар Россиянинг ҳарбий саноатида узилишларга сабаб бўлиб, уруш жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин.
Бу орада Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчилари Россияга қарши санкцияларнинг 15-пакетини келиша олмади.
Санкциялар пакетининг қабул қилинишини иккита давлат блоклаган, аммо улар қайсилар эканига аниқлик киритилмаган. Янги пакет лойиҳаси Россия нефтини ташувчи танкерларга қарши санкцияларни ҳам ўз ичига олган.
Европа Иттифоқи АҚШга босим ўтказиб, Россиядан Европа мамлакатларига газ етказиб бериш учун тўловларда муҳим рол ўйнайдиган «Газпромбанк»ка қарши санкцияларни юмшатиш йўлларини топишни сўрамоқда.
Мунозаралар Европанинг айрим ҳукуматлари ва компаниялари «Газпромбанк»ка қарши санкциялар минтақага узлуксиз газ етказиб бериш учун хавф туғдириши ҳақида огоҳлантирганидан сўнг бошлаган.
Россия президенти Владимир Путин Россия гази учун тўловлар фақат «Газпромбанк» орқали амалга оширилиши ҳақидаги талабни бекор қилганидан бери мунозаралар давом этмоқда.
Гуржистонга халқаро босим
Европа Иттифоқи Гуржистон билан визасиз режимни бекор қилиши мумкин. Нидерландия ҳукумати ЕИ раҳбариятига Гуржистон билан визасиз режимни тўхтатиш таклифини киритди. Бу қарор Тбилисида норозилик намойишлари куч билан тарқатилганидан кейин қабул қилинган.
Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп Гуржистонда намойишчилар ва журналистларга қарши зўравонликни танқид қилиб, сиёсатчиларнинг ҳибсга олиниши номақбул эканини таъкидлади. Унинг ёзишича, Евроиттифоқ «Гуржистон орзуси» партиясининг юқори мартабали амалдорларига қарши қўлланган санкцияларни қўллаб-қувватлайди.
АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен ҳам Гуржистон ҳукуматини репрессия ва зўравонликларни тўхтатишга чақириб, демократик жараёнларга путур етказганлар жавобгарликка тортилиши мумкинлигини таъкидлади.
Шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленский 5 декабр куни Гуржистон ҳукуматининг 19 вакилига қарши санкциялар жорий этганини эълон қилди.
Мавзуга оид
13:18 / 23.12.2024
Оташкесимга яқин келган Ғазо, пулини ўзгартираётган Эрон ва немис журналистларига босимлар — кун дайжести
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:16 / 19.12.2024