Байден 39 кишини афв этиб, 1500 маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
АҚШ президенти Жо Байденнинг сўзларига кўра, жазонинг енгиллаштирилиши пандемия вақтида уй қамоғига ўтказилган ва «оиласига қайта қўшилиб кетишга муваффақ бўлган» шахсларга тааллуқли.
АҚШ президенти Жо Байден 39 кишини афв этди ва узоқ муддатга қамалган 1500 маҳбуснинг қамоқ жазосини енгиллаштирди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
«Америка имкониятлар ва иккинчи умид ваъдаси асосида қурилган. Мана, нима учун бугун мен реабилитациядан муваффақиятли ўтган ва ўз жамиятларини янада кучли ҳамда хавфсизроқ қилишга содиқлигини кўрсатган 39 кишини афв этаман. Шунингдек, мен узоқ муддатга ҳукм этилган қарийб 1500 маҳбуснинг қамоқ жазосини енгиллаштираман — уларнинг аксарияти бугунги қонунлар, сиёсат ва амалиётга мос ҳолда айбланганида енгилроқ жазо олган бўларди», — дейилади АҚШ президенти баёнотида.
Байденнинг сўзларига кўра, жазонинг енгиллаштирилиши пандемия вақтида уй қамоғига ўтказилган ва «оиласига қайта қўшилиб кетишга муваффақ бўлган» шахсларга тааллуқли. Афв этиш қарори эса зўравонлик жиноятини содир этмаганларга тегишли. Афв этилганларнинг исмлари ошкор этилмаган.
Associated Press Байденнинг қарорини замонавий тарихда бир кунда қабул қилинган энг йирик афв акти деб атамоқда. AP маълумотларига кўра, афв этилганлар орасида табиий офатлар вақтида тезкор чора кўриш гуруҳига раҳбарлик қилган аёл, гиёҳвандлик воситаларига қарамлик бўйича консултант бўлиб ишлаган черков руҳонийси, молекуляр биология соҳасидаги олим ва қуролли кучлар фахрийси ҳам бор.
Байденнинг айтишича, унинг администрацияси кечирим сўровларини кўриб чиқишда давом этади ва «яқин ҳафталарда янада кўпроқ қадамларни ташлайди».
Мавзуга оид
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
23:11 / 21.12.2024
АҚШ президенти ҳукумат ишини молиялаштиришни узайтирувчи қонунни имзолади
20:35 / 21.12.2024
Байден Тайванга 570 млн долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни буюрди
19:29 / 20.12.2024