10 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Метан тўлдириш шохобчаларига чекловлар ва савдоси кўпайтирилиши ваъда қилинган бензин, Ўзбекистондаги «яшил» энергия генераторлари, 37,5 миллиондан ошган аҳоли ва Миллий авиакомпаниядан талабалар учун чегирма — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Метан тўлдириш шохобчаларига чекловлар
Энергетика вазирлиги ҳаво ҳарорати кескин пасайиши сабабли айрим ҳудудларда метан газ қуйиш шохобчалари фаолияти вақтинчалик чекланишини маълум қилди.
Сўнгги кунларда совуқ ҳаво оқими туфайли республика бўйлаб табиий газ ва электр энергияси истеъмоли кескин ошиб, газ қувурларида босим пасайиши кузатилмоқда. Биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз газ билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.
Хуш, қандай чоралар кўрилмоқда?
Ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда метан заправкаларга чеклов киритилади. Вилоят ва туман ҳокимликлари расмий ахборот манбалари орқали янгиликларни етказиб боради. «Авто24» иловаси орқали ёнилғи қуйиш шохобчалари ҳақида онлайн маълумот олиш мумкин.
Энергетика вазирлиги аҳолини бундай чекловларни тушуниш билан қабул қилишга чақирди.
Айрим ҳудудларда газ заправкалар фаолиятига вақтинчалик чеклов киритилиши муносабати билан автобензинга бўлган талабни қондириш учун биржа савдоларига чиқариладиган ҳажм икки карра оширилади.
Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, барча ҳудудларда зарур миқдорда бензин захиралари яратилган.
Талаб ва таклифдан келиб чиқиб, автобензин ҳажмини янада ошириш имкони бор ва аҳолининг автобензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш давлат назоратига олинган.
Шунингдек, хусусий заправка станциялари эгаларидан нархларни сунъий оширмаслик ва сифатли бензин сотиш сўралган. Нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик учун ишчи гуруҳлар жойларда назоратни давом эттирмоқда.
Бандлик вазирлигида янги тайинловлар
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидовга янги ўринбосарлар тайинланди.
Вазирнинг биринчи ўринбосари этиб Зафар Азимов тайинланди. У бугунга қадар Халқ банки ва «Ўзсаноатқурилишбанк»да юқори лавозимларда ишлаган, шунингдек, Марказий банкда ҳам фаолият юритган.
Шунингдек, вазирнинг яна бир ўринбосари Алишер Муратов бўлди. У аввал Қишлоқ қурилиш банки бошқаруви раиси сифатида фаолият юритган, кейин эса Бизнесни ривожлантириш банкида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимига Ботир Зоҳидов 2024 йил сентябр ойида тайинланган эди. Вазирликдаги яна бир ўринбосар Раъно Турдибоева 2023 йилдан буён ўз вазифасини бажариб келмоқда.
Ўзбекистондаги «яшил» энергия генераторлари
Ўзбекистонда «яшил» энергия ривожланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда қайта тикланадиган энергия манбалари асосида электр энергияси ишлаб чиқариш сезиларли даражада ошди.
Халқаро компаниялар билан қуввати 20630 MW бўлган 38 та қуёш ва шамол электр станциясини қуриш бўйича шартномалар имзоланган. Бугунги кунда 7 та қуёш электр станцияси (1700 MW) ва 3 та шамол электр станцияси (900 MW) фаолият кўрсатмоқда.
Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 21 миллиард АҚШ долларидан ошиқ бўлиб, Саудия Арабистони, БАА, Франция ва Хитой компаниялари томонидан амалга оширилмоқда.
2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия манбаларида ишлаб чиқариладиган электр энергияси улуши 40 фоизга етиши кутилмоқда. Бу эса 15 миллиард куб метр табиий газ тежаш ва 21 миллион тонна зарарли газ чиқарилишининг олдини олиш имконини беради.
Ўзбекистон аҳолиси 37,5 миллиондан ошди
2024 йил 9 декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 37 млн 535 минг кишини ташкил қилди.
Шундан эркаклар — 18,9 миллионни, аёллар эса 18,6 миллионни ташкил этмоқда.
2024 йил 22 апрелда аҳоли сони 37 миллионга етган эди.
Ўзбекистонда айни пайтда 1 км кв ер майдонига ўртача 83,2 одам тўғри келади, бу ўтган йилга нисбатан 1,7 кишига кўпроқдир.
Миллий авиакомпаниядан талабалар учун чегирма
Uzbekistan Airways қишки таътил олдидан талабалар учун маҳаллий авиақатновлар чипталарига 50 фоизгача чегирма эълон қилди. Чегирма 2024 йил 23 декабрдан 2025 йил 7 январигача амал қилади.
Чипталарни компания сайти, агентлар ёки Uzbekistan Airways Sales филиалидан харид қилиш мумкин. Бунда ўқишни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, қишки таътил олий таълим, техникум, коллеж ва академик лицей талабалари учун 25 декабрдан 7 январгача давом этади.
Мавзуга оид
21:14
23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:16 / 20.12.2024
20 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:30 / 19.12.2024
19 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:10 / 18.12.2024