АҚШдаги шов-шувли қотилликни содир этишда гумонланган шахс қўлга олинди
McDonald's ресторани мижозларидан бири уни таниб қолиб, полицияга хабар берган.
26 ёшли Луиджи Манжионе Пенсилвания штати Алтуна шаҳридаги McDonald's ресторанида ушланган, унга UnitedHealthcare суғурта компанияси директори Брайан Томпсонни ўлдириш бўйича айблов эълон қилинган.
Томпсон ўтган ҳафтада Манҳэттендаги Hilton меҳмонхонаси яқинида отиб ўлдирилган, чоршанба кунидан буён гумондорни қидириш бўйича кенг кўламли амалиёт ўтказилаётганди.
Манжионе Ню Йоркдан 450 км ғарбда қўлга тушган, бу ерда уни тез тайёрланувчи таомлар ресторани мижозларидан бири таниб қолган.
Полиция маълумотига кўра, қўлга олиш чоғида унинг ёнида овоз сўндиргичга эга, 3D-принтерда чиқарилган тўппонча топилган, Ню Йоркдаги қотилликда айнан ундан фойдалангани тахмин қилинмоқда.
Аввалига Манжионе Пенсилвания судига келтирилган ва бешта банд бўйича, хусусан, ноқонуний қурол сақлаш бўйича айблов эълон қилинган, гаров эвазига озод этиш рад қилинган. Бир неча соат ўтиб Ню Йорк терговчилари унга қотиллик бўйича айблов эълон қилишган. Ҳозирда терговчилар унинг Брайан Томпсонга уюштирилган суиқасдга алоқадорлигини исботлаш учун иш олиб бормоқда.
Қўлга олинган шахс ҳақида нималар маълум?
Полицияга кўра, Луиджи Манжионе Мэриленд штати Балтимор шаҳрида туғилиб ўсган, бу ерда ўғил болалар учун ихтисослаштирилган Gilman School мактабида ўқиган, мактаб раҳбариятига кўра, у мактабни 2016 йилда аъло баҳоларга битирганди.
Шундан кейин у нуфузли Пенсилвания университетига ўқишга кирган, у сўнгги вақтларда Ҳавайи маркази Гонолулуда истиқомат қилиб келган.
Қўлга олиш чоғида унинг ёнидан ўқотар қурол ва шахсини тасдиқловчи айрим ҳужжатлар топилган — биттасида ҳақиқий исми-шарифи кўрсатилган, қолганлари сохта ҳужжатлар бўлган.
Хусусан, унинг ёнида Америка паспорти ва Ню Жерси штатида яшаши ҳақидаги сохта ҳужжат бўлган, у бундан қотиллик содир этилган жой яқинида, Ню Йоркдаги ҳостелда рўйхатдан ўтишда фойдаланган.
Полициячилар гумонланувчининг ёнидан чиққан тўппонча «арвоҳ-тўппонча» бўлиб, катта эҳтимол билан, «3D-принтерда тайёрлангани» ва 9 миллиметр калибрли патронлар билан отиши мумкинлигини айтишган.
«Арвоҳ-тўппончалар» интернет орқали буюртма қилинадиган деталлардан йиғилиб, рўйхатга олинмайди, деталларда серия номерлари бўлмаслиги туфайли амалда уларни кузатиб бўлмайди.
Шунингдек, полиция маълумотига кўра, унинг ёнида қўлда ёзилган «уч саҳифали манифест» бўлган, бу унинг «мотивлари ва хаёллари»ни ошкор қилади ва у афтидан «корпоратив Америкага нафрат ҳис қилгани»дан далолат беради. Полициячи ундан иккита иқтибос келтирган: «Бу паразитлар шундай йўл тутди» ҳамда «Ҳар қандай баҳс ва жароҳатлар учун кечирим сўрайман, аммо бу содир бўлиши керак эди».
Манжионенинг Linkedln профилида у янги ва минилган автомобиллар сотиладиган сайт ҳисобланган TrueCar’да маълумотларни қайта ишлаш бўйича муҳандис бўлиб ишлаши кўрсатилган.
Манжионенинг ижтимоий тармоқлардаги постлари у оиласи ва дўстлари билан алоқани узганидан дарак беради. X ижтимоий тармоғида Манжионе тег қилиб ёзилган постда унинг танишларидан бири шундай дейди: «Эй, сен яхшимисан? Бир неча ойдан буён сен ҳақда ҳеч ким эшитмайди, менимча оиланг сени қидирмоқда».
UnitedHealthcare раҳбари қандай ўлдирилганди?
Америкадаги UnitedHealthcare энг йирик тиббий суғурта компанияси (2023 йилда даромади 281 млрд долларни ташкил этган) директори, 50 ёшли Брайан Томпсон 4 декабр куни Ню Йорк марказида отиб кетилганди.
Полиция маълумотига кўра, ниқоб таққан гумонланувчи Томпсонни Манҳэттендаги Hilton меҳмонхонаси атрофида кутиб турган, шу куни бу ерда тадбиркор нутқ сўзлаши кўзда тутилган конференция ўтаётганди.
Томпсон меҳмонхонага яқинлашганида унга қарата бир неча бор ўқ узилган. Суғурта компанияси раҳбари бели ва оёғидан жароҳат олган, уни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган.
Полиция қотилни бир неча кундан бери қидириб келаётган, жиноятчи ҳақида маълумот берганларга 10 минг доллар ваъда қилинган эди.
Мавзуга оид
23:25 / 22.12.2024
Россияда сафар сумкаси ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
18:43 / 20.12.2024
Google Maps фотосурати Испаниядаги қотилликни очишга ёрдам бериши мумкин
16:51 / 16.12.2024
Конибодомда яна тўрт кишининг жасади топилди
20:01 / 13.12.2024