Туркия ТИВ раҳбари: суриялик қочқинлар энди уйларига қайтиши мумкин
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан миллионлаб суриялик қочқинлар энди уйларига қайтиши мумкинлигини маълум қилди. Шунингдек, у мамлакатдаги давлат институтларини сақлаб қолишга чақирди.
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Қатар пойтахти Доҳада ўтказилган матбуот анжуманида Суриядаги вазият юзасидан баёнот берди.
«Туркия Суриянинг миллий бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига катта аҳамият беради», — дейди вазир.
Ҳоқон Фиданнинг таъкидлашича, Башар Асад режимининг қулаши суриялик қочқинларнинг ватанига қайтиши учун имкониятларни очади: «Ўз мамлакатини тарк этишга мажбур бўлган миллионлаб сурияликлар энди уйларига қайтишлари мумкин».
«Биз минтақа ва ундан ташқарида бўлган барча иштирокчиларни минтақани янада беқарорликка олиб келмаслик учун эҳтиёткорлик ва хотиржамлик билан ҳаракат қилишга чақирамиз», — дейди Туркия ТИВ раҳбари.
Дипломат, айниқса, террорчилик гуруҳлари вазиятдан фойдаланиб қолишининг олдини олиш зарурлигини қайд этди. «Биз ИШИД ва КИП ўз мақсадларида вазиятдан фойдаланиб қолмаслиги учун жуда эҳтиёт бўлиб ҳаракат қиламиз. Америкалик дўстларимиз билан алоқадамиз», — дея таъкидлайди Фидан.
Вазир давлат институтлари ва бирлашган мухолифат кучларини сақлаб қолиш зарурлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Туркия қўшни давлатлар билан биргаликда бор имкониятини ишга солиб, Сурияни қайта тиклашда янги адмистрация билан ишлашни давом эттиради.
Сурияда фуқаролик уруши 2011 йилда бошланган. Жанговар ҳаракатлар давомида 500 мингга яқин одам ўлдирилган, мамлакатнинг 23 миллионлик аҳолисининг қарийб ярми ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Ҳисоб-китобларга кўра, Туркия, Ливан ва Иорданияда 5,7 миллионга яқин суриялик қочқинлар бор.
Аввалроқ Россия ҳукумати Сурия собиқ президенти ва унинг оиласига инсонпарварлик нуқтаи назаридан бошпана тақдим этгани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга оид
17:10
Башар Асаднинг рафиқаси ажрашишга ариза берди — Haberturk
00:45
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
13:56 / 22.12.2024