Ўзбекистон | 21:28 / 13.12.2024
5018
5 дақиқада ўқилади

13 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Камбағалликдан чиқариладиган 1,2 миллион аҳоли, камбағал ёшлар учун грантда ўқиш имконияти, ногиронларни қўллаб-қувватлашда янги давр ва Ўзбекистонда жорий этиладиган ижтимоий карта — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

1,2 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилади

Президент раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва келгуси йил устувор вазифалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда келгуси йилда 1,2 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, касб-ҳунар, тиббиёт ва яшаш шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Президент бу йил амалга оширилган 34 муҳим янгиликка қўшимча 28 та янги ташаббусни эълон қилди. Камбағаллик юқори бўлган маҳаллаларда 1 мингта оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйиш топширилди. Боғча ўринларининг 15 фоизи камбағал оила фарзандлари учун ажратилади ва боғча тўлови қисман қопланади.

Камбағал оилалардаги 4 минг 200 болани боғча таълими билан қамраб олиш бўйича ҳудудий ҳокимларга вазифалар юклатилди.

Камбағал ёшлар учун грантда ўқиш имконияти

Шунингдек, камбағал оилалар фарзандларига қўшимча таълим имкониятлари яратиш масаласи муҳокама қилинди. 2025 йилда 3,5 минг ёш олийгоҳларга грант асосида қабул қилиниши қайд этилди.

Мутасаддиларга 1 мартгача тўгараклар очиб, 118 минг камбағал ёшни чет тили, IT ва касб-ҳунарга ўқитиш топширилди. Бу харажатларнинг 80 фоизи бюджетдан қопланади.

Олийгоҳ ректорлари эса жами 4 минг ёшни ўқитиш жараёнига бош-қош бўлади. Президент вазир Қ.Шариповга бу вазифаларни самарали бажариш учун аниқ топшириқлар берди.

Ногиронларни қўллаб-қувватлашда янги давр

Йиғилишда ногиронлиги бор шахслар билан ишлаш масалалари кўриб чиқилди. Жорий йилда ногиронлиги борлар сони Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарёда 10 фоизга ошгани, баъзи туманларда бу кўрсаткич 12 фоиздан юқори экани таъкидланди.

Республика бўйича 33 та туманда ногиронларни реабилитация қилиш қамрови 1 фоизга ҳам етмагани танқид қилинди. Шу сабабли, 2025 йилда реабилитация ишларини тубдан яхшилаш режаси белгиланди. Барча шифохоналарда реабилитация хизматлари йўлга қўйилади, 12 та марказда эрготерапия, физиотерапия ва гимнастика қамрови 5 баравар оширилади.

Қашқадарёда реабилитация тажрибаси йўлга қўйилади, 7 та тиббиёт олийгоҳида реабилитация кафедралари ташкил этилади. Корея ва Япониядан экспертлар маҳаллий мутахассислар малакасини оширади.

Реабилитация самараси ногиронларнинг ҳаракати ва мулоқот қобилияти яхшиланишига қараб баҳоланади. Бунинг учун шифокорларга устамалар берилади.

2025 йилда 80 минг муҳтож инсонга зарур протез воситалари етказиб берилади. Протез ва реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 30 тага, маблағи эса 1,5 баробарга оширилди.

Бундан ташқари, 1 январдан ногиронлиги бўлган ишчилар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланади. Корхоналарга сурдотаржимон, психолог ва кўзи ожизлар учун ҳамроҳлик хизматлари харажатлари учун 50 миллион сўмгача субсидия ажратилади.

Шунингдек, бундай шахсларни ишга жойлаган хусусий бандлик компанияларига 500 миллион сўмгача грантлар тақдим этилади. Бу компаниялар иш истаги бор одамларни аниқлаб, ўқитиб, корхона талабларига мослаштиради ва дастлабки 6 ой давомида ҳамроҳлик қилади.

Ўзбекистонда ижтимоий карта жорий этилади

Президент раислигидаги йиғилишда фуқароларнинг ижтимоий хизматлардан фойдаланишини енгиллаштириш мақсадида ижтимоий карта жорий этилиши маълум қилинди.

Ижтимоий карта орқали автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ, таълим харажатлари учун компенсация олиш мумкин бўлади. Шунингдек, нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага туширилади.

Ҳозирда 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун 10 дан ортиқ ҳужжат талаб этилади. Ижтимоий карта барча ҳужжатларнинг ўрнини босади.

Тизим 1 июлгача Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида синовдан ўтказилади. 2025 йил якунига қадар ижтимоий карта бутун мамлакат бўйлаб жорий этилади.

Вазир жамоатчилик фаолидан арз қилди

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи ва жамоатчилик фаоли Отабек Бакировнинг 2023 йил июнида ёзган танқидий пости бўйича прокуратура ва ички ишлар органларига шикоят аризаси топширди. Мирзамаҳмудов постда ўзига нисбатан ҳақорат ва обрўсизлантириш ҳолатлари борлигини таъкидлади.

Шикоятга Бакировнинг Сағбон подстанциясидаги авариялар ва таъмирлаш ишлари ҳақидаги пости сабаб бўлган. Иқтисодчининг қайд этишича, пост 1 йил-у 7 ой аввал ёзилган бўлиб, вазир аризасини 2024 йил октябр ойида тақдим этган. Шунингдек, Бакировнинг таъкидлашича, ариза вазир томонидан расмий тарзда берилган.

Шу билан бирга, Бакиров аризанинг «Lolazor» подкастида вазир иштирок этганидан 6 кун ўтиб киритилганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Сағбон подстанциясидаги муаммолар ёритилганидан кейин унинг маҳалласи электр таъминотини бошқа подстанциядан олмоқда.

Вазирнинг шикоят аризаси ҳозирда Тошкент ИИБ Киберхавфсизлик бўлинмаси томонидан ўрганилмоқда.

Мавзуга оид