Нобел лауреатлари кичик Роберт Кеннедининг АҚШ ССВ раҳбари этиб тайинланишига қарши чиқди
Олимларнинг таъкидлашича, Доналд Трамп номзодини илгари сурган кичик Кеннеди тиббиёт, илм-фан ёки бошқарув соҳасида на таржибага ва на малакага эга.
Ўнлаб олимлар ва Нобел мукофоти лауреатлари АҚШ Сенатини кичик Роберт Кеннедининг соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари лавозимига тайинланишига қарши овоз беришга чақирди. Кимё, иқтисод, тиббиёт ва физика бўйича 77 нафар Нобел лауреати томонидан имзоланган очиқ хатни The New York Times газетаси эълон қилди.
Мурожаатда қайд этилишича, АҚШнинг янги президенти Доналд Трамп номзодини илгари сурган кичик Кеннеди тиббиёт, илм-фан ёки бошқарув соҳасида на таржибага ва на малакага эга.
Олимлар Кеннеди АҚШда вакцинацияга қарши бўлган, ичимлик сувни фторлаш усулларини танқид қиладиган, шунингдек, ОИТС ва бошқа касалликларни даволашнинг муваффақиятли усулларига оид фитна назарияларини тарқатиб келадиган энг машҳур инсонлардан бири эканини эслатиб ўтган.
Мактуб муаллифларининг ҳисоблашича, Кеннедининг тайинланиши соғлиқни сақлаш тизимини хавф остига қўяди ва Американинг илмий тадқиқотлар соҳасидаги глобал етакчилигига путур етказади.
Кичик Роберт Кеннеди — АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедининг жиянидир. 2023 йил октябрда у АҚШ президентлиги сайловларида мустақил номзод сифатида иштирок этишга қарор қилганди, аммо жорий йилнинг августида ўзининг сайловолди кампаниясини тўхтатиб, Доналд Трампни қўллаб-қувватлаган эди.
Сайловлардаги ғалабадан кейин Трамп Кеннедини Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари лавозимига илгари суриб, у «сурункали касалликлар эпидемиясига барҳам беришга ва Американи яна буюк ҳамда соғлом қилишга» қодир эканини маълум қилганди. Кеннедининг номзодини Сенат тасдиқлаши керак. Демократик партия вакиллари аллақачон унинг тайинланишига қарши чиқиш қилган.