Иқтисодиёт | 22:37 / 09.12.2024
3662
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЕИга божсиз экспорт имтиёзларини яна 10 йилга узайтиришни таклиф қилди

Ўзбекистон расмийлари Европа Иттифоқи билан музокараларда GSP+ савдо тизими бўйича преференцияларни 10 йилга узайтириш, божсиз экспорт қилинадиган товарлар қаторига янги узилган мева-сабзавотларни ҳам киритишни таклиф қилди. Шунингдек, прокатланган металл маҳсулотлари учун импорт квоталарни қайта кўриб чиқиш, ўзбек маҳсулотларини Европа стандартларига мослаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

4-5 кунлари Брюсселда Европа Иттифоқининг GSP+ (Generalised Scheme of Preferences) имтиёзлар тизимини амалга ошириш масалалари бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, йиғилишда Европа Иттифоқининг 28 та аъзо мамлакати ва биринчи марта Ўзбекистон ҳам иштирок этган. Мамлакат номидан тадбирда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) делегацияси қатнашган.

Учрашувда ўзбек делегацияси 2021 йилда GSP+ бенефициар мақомини олганидан буён амалга оширилган ишлар натижаларини тақдим этган. Таъкидланишича, ушбу давр мобайнида Европа Иттифоқига экспорт қарийб уч бараварга ошиб, 1,15 миллиард долларга етган. Шунингдек, 6,2 мингдан ортиқ имтиёзли товар туридан 1,1 мингга яқин маҳсулот, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик, электротехника ва кимё маҳсулотлари учун барқарор экспорт йўлга қўйилган.

«Ўзбекистоннинг улкан экспорт салоҳиятини инобатга олган ҳолда, делегация GSP+ доирасида имтиёзли товарлар рўйхатини янги узилган мевалар ва сабзавотлар билан кенгайтиришни таклиф қилди. Шунингдек, мавсумий экспорт квоталарини қайта кўриб чиқиб, уларнинг муддатини узайтиришни тавсия этди. Бу маҳсулотлар етказиб бериш барқарорлигини таъминлаб, Европа бозорида ўзбек товарларининг рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ИССВ вакиллари GSP+ имтиёзли режими амал қилиш муддатини яна 10 йилга узайтириш таклифи билан чиққан. Таъкидланишича, бу эришилган натижаларни мустаҳкамлаш ва Европа Иттифоқи билан узоқ муддатли иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун шароит яратади.

«Ташриф доирасида делегация Европа комиссиясининг савдо ва халқаро ҳамкорлик департаментлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Конструктив суҳбат давомида ўзбек товарларининг Европа бозорига кириш шартларини яхшилаш масалалари, жумладан, прокатланган металл маҳсулотлари учун импорт квоталарини қайта кўриб чиқиш ва ўзбек маҳсулотларини Европа стандартларига мослаштириш учун ЕИ томонидан техник кўмак жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид