Жаҳон | 00:33 / 13.12.2024
2765
3 дақиқада ўқилади

Финландия сафарбарликдан қочган россияликларга бошпана бермай қўйди

Россияда сафарбарликдан қочиб Финляндияга келган қочқинларга мамлакат ҳудудини ўз хоҳиши билан тарк этиш таклиф қилинмоқда.

Фото: ТАСС

Украинага қарши уруш бошланганидан кейин Финландияга қочиб кетган Россия фуқароларининг бошпана борасидаги сўровларига рад жавоблари кела бошлади, деб ёзади Satakieli. 

Initiative for Resistance and Dialogues (FoReDi) инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, бундай қочқинларга мамлакат ҳудудини ўз хоҳиши билан тарк этиш таклиф қилинмоқда. Нашрнинг аниқлашича, бу каби вазиятга камида етти киши дуч келган.

Рад жавоблари ноябр ойидан бошлаб келмоқда. Мамлакат миграция хизмати буни Россияда сафарбарлик деярли якунлангани ва бошпана изловчиларга ҳеч нарса таҳдид солмаётгани билан изоҳламоқда. Финландия ҳукумати РФ президенти Владимир Путин бу борадаги тегишли қарорни ҳозиргача имзоламаганини ҳам инобатга олмаяпти. Ушбу ҳужжат туфайли сафарбар қилинганлар фронтда номаълум муддатга қолмоқда, Кремл эса исталган вақтда ҳарбий хизматга чақирувни тиклаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолган.

Маълумотларга кўра, 2022 йил баҳордан бери Финландиядан сиёсий бошпана сўраб қарийб 1000 нафар Россия фуқароси ариза берган. FoReDi вакили Никита Кириллов миграция хизматининг 2024 йилги ижобий қарорларини таҳлил қилиб, уларнинг ҳеч бири фронтга мажбурий юборилиш хавфи сабаб қабул қилинмаганини аниқлади. Ҳуқуқ ҳимоячисининг таъкидлашича, ҳозирда Финландияда 500 га яқин инсон бошпана сўраб мурожаат қилган ва улар ўз аризаларида асосий сабаб сифатида сафарбарлик хавфини келтирган. «Уларнинг 30 фоизга яқини ҳатто биринчи суҳбатдан ўта олмади, 60-70 фоизи ҳамон кўриб чиқилиш жараёнида», — дейди Кириллов.

Унинг сўзларига кўра, миграция хизмати асосан россияликларнинг сиёсий ва профессионал фаолият билан боғлиқ бошпана сўровларини қаноатлантирмоқда. Дастлабки 1000 аризачидан тахминан учдан бир қисми Финляндия ўқиш ёки ишчи виза билан қолиш йўлини топган. Айримлар ўз аризаларини қайтариб олиб, Россияга қайтган ёки бошқа давлатга ўтиб кетган.

Россияда сафарбарлик 2022 йил 21 сентябрдан 28 октябрга қадар бўлиб ўтди. Мудофаа вазирлиги якунда армияга 302,5 минг киши жалб этилганини маълум қилди. Резервдагиларнинг ўртача ёши 35 ни ташкил этмоқда. Ҳарбий хизматга чақирилганларнинг 56,3 фоизи фарзандли.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский уруш бошланганидан бери Россия 198 минг аскаридан айрилгани, 550 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси яралангани ҳақида гапирган эди.

Мавзуга оид