Жаҳон | 14:24 / 13.12.2024
1825
4 дақиқада ўқилади

Германия Украинанинг 2,6 млн аҳолисини иссиқлик ва электр билан таъминлайди

Жорий қиш мавсумида Германия пулига 26 та кўчма қозонхона, 24 та трансформатор, тўртта гибрид генератор ва 33 та ёқилғи гранулаларида ишловчи қозон сотиб олинади.

Фото: Thomas Koehler/BMZ/IMAGO

Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги (BMZ) Украинага 90 миллион евролик ёрдамнинг «қишки пакети»ни тайёрлади. Унинг шарофати билан мамлакатнинг 2,6 миллионга яқин аҳолиси қишда иссиқлик ва электрга эга бўлади, дея маълум қилди идора бошлиғи Свеня Шулце 12 декабр, пайшанба куни Украинага ташрифи чоғида.

Украина учун трансформаторлар, қозонхоналар ва генераторлар

BMZ ҳисоботида айтилишича, Бундестагнинг бюджет қўмитаси сентябр ойида «қишки пакет» учун 70 миллион евро ажратишни маъқуллаган. Вазирлик қайта тақсимланган маблағдан яна 20 миллион топди. Бу маблағга 26 та кўчма қозонхона, 24 та трансформатор, тўртта гибрид генератор ва 33 дона ёқилғи гранулаларида ишловчи қозон сотиб олинади. Бу Украинадаги 2,6 миллион аҳолини иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлайди. 130 минг кишига мўлжалланган Украинанинг фронтга яқин минтақаларида мактаб ошхоналари ва новвойхоналар фаолияти ҳам молиялаштирилади.

Шулце Миколайив областида ўрнатиладиган кўчма иссиқлик электр станцияларидан бирини шахсан кўздан кечирди. У 13 минг аҳоли истиқомат қиладиган 70 га яқин кўп қаватли уйни, шунингдек, шифохоналар, мактаблар ва болалар боғчаларини электр энергияси билан таъминлайди.

Шулце «Укрэнерго» вакиллари билан биргаликда Киев шимолидаги электр подстанциясига ташриф буюрди. Компаниянинг таъкидлашича, Россиянинг ўққа тутиши туфайли Украина энергетика инфратузилмасининг ярмига яқини аллақачон шикастланган ва вайрон қилинган. Шулце иштирокида Украина томонига электр узатиш линияларини таъмирлаш учун кўтарувчи платформалар берилди. «Укрэнерго» раҳбарларининг фикрича, улар муаммоларни тезда ҳал қилишга имкон беради.

Шолц немис компанияларини Украинага сармоя киритишга чақирди

Германия канцлери Олаф Шолц 11 декабр куни Берлинда Германия-Украина иқтисодий форумини очар экан, немис компанияларини Украинага кўпроқ сармоя киритишга чақирди. «Агар сиз бугун ва келгуси йилларда Украинага сармоя киритсангиз, демак, сиз Европа Иттифоқининг бўлажак аъзосига инвестиция киритган бўласиз», деди Шолц. У Германия ва Украина ўртасидаги биринчи қўшма корхоналар мудофаа саноатида аллақачон пайдо бўлганини қўшимча қилди. «Менимча, бу динамик равишда давом этиши керак», деди Шолц.

Канцлернинг сўзларига кўра, урушдан кейин Европа Украинадаги иқтисодий ўсиш суръатлари ва ривожланиш имкониятларини кўради, «бу илгари фақат сўнгги йигирма йил ичида Европа Иттифоқига қўшилган Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларида кузатилганди». Германия иқтисодиёти ушбу муваффақият тарихида катта рол ўйнади ва улардан фойда кўрди, деб давом этди Шолц. «Мен Украинага нисбатан ҳам шунга ўхшаш нарсани хоҳлайман», деб хулоса қилди канцлер.

Ҳаммаси бўлиб, унинг сўзларига кўра, Украинада 2000 га яқин немис компанияси ишлайди. «Уларнинг кўпчилиги қўшимча сармоя киритишни режалаштирмоқда. Сиз мамлакатни қайта тиклашга ёрдам беряпсиз», — деди Шолц. Канцлер Украинанинг ЕИга қўшилишидан олдин ҳали кўп йўл босиб ўтиши кераклигини таъкидлади. Бироқ, бу жараён «Украина нафақат маданий ва сиёсий жиҳатдан Европага тегишли эканлигига, балки Европа Иттифоқига аъзо давлат бўлишига – ундан келиб чиқадиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишига ишонч пайдо қилади».

Мавзуга оид